Линклар

logo-print

Қирғизистон Ўзбекистонга сув бермаяпти


Ўзбекистон Қирғизистондан олинадиган сув учун ҳақ тўлаши шарт. 20 май куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида энергетика соҳасидаги қирғиз мутахассислар ана шундай фикр билдирди.

Сув-энергетика соҳаси бўйича халқаро эксперт Бозорбой Мамбетов фикрича, минтақадаги қурғоқчилик Ўзбекистоннинг сув борасидаги ҳамкорликни узоқ йиллар рад қилгани билан боғлиқ.

“Улар ҳар йили Қирғизистондан суғориш мавсумида етти миллиард куб метр сув берилишини талаб қилиб келди. Бунинг оқибатида захирага сув тўплаш имконияти қўлдан бой берилди. Ўзбекистон Қирғизистоннинг бу борадаги таклифларини мунтазам инобатга олмай келган”,- деди Бозорбой Мамбетов.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қозоғистон олинадиган сув учун Қирғизистонга ҳақ тўлаши зарур. Ана шундагина бу икки давлат сувдан унумли фойдаланиш ва захира сақлашдан манфаатдор бўлади. Текинга берилаётган сувнинг эса қадри йўқ.

“Ўтган йили қўшнилар 4 миллиард куб метр қўшимча сув берилишини ва 2 миллиард киловатт соат электр энергияси арзон нарҳда сотилишини талаб қилди. Бу талаб бажарилди. Бунинг оқибатида захирада сув қолмади. Натижада бугунги кунга келиб Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам қурғоқчилик хавфи остида қолди”,- деди Бозорбой Мамбетов.

Сув муаммолари институти директори, академик Дуйшен Маматхонов Қирғизистон ўз иқтисодий манфаатларини кўзлаб, минтақада кутилаётган камсувлик даври учун сув захира қилмаган, деган фикрда.

“Сувни кўпроқ сарфлаб электр энергияси ишлаб чиқардик. Демак, биз фойда топдик. Масаланинг мана шу томонини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Сув захираси озайиши мана шу ҳолат билан ҳам боғлиқ”,- деди академик.

Қирғизистон расмийлари бу йил Ўзбекистон ва Қозоғистонга одатдагидек 7 миллиард эмас, 3 миллиард куб метр сув берилишини билдирган. Ҳолбуки, биргина Ўзбекистоннинг ўзи жорий йилда Қирғизистондан 4,5 миллиард кубометр сув берилишини илтимос қилган эди. Бироқ қирғиз тарафи ҳозирча бу илтимосларни инобатга олгани йўқ. Минтақада қурғоқчиликка йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари Бишкекда май ойи аввалида учрашиб, сув берилиши механизмини ишлаб чиққан эди. Бу механизм 15 майдан бошлаб амалга киритилиши кутилаётганди. Бироқ Қирғизистон сув хўжалиги департаменти раҳбари Баратали Қўшматов бу борада ҳалигача аниқ қарорга келинмаганини маълум қилди.

“Музокаралар 26-27 май кунлари яна давом этади. Умид қиламизки, қўшниларимиз вазиятни тушунади. Биз, энг аввало, Қирғизистон манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилганмиз”,- деди Б.Қўшматов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Қирғизистон қиш мавсумида электр энергияси ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кўпайтириш учун сув тўпламоқда. Қирғиз электр энергиясини Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Хитой ва Тожикистон сотиб олади. Бу давлатларни таъминлаш учун эса қишда жуда кўп сув керак бўлади.
XS
SM
MD
LG