Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:44

Парламент сайлови Грузиядаги сиёсий парокандаликка чек қўядими?


Грузияда 21 май куни парламент сайлови ўтказилади. 3,5 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга сайловда 12 партиядан номзодлар қатнашмоқда. 150 ўринли парламентдаги аксарият ўринни президент Михаил Саакашвили бошчилигидаги Бирлашган миллий ҳаракат вакиллари эгаллаши кутиляпти.

Таҳлилчилар Грузиянинг янги сайланадиган парламенти аъзолари президент Михаил Саакашвили билан бирга ишлай оладими, деган савол устида бош қотирмоқда.

АҚШдаги Жон Ҳопкинс университетининг Марказий Осиё-Кавказ бўлими раҳбари Сванте Корнелл “Озодлик” мухбири билан суҳбатда вазиятни изоҳлар экан: “Бизни Грузия сиёсий ҳаётидаги ҳозирги бўлиниш ва шахс устунлиги келажакда қай даражада давом этиши қизиқтиради. Грузияда сиёсий ҳаёт парчаланиб кетган. Бу шахсларга боғлиқ бўлиб қолган. Сиёсий арбоблар бир-бирига ишонмайди ва бир-бири билан мулоқот қилишни хоҳламайди. Мухолифат томони сиёсий рақиби билан стол атрофига ўтириб мулоқот қилишдан кўра кўпроқ кўчага чиқишга мойил”, – деди.

Грузия НАТОга аъзо бўлишга интилиб келмоқда. Бунинг учун дастлабки қадам сифатида мамлакат НАТОнинг Аъзолик ҳаракат дастурига қўшилиши лозим. НАТО раҳбарларининг апрель ойи бошида Бухарестда ўтган саммитида Грузияда парламент сайловининг эркин ва адолатли бўлиши мамлакатнинг бу дастурга қўшилиши учун муҳим эканини таъкидлаган.
Грузиядаги парламент сайловида мухолифатнинг энг йирик блоки вакиллари Миллий ҳаракатдан кейин иккинчи ўринни эгаллаши кутилмоқда.

Мухолифатдаги тўққиз партиядан ташкил топган мазкур блок ҳозиргача М.Саакашвилининг истеъфога чиқишини талаб қилиб келмоқда. Шу боис, таҳлилчилар мазкур блокнинг янги парламентга аъзо бўладиган вакиллари ҳукумат билан самарали ишлаши амри маҳол, деган фикрда.

Бирлашган мухолифатнинг етакчи раҳбарларидан бири Гиа Тортладзе “Озодлик”ка берган интервьюсида сайлов эркин ва адолатли ўтди, деб ҳисобланмагунча мухолифат блоки музокара олиб бормаслигини айтди.

“Агар сайлов адолатли ўтса ва сайлов натижаси сохталаштирилмаса, биз ҳамма билан ҳамкорлик қилишга ва сўзлашув ўтказишга тайёрмиз. Агар ҳукумат сайлов натижаларини сурбетларча сохталаштириб, парламентда кўпчиликни ташкил этса, бу жуда ёмон оқибатга эга бўлади. У ҳолда ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмайди”, – деди Гиа Тортладзе.

Бундай баёнот мухолифат тарафдорларини рағбатлантириши мумкинлиги айтилаётган бир пайтда шарҳловчилар бу ташаббус кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши эҳтимолдан йироқ, деган фикрда.

“Грузияда аҳолининг катта қисми ҳукуматдан норози бўлгани, айни пайтда улар мухолифатни ишончсиз, деб билгани учун мамлакатда катта сиёсий бўшлиқ юзага келган. Вазият жуда тез ўзгариши мумкин. Агар марказчи кучлар орасида жиддий одамлар бўлиб, узоқ муддатга мўлжалланган режага эга бўлса, улар аҳоли фикрини ўзгартириши мумкин”, – дейди америкалик таҳлилчи Сванте Корнелл.
XS
SM
MD
LG