Линклар

“Балтика” Ўзбекистонда пиво ишлаб чиқаришга киришмоқда

  • Ҳасанжон

“Сарбаст плюс” ширкати ва “Балтик биверажез” холдинги 2006 йилда Тошкентда “Сарбаст плюс” қўшма корхонасини ташкил этган эди. “Балтика” пивоси айнан шу қўшма корхонага тегишли заводда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли экани айтиладиган “Сарбаст” ширкати вакили ҳам, “Балтика” расмийси ҳам 23 май куни Тошкентда бу ҳақда ҳужжат имзоланиши кутилаётганини тасдиқлади.

“Балтика” ширкати директори ўринбосари Алексей Кедрин Ўзбекистонда “Балтика” пивоси ишлаб чиқарилишига оид батафсил маълумотлар ҳужжатлар имзоланган сўнг тақдим этилишини билдирди.

Ўзбекистонда кун исиган сари салқин ичимликларга талаб ортиб бормоқда. Айни пайтда пиво истеъмол қиладиганлар ҳам кўп. Ҳозир Ўзбекистонда маҳаллий заводларда ишлаб чиқарилаётган пиволар билан бир қаторда четдан импорт қилинган пивонинг ҳам бозори чаққон.

Оддий ўзбекистонликлардан бири ўтган йили ишлаб чиқарила бошланган “Сарбаст” пивоси ҳам аксар дўконларда сотилаётгани, нархи қиммат бўлмагани учун харидоргир эканини билдирди.

У “Балтика” Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарила бошланса, ички бозорда харидоргир бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб берар экан: “Ёзда иссиқда одамлар кучли спиртли ичимликлар кўп ичмайди. Пивога талаб катта бўлгани учун кўп жойлар столлар қўйиб пиво сотади. Кўпчилик қиммат пиво ичмайди. Тошкентда қиммат пиво сотадиган бир нечта нуфузли барлар бор. Уларнинг ҳам ўз харидорлари бор”, – деди.
XS
SM
MD
LG