Линклар

logo-print

Закот иқтисодиётга ҳам фойда

  • Барно Анвар

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бу галги сони закот масаласига бағишланади. Ислом бугунги жамиятлар учун асосий муаммолигича қолаётган ижтимоий ҳимоя, нақд пулнинг айланмай туриб қолиши, жамиятдаги ҳақиқий бойлик миқдорининг ноаниқ қолиши каби муаммоларни бундан 15 аср муқаддам закот йўли билан ҳал қилгани айтилади.

Шундай экан, айнан бугун ижтимоий бўҳронни кутиб хавотирга тушиб турган жамиятлар учун уни ҳал қилишнинг мукаммал модели, дея ислом олимлари тилга олаётган закот тизимини ишга солса бўлмайдими? Нега бу тизим ишламаяпти ва умуман, ён-атрофимизда яшаётган мусулмонлар закот ҳақида қандай фикрда? Йилда бир закот бериб турадиларми ўзи?

Бугунги суҳбатимизда ана шу саволларга баҳоли-қудрат жавоб излаймиз ва бу борада айрим замондошларимизнинг фикрлари билан таништирамиз.

Агар ён-атрофимизда яшаётган, тирикчилик кўйида юрган мусулмонларнинг сўзларига қулоқ оссак, закот, энг аввало, фарз, уни берсангиз, яъни фарз амални бажарсангиз савоб.

“Закот берсангиз савоб бўлади. Камбағаллик йўқолади. Давлатга ҳам, одамларга ҳам яхши. Шундай экан, бугун закотга чиқарилган молни олдим, деган одамлар борми, атрофингизда ёки ўзингиз олганмисиз? Қанча беради бойлар? Ҳеч қанча закот бермайди. 2-3 машинадан миниб юрибди, 4-5 қаватли қилиб жойлар қуряпти, кейин самолëт, вертолëт деган гаплар бор. Лекин закот йўқ”,- дейди суҳбатдошлар.

“Жума кунлари масжидларда дод-бедод қилиб фалонча мунча берди, пистончи мунча берди, деб микрофон билан гапириб ëтади-ку. Мана, масжид уйимизнинг олдида. Микрофонда шунақа деганини биз эшитамиз”,- дейди яна бир суҳбатдош.

Масжидларнинг микрофонида дуо қилинглар, деб айтилган эълонлар, афтидан, хайру эҳсон қилганлар ҳақида. Зеро, закот – намоз адо этиш билан баробар амал. Ислом олимлари закот сўзи “Қуръон”да 30 мартадан ортиқроқ келган бўлса, шундан 27 мартасида намоз билан бирга тилга олинганини бунинг исботи тариқасида келтиради. Яъни закот намозга йиғилган жамоа олдида алқаб тилга олинадиган амал эмаслиги аён.

Бу ерда муҳими, мусулмонлар орасида буни фарқламайдиган ва умуман, закот нима экани ҳақида етарли маълумот ололмаётган мусулмонларнинг борлиги. Авваллари эса, дея эслайди кекса ёшли бир суҳбатдошимиз, закот ҳақида ёш болалар ҳам билган.

Йилда икки бора келадиган Ҳайит байрамларида тарқатиладиган бу моллар ҳам аслида эҳсон бўлгандир, эҳтимол закот. Аммо ёшлигида кўрган-эшитган бу тахлит томошаларни бу кекса онахон ҳозир кўрмайди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз бунақа томошаларни қачондир кўришига ишонмайди ҳам.

“Нима учун яҳудийларда тиланчи йўқ? Чунки уларнинг бойлари ҳар ҳафта бир марта йиғилиб масжидларида суҳбат қуради. Қани бизни орамизда камбағал борми ëки йўқми? Агар топилган тақдирда ҳам: “Келинглар, шунга ëрдам қилайлик”, деб ëрдам беради. Ҳаммаси ўртага пул ташлаб, ўша бир камбағалга ëрдам беради. Ўзбек ва тожикларда бунақа нарса йўқ. Қанча кўп бўлса, яна шунча кўпайсин дейди”,- куйинади суҳбатдош.

Замондош мусулмонларнинг закот ҳақида ва бу амалнинг бугунги амалиёти ҳақида билганлари, ўй-фикрларини эшитдик. Бу суҳбатларнинг ҳаммаси кўча-кўй, бозор-ўчарда тирикчилик ғамида юрган замондошларимизнинг фикрлари.

