Линклар

logo-print

Ҳандалак ейиш орзуси ёки бозорни жин урди

  • Барно Анвар

Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари аёвсиз қимматлади ва қимматлашда давом этмоқда. Узоқни кўрадиган айрим билармонлар кузга бориб гуруч, гўшт, ёғ, сут маҳсулотлари нархи яна 4-5 баробар қимматлайди, деб ваҳима соляпти.

Ўзбекистон бозорларидаги шу бугунги нархлар, суҳбатдошларнинг айтишича, қуйидагича:

“Энг арзон ун 1300 сўм эди. Қозоғистон уни 1500-1600 сўм атрофида. Ëғлар 3500 сўм. 1300 сўмга овқат қилса бўладиган гуруч олиш мумкин. У ëғи 3500-5000гача. Картошка 400 сўм, пиëз 200 сўм. Мева-чевалар қиммат. Қулупнай 2000 сўмдан, гилос 2500 сўмдан пастга тушмади. Бир килограмм гўшт нархи 8–9 минг сўм, сариёғ 9 минг сўм, шакар 1200 сўм”.

Шу кунларда бозорда олди янгилик бўлган хандалакнинг бақувватроқ одамнинг муштумидан сал каттароқ бир донаси 5 минг сўм. Ўзбекистондаги бугунги энг кам иш ҳақига 4 та хандалак олса бўларкан.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, кузгача бу нарх яна 5-6 баробар қимматлаши мумкин. Илик узилди палласида эртанги ҳосилни кутиб ўтирган одамлар бунинг сабабларини жуда оддий кўрадилар. Қиш совуқ келди, апрель-майда бозорга чиқариладиган сабзавотларни роса совуқ урди. Ўзбекнинг бозорига эса бунақада худо беради – картошкани совуқ урса, сариёғ ҳам қимматлайди.

“Бозорда нархлар бир-биридан ранг олади. Битта нарса қимматласа, иккинчисини ҳам дарров кўтаришади. Ўтган йилги ва бу йилги совуқлар дарахтларга ëмон таъсир қилди. Бу йил узумни ҳам совуқ уриб кетди. Кузга бориб узум ҳам қиммат бўлса керак”,- дейди суҳбатдошлардан бири.

Бозор қимматлаётганининг яна битта сабаби эса “ойлик ошди-нарх ошди” томошаси. Яъни Ўзбекистонда бозор, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари бозоридаги нарх талаб ва таклиф асосларига таянмай қўйганига анча бўлган.

“Одатда бу ижтимоий ҳимоядан аҳоли хурсанд бўлиши керак. Лекин Ўзбекистонда унақа эмас. Иш ҳақи ошиши кўчадаги нархларни икки баробар оширади ва натижада тирикчилик қийинлашади, деган гап бор. Иккинчиси, келтирилаëтган маҳсулотларга чегараларда солинаëтган солиқлар, электр энергияси, ëқилғи маҳсулотлари қимматлаши билан изоҳланади”,- дейди суҳбатдош.

Одамларда бир кун келиб озиқ-овқат нархи тушишига умид йўқ, аксинча яна ошишидан хавотир бор.

Ўзбекистонлик кузатувчилар ва таҳлилчилар бозордаги қимматлик сабаблари ҳақида эл орасида юрган гапларни инкор қилмайди, албатта. Аммо улар бу, шубҳасиз, жаҳон бозорларидаги қимматчилик, энг аввало, энергетик талотўмлар билан боғлиқлигини ҳам қўшимча қилмоқда.

“Ëқилғи 1 январдан буëғига бизда 20 фоиз ошди. Ҳар бир маҳсулотнинг 70 фоизгача нархида хизмат ëки ëқилғи харажатлари ўтиради. 2008 йилнинг 3 ойида инфляция бизда 10 фоиздан кам бўлгани йўқ”,- дейди ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири.

Ўзбекистон нефть ва газ захираларига эга. Дунё бозорларида нархи кўтарилаётган тилла, пахта ҳам Ўзбекистон экспорт қиладиган асосий маҳсулотлардан саналади. Яъни ёнилғи қимматлашидан пул қилаётган Россия, Қозоғистон каби Ўзбекистонда ҳам ташқи даромад ортиши ва бу қайсидир маънода аҳолининг ижтимоий ҳимоясида акс этиши мумкин эди.

Албатта, воқеликнинг бу тариқа идеал шаклдаги ривожи ҳозирча орзу. Ҳозирча асл вазият шуки, Ўзбекистонда ҳам егулик-ичгуликнинг нархи кузгача 4-5 баробар ошади, дея тайёргарлигини кўраётган билармонларга ишонилса, воқеликнинг оқибати анча енгил кечар балки. Ўзбеклар айтмоқчи, ортса ортиб қолсин, аммо етмай қолмасин.
XS
SM
MD
LG