Линклар

Сайловнинг дастлабки натижаси эълон қилинди

  • Ҳасанжон

Грузияда 21 май куни ўтказилган парламент сайловининг дастлабки натижаси эълон қилинди. Хабарларга кўра, президент Михаил Саакашвили етакчилигидаги Бирлашган миллий ҳаракат вакиллари янги парламентдаги 150 ўриннинг аксарини эгаллаган.

Грузия Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, Бирлашган миллий ҳаракат вакиллари сайловчиларнинг 63,3 фоиз овозини олган. Бирлашган мухолифат блоки эса 13,2 фоиз овоз билан олиб иккинчи ўринда бормоқда.

Сайловнинг дастлабки натижаси эълон қилингандан кейин “Рейтер” ахборот агентлигига интервью берган президент М.Саакашвили: “Парламент сайловида бизни кўпчилик қўллаб-қувватлаганини кўриб ҳайрон қолдим. Сайловнинг якуний натижаси эълон қилинмаган бўлса-да, афтидан Бирлашган миллий ҳаракат вакиллари Конституцияга мувофиқ парламентда кўпчиликни ташкил этадиган кўринади”, дея баёнот берди.

Грузиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Давид Бакрадзе Бирлашган миллий ҳаракат номидан парламент раиси лавозимига номзод қилиб кўрсатилиши кутилмоқда.

Бироқ мухолифат ҳукмрон партия сайловда ғолиб чиққани ҳақидаги иддаоларга зудлик билан муносабат билдирди. Овоз бериш жараёни тўхтагандан кейин ва пайшанба куни эрталаб сайловда ҳақиқий ғалаба қўлга киритилганига ишонган мухолифатнинг уч мингдан беш минггача тарафдори пойтахт Тбилисида бир неча соатлик намойиш ўтказди. Сайлов натижасига норозилик тариқасида уюштирилаётган намойиш бошланишидан олдин ташкилотчилар акцияда 10 минг одам қатнашишини эълон қилган эди.

Тўққиз партиядан тузилган мухолифат блоки етакчиси Давид Гамкрелидзе 21 май куни кечқурун сайлов тугаганидан кейин сайловнинг дастлабки натижаси хақида гапириб: “Сайлов участкаларидан чиқишда ўтказилган сўров натижаси фақат ҳукумат, ҳукмрон партия ва президент Саакашвили хоҳишини акс эттиради. Амалда вазият умуман бошқача. Воқелик мен учун аён. Улар ютқазганлар. Улар бу кунни ва ҳокимиятни бой берди”, – деди.

21 май кунги сайловда берилган овозларнинг чорак қисмидан кўпроғи санаб бўлингандан кейин МСК 22 май куни эрталаб эълон қилган натижаларга кўра, яна икки партия вакиллари парламентдаги ўринларни эгаллаш ҳуқуқини қўлга киритган. Сайловда мустақил равишда қатнашишни хоҳлаб жорий йил февралидан мухолифат блокидан ажралиб чиққан Христиан демократик ҳаракат сайловчиларнинг 8,2 фоиз овозини олган. Тўртинчи ўринда 6,2 фоиз овоз билан Меҳнат партияси бормоқда.
XS
SM
MD
LG