Аммо аслида сизу биз, бугунги мусулмонлар закот ҳақида – нисобга етган молнинг 2,5 фоизини йилда закот қилиб чиқариш фарз экани ва буни бажармаган осий бўлишидан ташқари яна нималарни билишимиз керак?

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг кейинги саҳифасида шу ҳақда гап боради.

Закотнинг шаръий истилоҳи:

“Закот махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир”.

Бу ўзбекистонлик таниқли ислом олими, шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг “Закот китоби” рисоласидан олинган аниқ-лўнда, айтиш мумкинки, мукаммал ифода. Келинг, бунинг муфассал баëнини шайх ҳазратларининг ўзидан эшитсак::

“Закот турли мол-мулклардан моли нисобга етган, яъни ўзи ва оиласи эҳтиëжидан ортиқ бўлган ҳолда маълум бир миқдорга етиб, бир йил давомида камаймай турган ҳолда ўша молнинг эгаси ундан маълум бир миқдорини чиқариб бева-бечора, фақир-мискинларга закот тарзида тақдим қилиши фарз бўлади”.

“Махсус мол” дейилгани нисобга етган мол.

“Махсус жузни” дегани берилаётган мол берувчининг мулкидан ажраб чиқиши кераклиги.

“Махсус шахс” - закот олишга ҳақли шахс. Яъни закотга ҳақдор тоифа: мискин, фақир, қул, қарздор ва ватангадолар.

“Мулк қилиб бериш” дегани ўша берилаётган мол олувчига мулк бўлмагунча, закот бўлмайди, дегани.

Нисобга етган мол ўлчови эса, аввалги пул бирликларига кўра, тиллада 85 грамм ёки кумушда 585 грамм. Қозоғ пул нисоби эса шунга қиёсан чиқарилади. Шунингдек, чорва моллари, савдо молларининг ҳам нисобга етиши бор ва нисобга етилганда, бу моллардан ҳам закот чиқарилиши шарт. Бошқача айтганда, закотга чиқариладиган миқдор ўндан бирнинг тўртдан бири, яъни икки ярим фоиз.

Лекин закот бериш билан мусулмон – ўзини осий бўлишдан, яъни гуноҳкор бўлишдан сақлаш ва фарзни бажариш билан бирга ён-атрофидаги мусулмонларга яхшилик қилиб савоб олади. Яна ривожлантирадиган бўлсак, у бугунги замонавий жамиятларда энг катта муаммо бўлиб қолаётган ижтимоий таъминот, нақд пул айланмалари, жамиятда мавжуд бойликнинг аниқ ҳажмини аниқлаш каби жараённинг ривожига ҳисса қўшади.

Бу масалалар бугунги жамиятлар учун ҳақиқатда ҳам жуда ўткир муаммо экани сир эмас. Айниқса, озиқ-овқат, ёнилғи қимматлаб, дуёнинг 10дан ортиқ давлати ижтимоий бўҳронларни бошдан кечириб турган бир пайтда ислом динидаги закот институти орқали шу муаммоларни осон ҳал қилиш мумкинлигини ёзади ўзининг “Закот китоби” рисоласида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари.

Хўп, Ислом дини шу қадар жиддий муаммони 15 аср аввал қандай йўл билан ҳал қилган?

1 – масала ижтимоий таъминот масаласи. Буни ислом закот йўли билан қандай ҳал қилганини тушуниш учун закотдан тушган маблағ кимларга сарфланишига бир назар солинса кифоя.

“Закот фақирларга, мискинларга, закот йиғиб тарқатувчиларга, қалбини Исломга улфат қилиш керак бўлганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва ватангадоларга берилади. Асосий масала ана шу тоифани тўғри аниқлай билишда. Исломда бу масала аниқ белгиланган ва уларга бериладиган ёрдамнинг асосий манбаси закот”,- дейди шайх ҳазратлари “Озодлик” билан суҳбатда.

Закотдан йиғилган мол етмай қолган тақдирда эса жамоа раҳбарлари қавмнинг ижтимоий ҳимоясини тўлиқ таъминлаш учун бой кишилардан яна қўшимча маблағ олиш ҳаққига ҳам эга бўлган.

Шу йўл билан жамиятнинг маълум бир сабабларга кўра, яъни ҳар банданинг ихтиёридан ташқаридаги сабабларга кўра, масалан, касаллик, кексалик, табиий офатлар туфайли ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлиб қолган қатлам ижтимоий ҳимояни олган ва ҳозир ҳам олиши мумкин.

Закот йўли билан ҳал қилиниши мумкин, дея шайх ҳазратлари 2-ўринда бугуннинг яна бир муаммоси – нақд пул айланмаси муаммосини ҳал қилиш мумкинлигини айтади.

“Чунки у пул ўсиш қобилиятига эга пул. Уни ишлаб чиқаришга қўйиб ундан ўзи ҳам фойдаланиши керак, жамият ва халқни ҳам фойдалантириши керак. Шу билан ўша ўлик мол бўлиб турмасдан ишлаб чиқаришга қўйишга туртки бўлади бу. Агар молим тураверса, закот еб қўяр экан, буни кўпайтириб турай, деб ишлаб чиқаришга қўйишга мажбур қилинади шу йўл билан”,- дейди шайх ҳазратлари.

Яъни шу йўл билан мунтазам равишда жамиятда нақд пул бойлар қўлидан аҳолининг кам таъминланган қатлами йўлига ўтади. Бу тоифа қўлида эса нақд пул туриб қолмайди, тезда ишлатилади ва шу йўл билан пул айланади. Табиийки, жамиятнинг бой кишилари қўлида йиғилган пул кичкина эмас, ҳалигина бир суҳбатдошимиз гапининг бир четига қистириб ўтганидек, самолёт, вертолётлар ҳақида гап бораётган бўлиши мумкин. Айни вақтда Исломда мол-мулк мутлақ дахлсиз. Мулкка фақат ва фақат мулк эгасининг ихтиёри ва Ислом қоидаларига кўра муомала қилинади.

“Аллоҳ субҳоноҳу ва таоло Қуръони Каримда ва Пайғамбар (с.а.в) ўзларининг ҳадисларида ҳар бир шахсни хоҳ эркак, аëл, ëш, қари бўлсин молу-мулки дахлсиз эканини эълон қилган. Бировнинг мулкини олишга иккинчи бир шахс ҳеч қандай узр ëки баҳона билан тажовуз қила олмайди”.

Жазо турлари, тажовуз кўринишига кўра қандай бегиланиши “Қуръон” ва ҳадисларда аниқ баён этилган. Демакки, мулк эгаси ислом қоидасига кўра, нисобга етган молидан 10дан бирининг 4дан бири, яъни, 2,5 фоизини закот қилиб чиқаради.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари закот йўли билан ҳал қилиш мумкин, дея тилга олган замонавий дунёнинг жиддий муаммоларидан бири ҳозирги кунда жамиятдаги мавжуд ҳақиқий бойлик ҳажмини аниқлаш масаласидир. Чунки мол эгалари солиқ тўлашдан қочиб, ўз молу мулклари, даромадларини турли услублар билан яширишга уринади, аксар давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бунга муваффақ бўлади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятдаги иқтисодий ҳисоб-китоб, кирим-чиқим, бюджет режалари тузиш каби масалаларни мушкуллаштиради.

Агар закот ибодати тўғри равишда йўлга қўйилса, бу муаммо ҳам осон ҳал бўлишини айтади шайх ҳазратлари. Зеро, закот миқдори аниқ – нисобга етган молнинг 2,5 фоизи. Албатта, мол-мулкнинг дахлсизлиги таъминланган ва мол нисобга етганига бир йил тўлган ҳолда, дея таъкидлайди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Ҳадисларда: “Етимнинг молида зиёда талаб қилинг, уни садақа тугатиб қўймасин”, “Етимларнинг молларида тижорат қилинг, уни закот еб битирмасин”, дейилган ҳикматлар бор.

Шайх ҳазратлари: “Шунинг учун ҳам пулдан закот жорий қилинган. Бутун жамиятдаги туриб қолган пулнинг икки ярим фоизи ўз-ўзидан юриб кетади. Ҳамма ўзида туриб қолган маблағни ўстиришга уриниб қолади. Шу боис, бугунги кун тили билан айтилганда, иқтисодга закот асос қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий - иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ечилган бўлади”,- дея хулоса қилади.

Аммо бугунги иқтисодий-молиявий тузилмаларга ислом илгари сурган закот тузими қачондир асос бўладими ёки закотнинг қайсидир элементлари бугунги мавжуд молиявий тизимлар таркибида борми? Ислом давлатларида буни учратиш мумкинми? Ёки аксар молиявий-ижтимоий муаммолар осон ҳал этилар экан, нега замонавий жамиятлар исломдаги закот тизимидан фойдаланиб қўя қолмайди?

Бу саволларга “Озодлик” мухлисларидан жавоб кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG