Линклар

Ўзбекистонда терроризм ва миссионерлик бир сафга қўйилди

  • Фаррух Юсуфий

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:uCbLxmF4iDSbrM:http://www.firstpresb.org/images/missions1c.gif Ўтган жума куни Ўзбекистон телевидениесида насроний миссионерларни қораловчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. “Жаҳолат чангалида” номли фильмда “Иегова гувоҳлари”, “Тўлиқ инжил черкови” ва “Фаровонлик” каби оқимларнинг миссионерлик фаолияти диний ақидапарастлик, фундаментализм, терроризм ва наркомания каби глобал муаммолардан бирига айлангани ҳақида гапирилади.

Миссионерлар ўзбекларнинг асрлар давомида эътиқод қилиб келган Ислом динига путур етказаётгани ва мусулмон йигит-қизларни ўз оқимларига жалб қилаётганидан ташвиш билдирган фильм муаллифлари ва унда қатнашган диншунос олимлар, мазкур муаммо жиддий қабул қилинмас экан, унинг Ўзбекистон учун Украинада рўй берган “зарғалдоқ инқилоб” каби оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди.

Ўзбекистонда проселитизм, яъни миссионерлик қонунан тақиқланган, лекин уни террорчилик ёки наркомания билан қиёслаш қанчалик ўринли?

“Жаҳолат чангалида” фильми иштирокчиларидан бири, Тошкент Ислом университети аспиранти Жасур Нажмиддинов “Озодлик” билан суҳбатда миссонерликнинг долзарблиги терроризм ва наркомания муаммоларидан қолишмаслигини асослашга ҳаракат қилди.

“Таҳдидлар очиқ ва яширин бўлади. Масалан, терроризм ва наркомания очиқ таҳдидлар ҳисобланади. Улар ҳамманинг кўзига кўринаëтган таҳдид. Миссионерлик Европа давлатлари учун таҳдид бўлмаслиги мумкин. Чунки Европа одамлари анъанавий христиан динига эътиқод қилади. Улар ўз эътиқодини билади. Улар хоҳлашса бошқа сектага аъзо бўлиши мумкин. Ўзбекистон умуман бошқа дунë. Бу анъанавий ислом юрти. Бу ерда аҳолининг 90 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Бундан ташқари, бу ерда анъанавий православ оқими вакиллари бор. Мана шу шароитда миссионерларнинг бу ëққа кириб келиши жамиятни парокандаликка олиб келиши мумкин. Дейлик, ўзбек хонадонини олиб қарайдиган бўлсак, қайсидир фарзанд ëки қариндошимиз бошқа динга ўтиб кетса, хонадон аъзолари бунга ҳеч қачон чидай олмайди”,- деди Ж.Нажмиддинов.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳам насроний динининг турли оқимларига мансуб миссионерлар ўзбекистонликларни Ислом динидан чиқариб олаётгани ўта ташвишли ҳол эканини таъкидлади.

Лекин “Жаҳолат чангалида” фильми муаллифларидан фарқли ўлароқ, қори домла мусулмонлар насроний миссионерларга эргашишининг асосий сабабчиси ҳукуматнинг сиёсати эканини айтади.

