Линклар

logo-print

Воқеалар қочқиннинг фойдасига ривожланаётгандек


Қозоғистон расмийлари БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси ходимларига Олмаота шаҳри тергов ҳибсхонасида қолаётган ўзбекистонлик Рафиқ Раҳмонов билан учрашишга рухсат берди.

Ваколатхона матбуот котиби Геля Рерих “Озодлик” билан суҳбатда ваколатхона Ташқи ишлар вазирлигидан нота олгани, халқаро ташкилот ходимларига Р.Раҳмонов олдига киришга рухсат берилишига ишонтирганини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири қарийб бир ойдан буён Олмаота тергов ҳибсхонасида сақланаётган Рафиқ Раҳмонов билан телефон орқали боғланди. У 2005 йилнинг 13 май куни Андижондаги Бобур майдонига тасодифан бориб қолгани, унга қўйилаётган айбларнинг барчаси асоссиз эканини таъкидлади.

“Терроризм, конституциявий тузумга тажовуз каби нечталаб модда қўйиб юборишди. Акрамий эмишман. Мен Акрамжон деган йигитни умримда кўрмаганман. Мени ўша гувоҳлари билан юзма-юз қилишса, оқланарман. Лекин ўзимизда адолат борми-йўқми – шундан сал қўрқув бор”,- деди Рафиқ Раҳмонов.

Аввалроқ ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқини олдига Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари келгани ҳақида хабар тарқалганди. Бироқ Рафиқ Раҳмоновнинг ўзи Ўзбекистондан унинг олдига ҳеч ким келмаганини айтди.

Маълум бўлишича, Қозоғистон Бош прокуратураси Р.Раҳмоновни 16 июнга қадар ҳибсда сақлаб туриш ҳақида санкция берган.

Кузатувчилар Қозоғистон расмийларининг ўзбек қочқинини юртига экстрадиция қилишга шошилмаётгани мамлакатнинг яқин келажакда ЕХҲТга раислик қилиш даъвоси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Денис Живаго бу борада бошқача фикрда.

“Мен бу ҳолатни ЕХҲТга раислик масаласи билан боғлиқ, деб айтмаган бўлардим. Мен буни кўпроқ Ислом Каримовнинг Қозоғистонга қилган самарасиз ташрифи билан боғлаган бўлардим. Ҳозир Қозоғистон ҳукумати қочқинни юртига экстрадиция қилишга унчалик шошилмаяпти”,- деди Д.Живаго.

Кузатувчилар воқеаларнинг бундай ривожи Р.Раҳмоновнинг Ўзбекистонга топширилмаслигига умид уйғотишини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG