Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:53

Грузияда парламент сайлови ўтказилди


21 май куни Грузияда ўтказилган парламент сайловида президент Михаил Саакашвили бошчилигидаги Бирлашган миллий ҳаракат вакиллари энг кўп овоз олиши кутилмоқда. Бироқ мухолифат ҳукумат сайлов натижаларини сохталаштиришни режалаштирганини иддао қиляпти.

Тбилиси шаҳридаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Грузия собиқ президенти Эдуард Шеварднадзе янги парламент аввалгиларидан анча фарқ қилишини айтиб: “Аввалги парламентларга қиёсланса, бу парламентда мухолифат вакиллари анча кўп ўринни эгаллайди. Агар ҳал қилувчи бўлмаса, бу жуда муҳим сайлов”, – деди.

Грузиянинг аввалги парламенти 250 ўриндан иборат бўлиб, унда 235 депутат фаолият юритган эди. 15 ўрин эса Грузиянинг исёнкор Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкалари вакиллари учун бўш қолган. 2003 йил ноябрда ўтказилган референдумда Грузия аҳолиси парламентдаги 250 ўринни 150 тага қисқартиришни ёқлаб овоз берган.

Сўров натижаларига кўра, 21 май кунги сайловда президент Михаил Саакашвили бошчилигидаги Бирлашган миллий ҳаракат аъзолари сайловчиларнинг тахминан 43 фоиз овозини олиб, 12 партия орасида парламентдаги аксар ўринни эгаллаши кутилмоқда. Бироқ бу Бирлашган миллий ҳаракат аъзолари 150 ўринли янги парламентда кўпчиликни ташкил этиш учун етарли эмас. Сўров натижалари янги ташкил этилган Христиан демократик партияси сайловчиларнинг 14 фоиз, шунингдек, Леван Гачечеладзе бошчилигидаги Бирлашган мухолифат кенгаши 11 фоиз овозини олиши мумкинлигини кўрсатган.

Бироқ мухолиф партиялар вакиллари ҳукумат сайлов натижаларини сохталаштиришни режалаштирганини иддао қилиб, оммавий намойиш ўтказиш билан таҳдид қилди. Расмийлар сайловда қоидабузарликлар қўпол равишда бузилганини рад этмоқда.

Айни пайтда Грузия мухолифати Цаленгиха қишлоғида ўз фаоллардан бири Геронти Кациа парламент сайлови пайтида отиб ўлдирилганини маълум қилди. Бирлашган мухолифат кенгаши матбуот вакили Магда Попиашвили воқеа тафсилоти ўрганилаётганини билдирди.

Грузия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Шота Хизанишвили бу маълумотни тасдиқлаб, воқеанинг сайлов жараёнига ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини таъкидлади.

Дипломатлар агар Грузия ўзининг исёнкор Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкалари муаммосини ҳал этишда Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлашига эришишни хоҳласа, парламент сайлови эркин ва адолатли бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантирган.

Грузиядаги сайловни ўнлаб хорижий ташкилотлар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари кузатди.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Кристиан Строгал Тбилисидаги сайлов участкаларидан бирида “Рейтер” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида: “Менимча, Грузия халқи демократик сайловлар ўтказилиши тарафдори эканини бир неча бор кўрсатган. Мен бу анъана давом этишига ишонаман”,- деди.

Қарийб беш миллион аҳолига эга бўлган Грузияда уч ярим миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. 12 партия вакиллари қатнашган парламент сайловининг дастлабки натижалари яқин фурсатда эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG