Линклар

Собиқ исёнчи қайта суд қилинди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Олий ҳарбий суди коллегияси исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев гуруҳининг сўнгги беш йил давомида қамоқ жазосини ўтаётган аъзоларидан бири Эркин Пўлатов ишини қайта кўриб чиқди ва уни энг оғир жиноятлар содир этганликда айблади.

Олий ҳарбий суд судьяси Абдужаббор Қодировнинг билдиришича,Эркин Пўлатов Маҳмуд Худойбердиев армияси жангчиларидан бири бўлган. У мамлакатдаги ички низолар чоғида Қўрғонтепа шаҳрида кўплаб жиноятлар содир этганликда айбланиб, 2001 йилда қўлга олинган. Суд жараёнида ўз айбига тўла иқрор бўлган Э.Пўлатовга ўлим жазоси тайинланган. Бироқ 2005 йилда Тожикистон Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани сабабли бу жазо 25 йиллик қамоқ билан алмаштирилган.

“Беш йилдан буён қамоқ жазосини ўтаётган Э.Пўлатов 1993-98 йилларда Маҳмуд Худойбердиев буйруғи билан конституциявий тузум тарафдорлари бўлган “Халқ фронти”нинг ўнга яқин аъзосини шахсан отиб ташлаганини маълум қилган. Шундан сўнг унинг устидан янги жиноят иши очилди. Тергов чоғида у гуноҳларига тўла иқрор бўлди. Бундан ташқари, у 1997 йилда Маҳмуд Худойбердиев бошчилигида давлат тўнтаришига уринишда ҳам қатнашганини тан олди”,- деди А.Қодиров.

Судьянинг айтишича, икки ойдан ортиқ давом этган суд жараёнида Э.Пўлатовнинг жиноятлари тўла исботланган бўлса-да, унга белгиланган 25 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолган. Чунки амалдаги Жиноят кодексига биноан жазо муддатини ўтаётган маҳбуснинг қамоқ жазоси узайтирилиши мумкин эмас.

А.Қодировнинг сўзларига кўра, “Халқ фронти” аъзоларини қатл этиш билан бирга Э.Пўлатов Қўрғонтепа шаҳрининг Ургут маҳалласида истиқомат қилган икки ўзбекнинг ҳаётига ҳам зомин бўлган ва суд жараёнида бу айбларини ҳам бўйнига олган.

Қайд этиш жоизки, айни вақтда Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоларидан бўлган хатлонлик 30 кишига қидирув эълон қилинган. Сўнгги икки йил давомида исёнчи полковникнинг собиқ жангчиларидан 10 нафари ўз бошлиғининг буйруғи билан қотиллик содир этганликда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG