Линклар

Лужковнинг янги дастури ўзбекларга ҳам фойдали бўлиши мумкин

  • Садриддин Ашур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Pq2xVSEJBYiqeM:http://www.kp.ru/upimg/logo/85157.jpg Москва шаҳри ҳукумати 2008-2010 йилларга мўлжалланган мақсадли муҳожирлик дастурини маъқуллади. Унга кўра, иш берувчи ишга таклиф қилинган ҳар бир муҳожир учун ҳақ тўлайди ва ўзи бевосита керакли мутахассис учун бошқа давлатга буюртма бериши мумкин.

Москва ҳукумати бундай келишувларни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан имзолади.

Москва шаҳри ҳукумати маъқуллаган мақсадли муҳожирлик дастурига кўра, энди меҳнат муҳожирлари “битта туйнук” қоидаси асосида ишга жойлашади. Яъни ишлашга рухсат олиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа ҳужжатларни тўлдириш фақат бир жойда амалга оширилади. Дастурнинг иккинчи муҳим томони, хорижлик меҳнат муҳожирлари учун икки қаватли кроватлардан ташкил топган, ҳар бирига 100 муҳожир жойлашадиган шаҳарчалар бунёд этилади. Улар ўша ерда яшайди ва ўша ерда муҳожирлик хизмати ҳамда милициянинг доимий назоратида бўлади.

Хўш, Москва ҳукуматини бундай иш тутишга нима мажбур қилди? Ваҳоланки, шаҳар мэри Юрий Лужков бу йил меҳнат муҳожирлари квотасини 750 мингдан 350 минггача қисқартирган эди.

Кузатувчиларнинг айтишича, Россияда ишлайдиган одам қолмаяпти. Паст маошли оғир қурилиш ишларида эса россияликларнинг ўзлари ишлашни истамайди.

“Булар паст ойликка ишламайди. Иш оғир, лекин ойлик паст. Агар ўзларининг ишчиси ишласа, ичиб олади, бир кун ишга чиқса, икки кун чиқмайди”,- дейди Москвада меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Холмат.

Холматнинг фикрича, агар ҳақиқатан ҳам ана шу дастур амалга ошса, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига анча енгил бўларди.

“Агар бундай бўлаëтган бўлса, яхши. Кўпчилик ўзбек ва тожиклар сарсон-саргардон. Иш бераëтган одам алдайди, яшаш жойининг тайини йўқ. Агар бунинг ечими давлат орқали қидирилаëтган бўлса, яхши бўлади”,- деди Холмат.

Москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев бу янги лойиҳа ҳақида фикр билдириб: “Арзон ишчи кучи Москва учун жуда ҳам фойдали. Умумий вазият шунга етиб келдики, Россия ҳукуматидан буни кутиш мумкин. Чунки Россия ҳукумати аслида ўзининг манфаатидан келиб чиқиб бундай шароитларни яратяпти. Умуман ҳар томонлама инсонларни назорат остига олиш десак, албатта, хато қилмаган бўламиз”,- деди.

Б.Ҳамроевнинг таъкидлашича, Москва ва Москва атрофидаги барча қора ишларда марказий осиёликлар ишлайди. Агар бу меҳнат муҳожирлари ҳадеб сиқувга олинаверса ва улар Россияни тарк этишга мажбур бўлса, энг аввало, бундан Россия иқтисодиёти катта зарар кўради.

Хабарларга кўра, Москва ҳукумати Ўзбекистон билан ҳам шу лойиҳа асосида шартнома тузган.
XS
SM
MD
LG