“Биз аҳамият беришимиз керак бўлган муҳим нуқта - бу ҳолатлар ва ҳодисаларнинг асл сабабчиси ҳукуматнинг ўзи. Яъни мусулмонлар мамлакатида мана шундай ҳодиса содир бўлаëтган экан, бу давлат сиëсатининг маҳсули, натижаси. Чунки давлат мусулмонларни ўз ҳолига қўяëтгани йўқ. Соқол қўйгани, рўмол ўрагани учун одамлар камида ишдан ҳайдалади, ўқишдан ҳайдалади. Оддий мусулмонлик талабларини бажаришдан халқ қўрқиб қолган. Кўпгина ота-оналар болаларини ҳукуматдан қўрққани учун намоз ўқитмайди, масжидга юбормайди. Аслида улар ҳам мусулмон. Улар ҳам хоҳлайди, лекин қўрқув шу даражада. Кейин миссионерлар келади ва ўз динини тарғиб қилади ва одамларда шундай тушунча ҳосил бўлганини эшитяпмизки, бу мусулмонлик шунақа бир даҳшатли дин, хавотирли дин, қўрқинчли дин, бунга кирмасанг қамаласан, ўлдириласан, қийноққа солинасан. Ундан кўра мана бу динга киргин, деган тарғиботлар, таклифлар бўляпти. Одамлар шу нарсага кўняпти. Чунки одамзод бир нарсага ишониб сиғиниши керак. Инсоннинг қалби динга, эътиқодга муҳтож. Агар инсонда ота-бобосининг дини бўлган динга йўл қолмайдиган бўлса, нима бўлса ҳам у ҳам Худо деяпти-ку, деб бошқа динларга кириб, ўзининг диний эҳтиëжларини қондиришга мажбур бўляпти. Бунинг сабаби ҳукумат сиëсати. Ҳукумат одамларни ўз ҳолига қўймаëтганидан ана шундай ҳолат келиб чиқяпти”,- дейди таниқли уламо.

Диний эркинликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган “Форум 18” ташкилоти раҳбари Жон Киннахан одамларнинг эътиқод эркинлигини террорчилик ва наркомания билан қиёслаш куракда турмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, деб давом этади кузатувчи, ўзбек қамоқларида ўн минглаб мусулмонлар қийноққа солинаётгани вазиятида расмий телевидениеда “мусулмонларни қора кучлардан ҳимоя” қилиш ҳақида гапириш беадабликдан бошқа нарса эмас.

“Ўзбекистон ҳукумати оддий мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилганида жуда хайрли иш бўларди. Ўзбекистонликларнинг дин ва эътиқод эркинликлари ҳурмат қилиниши лозим, албатта. Лекин Ўзбекистон ҳукумати на мусулмон ва на бошқа дин вакилларининг ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатади”,- дейди Жон Киннахан.

“Жаҳолат чангалида” фильми муаллифлари “Форум 18” ва бошқа шунга ўхшаш ташкилотлар танқиди асоссиз, деган ишончда.

“Биз виждон эркинлигини тан оляпмиз, ҳар битта одамнинг дин танлаш ҳуқуқини тан оляпмиз. Хоҳламаса ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини ҳам тан оляпмиз. Лекин охирида буларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиляпмиз биз. Биз бу ерда демократиядан чиқмаяпмиз. Уларнинг танловини ҳимоя қиляпмиз, яъни уларнинг диний қарашларини бузиб бошқа динни сингдиришларига йўл қўймаймиз”,- дейди диншунос олим Жасур Нажмиддинов.

Обидхон қори бу гапларни совет ташвиқотига қиёслайди.

“Совет Иттифоқи даврида худди шундай ташвиқот бўларди. Масжидлар бор, бизни динимиз бор, бизни йўлимиз бор, бизга ақл ўргатманглар, деган. Лекин бир пайтнинг ўзида динга қарши кураш ҳам бўларди. Ҳозир ҳам шу аҳвол. Фақат унинг сурати ўзгарган, холос”,- дейди Обидхон қори.

Ҳужжатли фильмда миссионерлар Украинадаги “зарғалдоқ инқилоб”да айбдор топилган. Ўзбекистонлик диншунос бу фикрни янада ривожлантириб, миссионерларнинг Андижон воқеаларига ҳам алоқадор бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Украинада “зарғалдоқ инқилоб” бўлган пайтда, тасдиқланган маълумотлар йўғ-у, лекин ўша ердаги 70 фоиз инқилобчилар протестантлар бўлган. Юшченко президент бўлди. У АҚШ тарафдори. Ҳозир НАТОга қўшилмоқчи, МДҲдан чиқаман, деяпти. Секин-секин Ўзбекистонга ҳам шу нарсани олиб келишмоқчи. Ўзбекистонда ҳам шунақа ҳаракатлар бўлди. Андижон воқеаларини сабаб қилиб бизга қанча санкциялар ўтказмоқчи бўлишди, қанча босим ўтказмоқчи бўлишди. Миссионерлик ҳам шунинг бир услуби”,- деди Жасур Нажмиддинов.
XS
SM
MD
LG