Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:36

“Бирлик” йиғилиш ўтказди


Якшанба куни Тошкентда мухолифатдаги “Бирлик халқ ҳаракати” партияси Марказий кенгаши йиғилиши бўлди. Лекин партиянинг муҳим йиғилишига вилоятлардан вакиллар етиб кела олмади.

“Бирлик” бош котиби Васила Иноятованинг “Озодлик”ка айтишича, Марказий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида партия фаолиятини жонлантириш, партия қурултойи олдидан вилоят конференцияларини ўтказиш ва қурултойга тайёргарлик кўриш каби масалалар муҳокама қилинган.

Лекин милиция ходимлари тўсқинликлари сабабли вилоятлардан аксарият вакиллар йиғилишга етиб кела олмади.

“Биринчидан, менинг юриш имкониятим чекланган. Қўлимда паспортим бўлмагани учун ҳатто тумандан ҳам чиқаришмаяпти. 4 май куни Тошкентга бораëтганимда мени ушлаб қайтариб юборишди. 5 май куни яна йўлга чиқиб кетаëтган эдим, яна чегара постида ушлаб яшайдиган жойимга қайтариб юборишди”,- дейди “Бирлик” раҳбаридан бири, андижонлик Пўлат Охунов.

Қўқонлик Ҳамдам Сулаймонов ҳам куч ишлатиш идоралари томонидан уйдан чиқмаслик тўғрисида огоҳлантирилган. Шунингдек, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразмдан ҳам келадиган вакилларга йўл берилмади.

В.Иноятова шундай шароитда йиғилиш телефонда телеконференция шаклида ўтказилгани, Европадаги, АҚШдаги, вилоятлардаги барча фаоллар билан суҳбатлашилганини маълум қилди.

“Бирлик” партияси шу йил қурултой ўтказмоқчи ва бу ҳақда йиғилишда келишиб ҳам олинди. Хўш, партия фаоллари уйларидан чиқарилмаётган ёки эркин юришига йўл қўйилмаётган бир шароитда қурултой ўтказилишининг қанчалик имконияти бор?

“Мана, бу гал ҳам кўпчилик шубҳа билан қараяпти. Лекин агар интилиш бўлса, шу нарсага принципиал нуқтаи-назардан ëндашилса, албатта, қурултойни қилса бўлади. Чунки партиямизнинг ҳужжатлари ҳали-ҳануз Адлия вазирлигида турибди. Демак, бизнинг принципиал вазифаларимиз ҳукумат идораларига таниш. Шунинг учун улар биздан душманлик қидириши жуда ҳам нотўғри. Булар буни жуда яхши билади. Лекин 2003 йилда ҳам, ундан олдин ҳам бугунги режимнинг сиëсати ўзгармаган. Қурултойга тўртта одам келишидан чўчиган ҳукумат, албатта, унинг ўтказилишига қарши чиқади. Лекин биз уни ўтказишга ҳаракат қиламиз. Бу қурултойни оптимистик руҳда ўтказишимиз керак, деб ҳисоблаймиз”,- дейди Васила Иноятова.
XS
SM
MD
LG