Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:33

Бердимуҳаммедов эски гина-кудратни унутиш ниятида


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Озарбойжонга расмий ташрифини бошлади. Бу Туркманистон давлат раҳбарининг 1996 йилдан буён Озарбойжонга қилган биринчи ташрифидир.

Қ.Бердимуҳаммедовнинг Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан Бокуда бўладиган учрашуви катта воқеа ўлароқ баҳоланмоқда. Чунки бу учрашувда давлатлар етакчилари Европани Россияга газ бўйича қарамликдан қутқариши кутилаётган “Набукко” ҳамда транскаспий газ қувурлари ҳақида сўзлашади.

Бундай газ узатиш тармоқлари ҳақида сўнгги қарийб 10 йилдан буён гапириб келинган, аммо Ашхобод ва Боку ўртасидаги совуқ муносабатлар боис, гаплар гаплигича қолаётган эди. Каспий ҳавзасидаги бошқа давлатлар – Россия, Эрон ва Қозоғистон раҳбарларидан фарқли равишда айнан шу икки давлатнинг собиқ етакчилари ўртасидаги салом-алик ҳам деярли йўқ даражада эди.

“Икки давлатни бир-биридан итариб турган бир жиҳат шунда эдики, собиқ президентлар Сапармурод Ниёзов ва Ҳайдар Алиев, таъбир жоиз бўлса, собиқ иттифоқ тизимидан қолган эски кадрлар эди ва бир-бирига тоқат қила олмасди,- дейди Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти таҳлилчиси Жон МакЛеод. - Алиев жуда қатъиятли одам эди. Ниёзов эса аксинча, айтиш мумкин, ғайритабиий одам эди. Бу икки етакчи ўртасидаги душманлик кайфияти эса охир-оқибат икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг тўхтатишига олиб келганди”.

Икки давлат ўртасида алоқалар тикланишидан дарак тариқасида Бокуда ўтаётган музокараларда эса Каспий денгизидаги айрим газ манбаларига баҳсли бўлиб қолаётган эгалик масаласи ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда. Томонлар ўртасида шу баҳслар ҳам муносабатларнинг совуқлашишига сабаб бўлган эди.

Германияда яшаётган туркманистонлик собиқ дипломат Чори Ихониёзов ҳозир ўзаро муносабатларни тиклайдиган ва Каспийдаги газ захиралари масаласидаги муаммоларни ҳал қиладиган палла эканини билдирди.

“Мутлақо тушунарлики, бу ерда гап кичик суммалар эмас, балки миллионлаб долларни ташкил қиладиган катта маблағ ҳақида бормоқда. Чунки биз нефть манбалари ҳақида гапиряпмиз. Агар биз эгалик масаласини бугун ҳал қилмасак, эртага уни ҳал қилиш яна-да оғирроқ бўлади”,- деди собиқ дипломат.

Ҳар икки давлатда раҳбар алмашгани энг камида бу муаммоларни ҳал қилиши имкони туғилганидан дарак сифатида баҳоланмоқда. Қурбонқули Бердимуҳамемдов 2006 ва Илҳом Алиев эса 2003 йилдан буён яқин ўтмишдан мерос нохуш тажрибалар унутилишини, муаммолар ҳал қилинишини гапирмоқда.

Шу маънода Бокудаги учрашувларга тайёргарлик учун икки томонда ҳам етарлича вақт бўлган.

“2008 йил ҳисобига икки давлат ўртасида алоқалар анча ўсди. Бир неча учрашувлар, масалан, иқтисодий комиссиялар, вазирлар ва вазирлар ўринбонсарлари ўртасида учрашувлар бўлди. Озарбойжон 1990 йиллар аввалида ёнилғи тўловлари бўйича Туркманистондан қарз бўлиб қолган эди. Ҳозир ана шу масала ҳал қилинди, қарзнинг қанчадир қисми тўланадиган бўлди. Ҳозир улар сармоя масалалари устида ҳам сўзлашмоқда. Бу ҳақда ҳам Бўку учрашувлари чоғида ҳужжат имзоланиши кутилмоқда. Яна ҳам муҳими, бу ерда яна ҳозирча тафсилотлари ошкор қилинмаётган яна бир муҳим, икки томонлама келишув имзоланиши мумкин, хабарларга қараганда”, дейди Лондондаги Уруш ва тинчликни ёртиши институти таҳлилчиси Жон МакЛеод.

Шу тариқа, Бокуда ўтаётган Туркманистон ва Озарбойжон президентлари учрашуви нафақат икки давлат, нафақат МДҲ, балки нефть ва газ нархининг ошиб боришидан ташвишда қолган барча давлатлар сиёсатчилари диққат марказида турибди. Чунки газ захираларига бой Туркманистон жаҳон бозорларидаги нархни белгилаб берадиган асосий газ қувурларига ҳали уланмаган.
XS
SM
MD
LG