Линклар

logo-print

Ҳали кураш давом этади

  • Ҳасанжон

АҚШда ўтказиладиган президент сайловида Демократик партиядан номзод бўлиш учун даъвогарлик қилаётган Барак Обама ва Ҳиллари Клинтон ўртасидаги кураш давом этмоқда.

Сешанба куни Орегон штатида Б.Обама сиёсий рақиби Ҳ.Клинтон устидан ғалаба қозонди. Ўз навбатида, Ҳ.Клинтон Кентукки штатида Б.Обамани мағлубиятга учратди.

Бу икки штатдаги сайловдан кейин сенатор Барак Обама Демократик партиядан ягона номзод бўлиши учун 2026 та делегат овозига эга бўла олмаслигини билган эди. Бироқ у кейинроқ Айова штатида ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида бу сайлов кампаниясини “тарихий воқеа”, деб атади.

“Бу кеча Айовада, гўзал баҳор нафаси уфирган кезда, Портлэнддан Луисвиллгача биз Америка халқи сайлаган кўпчилик делегатлар билан Айовага қайтдик. АҚШ президенти лавозими учун ўтказиладиган сайловда сиз бизни Демократик партиядан номзод қилиб кўрсатасиз”, – дея баёнот берди Барак Обама.

У Айовада бежиз нутқ сўзлагани йўқ. Чунки январь ойидаги сайловда Б.Обама айнан Айова штатида дастлабки ғалабани қўлга киритган эди.

Кентуккида Б.Обамани мағлубиятга учратган Ҳ.Клинтон ўз сайловчилари олдида қилган чиқишида президент сайловида Демократик партия номзоди бўлиш учун ўтказилаётган сайлов пойгасини тарк этиш ниятидан йироқ эканини билдирди.

3 июнга қадар уч штатда, жумладан, Монтана ва Жанубий Дакотада Демократик партиядан номзодларни саралаш жараёни бўлиб ўтади. Икки даъвогар етарли овоз ололмагани учун бу штатлардаги сайлов ҳал қилувчи бўла олмаслиги айтилмоқда. Шу боис, президент сайловида Демократик партиядан ким номзод бўлиши масаласи партиянинг август ойида бўладиган қурултойида делегатлар томонидан ҳал қилинади. Бу ҳақда қарор қабул қилмаган айрим делегатлар сўнгги бир неча ҳафтада Барак Обамани қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Шундай бўлса-да, яна 200га яқин делегат кимни қўллаши хусусида қарор қабул қилмаган.

Сайловчилар билан бўлган учрашувларда бир-бирини кескин танқид қилиб келган Б.Обама ва Ҳ.Клинтон 20 май кунги чиқишларида бир-бирини мақтади ва умумий сайловда партия бир ёқадан бош чиқариб кураш олиб боришини таъкидлади.

Барак Обама президент сайловида Республикачилар партияси номзоди Жон Маккейнни танқид қила бошлади. Кузатувчилар фикрича, бу Б.Обаманинг президент сайловида Демократик партиядан номзод бўлишига ишончи комил эканидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG