Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:05

Қисқа муддатли ғалаба ва тарихий ютқизиқ


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:sscS6vHg18aHCM:http://news.ferghana.ru/photos/2007_09/karimov.jpg “Ҳаракатлари Ғарб томонидан қораланишидан ташвишланадиган ҳар қандай диктатор Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан кўп нарсани ўрганиши мумкин”.

“Wall Street Journal”нинг 20 май кунги сонида эълон қилинган мақола шу фикр билан бошланади.

“Фарғона.ру” сайти 19 май куни эълон қилган мақола эса: “Ислом Каримов Ғарб билан кучлар тенг бўлмаган шароитда курашга тушди ва шубҳасиз, ғолиб чиқди”,- дея якунланади.

“Wall Street Journal”да эълон қилинган мақола муаллифи Эндрю Стролейн ҳам, “Фарғона.ру”даги мақола муаллифи Санобар Шерматова ҳам Ғарб ва Ўзбекистоннинг Андижон воқеаларидан кейинги муносабатлари тадрижини таҳлил қилган ва деярли бир хил хулосалар чиқарган.

Андижон қирғини юзасидан халқаро текширув ўтказиш талаби билан Ўзбекистонга қарши санкциялар жорий этган Европа Иттифоқи секин-аста Германия измида юриб қўллаган чораларини бўшаштириб юборди, дер экан, Эндрю Стролейн мана бундай ёзади:

“Берлиннинг Каримов режимини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатлари ЕИнинг обрўсига катта путур етказди. Бу ҳолат Беларус, Бирма ёки Зимбабвега ўхшаган давлатларнинг авторитар ҳукмдорларига: “Европа эълон қилган санкцияларнинг бекор қилиниши учун унинг талабларини бажармасангиз ҳам бўлаверади, бироз кутиб турсангиз бўлди”, деган очиқ-ойдин ишорадир”.

Эндрю Стролейн “Wall Street Journal”да ЕИ адресига мана шундай киноя қилиб турган бир пайтда унинг Москвадаги ҳамкасби Санобар Шерматова ҳеч қандай киноя-пиноясиз: “Ислом Каримов Ғарб билан кучлар тенг бўлмаган шароитда курашга тушди ва шубҳасиз, ғолиб чиқди”, деб ёзиб қўя қолди.

Хўш, бу ғалабанинг умри қанчалик? Бу савол билан “Озодлик” Санобар Шерматованинг ўзига мурожаат қилди.

“Буни айтиш қийин. Ҳа, у ғалаба қозонди”,- деди С.Шерматова.

И.Каримов қозонган ғалабанинг умри қанча бўлишини айтишга қийналган суҳбатдошдан унинг ғалабаси бутун Ўзбекистоннинг ғалабасими, деб сўрадик.

“Аслида, менимча, гап нафақат Ғарбнинг ютқазганида, балки Ўзбекистоннинг юзини дунё учун секин-аста очиш имкони бой берилганидадир. Сал-пал очила бошлаган мамлакат санкциялар эълон қилинганидан сўнг яна ёпилиб олди”,- дер экан, Санобар Шерматова Ўзбекистонда хорижий радиоларнинг бюролари, қатор халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ёпиб қўйилганини эслатди.

Хўш, чиндан ҳам Ғарб ютқаздию расмий Тошкент ютдими?

Муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов И.Каримов қисқа муддатли ютиб чиқди, дейиш мумкинлиги, лекин у тарихий кампанияни ютқазганини таъкидлади.

“Чунки Каримовнинг тарихий имижи айланиши Андижон воқеалари билан шарҳланади ва Андижон воқеалари билан Каримовнинг номи, албатта, тарихда қолади. Андижон воқеаларининг кўлами, фожеанинг даражаси ҳозирча номаълум. Лекин Каримовдан кейинги даврда бу албатта очилади ва унинг кўлами Ўзбекистон тарихига ва айнан ҳозирги ҳокимиятга ҳам ўзининг бир баҳосини беради”,- деди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG