Линклар

Пан Ги Мун келгуси ҳафтада Мьянмага сафар қилиши кутилмоқда


БМТ бош котиби матбуот вакили маълум қилишича, Пан Ги Мун чоршанба куни табиий офатдан азият чеккан ҳудудларни кўздан кечиради. Айни вақтда мамлакат расмий телевидениеси хунта етакчиси генерал Тан Шви ҳам “Наргиз” циклони ёпирилганидан кейин илк бор ушбу ҳудудда бўлганини хабар қилмоқда.

Тан Шви анча вақтдан буён Пан Ги Муннинг фалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича мулоқот таклифи ҳамда халқаро ёрдамни рад этиб келди. Ёрдам таклифи билан хунтага мурожаат қилган Болаларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти тахминича, фалокатдан энг кўп азият чеккан минглаб болаларга биринчи ёрдам етиб бормаса, улар ҳалок бўлиши мумкин.

“Ҳисобимизга кўра, ушбу ҳудудда фалокатдан жабрланган одамларнинг 40 фоизи болалардир. Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, 30 мингга яқин бола очликдан азоб чекмоқда”,- деди халқаро ташкилот матбуот вакили Жасмин Вайтбрид.

Расмий маълумотларга кўра, табиий фалокат оқибатида 78 минг одам нобуд бўлган, 56 мингга яқини бедарак йўқолган. 2 май куни “Наргиз” циклони оқибатида жароҳатланган, жабрланган минглаб аҳоли эса ҳануз биринчи ёрдамга муҳтожлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG