Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:44

Медведев Ўзбекистон раҳбарини ноқулай вазиятга қўйди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:fhAK5vHzRN_A2M:http://2004.press-service.uz/images/shos0406.jpg Марказий Осиёдаги сиёсий ўйинлар билан қизиқадиган таҳлилчи-ю кузатувчилар Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Қозоғистонга расмий ташрифини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов учун шумхабар, деб талқин қилмоқда.

Бундан саккиз йил аввал Россиянинг ўшанда янги сайланган президенти Владимир Путин ўзининг биринчи хорижий сафарини Тошкентга қилган ва Оқсарой хўжайини Ислом Каримовни анча мамнун қилган эди.

Д.Медведевнинг биринчи хорижий сафар билан Остонага келиши эса 1991 йилда Марказий Осиё республикалари мустақил бўлганидан бери Каримов ва Назарбоев ўртасида минтақа етакчилиги учун курашда Қозоғистон раҳбарининг қўли устун келаётганини яна бир бор намойиш қилди, демоқда кузатувчилар.

“Бугун Қозоғистон Марказий Осиё минтақасида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан етакчилик қилмоқда. Н.Назарбоев ҳокимиятда қолиб иқтисодий вазият бугунгидай ижобий бўлиб қолар экан, Қозоғистон яқин келажакда етакчиликни қўлдан бой бермаслигини башорат қилишим мумкин”,- дейди Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчиси Жон МакЛеод.

МДҲ ташкил қилинганидан бери собиқ совет коммунистик тузуми вайроналаридан омон чиқиб, ҳокимиятда турган икки президент қолган. Булар Каримов ва Назарбоевдир.

Қозоғистон географик жиҳатдан Марказий Осиёдаги энг йирик мамлакат, Ўзбекистон эса аҳоли бўйича энг йирик давлатдир. Айни омиллар бу икки давлат етакчиларининг минтақадаги устунликка даъво қилишларига сабаб бўлган бўлса ажабмас.

Жон МакЛеоднинг таъкидлашича, иттифоқ қулаганидан кейин бу икки давлатнинг Россия билан муносабатларига бир назар ташлаш ўзаро курашда уларнинг бугунги мавқелари ва Д.Медведев нега айнан Қозоғистонга борганини тушунишга ёрдам беради.

“Каримов мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонни минтақадаги етакчи, деб эълон қилишга ҳаракат қилди. Ўзбеклар ўзларининг етакчи бўлишини табиий ҳол, деб биларди, бу эса Россия билан маълум мунозараларни келтириб чиқарарди. Чунки минтақа харитасида янги пайдо бўлган давлат ҳеч тортинмай: “Мана, мен минтақада етакчиман. Россия ортга ўтиб турсин”, дея бошлади”,- дейди Жон МакЛеод

Бундан ташқари, унинг айтишича, Ўзбекистон Ғарб билан алоқаларни яхшилай бошлади. Қозоғистоннинг ҳам Ғарб билан алоқалари ёмон эмасди, лекин Остонадан фарқли ўлароқ, Тошкент Ғарб билан дўстликка Москва билан муносабатларни қурбонликка келтиради.

“Каримов билан Назарбоев ўртасидаги фарқ шундаки, Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқалари яхшиланиши ортидан Россия билан алоқалар совуқлашади. Назарбоев эса бир вақтнинг ўзида иккала томон билан яхши муносабатларда бўла олади. Унинг Каримовдан фарқи ҳам ана шундай мувозанатли сиёсат олиб бора олиш қобилиятидадир”,- дейди Жон МакЛеод.

Ҳақиқатан, мустақиллик йилларининг каттагина қисмида Ўзбекистон Ғарб билан яқинлашишга ҳаракат қилди. Ғарб билан апоқ-чапоқ бўлган йилларида Каримов Россия билан деярли алоқа ҳам қилмади.

Вазият 2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган воқеалардан кейин буткул ўзгарди. Юзлаб тинч намойишчиларни ўққа тутгани учун Ғарбдан дашном эшитган Каримов энди Россияни энг яқин дўст, деб эълон қилди.

Бугунга келиб эса вазият яна ортга қайтаётгандек. Хусусан, Тошкентнинг Ғарб билан муносабатлари яна яхшиланаётгани фонида, президент Д.Медведевни қасамёдга келтириш куни, Тошкентда Пушкин номли кўчага “Истиқлол” номи берилгани ёки “Газпром”га ваъда қилинган газ конлари Малайзия ширкатига бериб юборилгани каби воқеалар Москва-Тошкент муносабатлари истиқболига соя ташлаши ҳақида гапирмоқда таҳлилчилар.

“Каримов мустақиллик даврларида ва ундан олдин ҳам доимий равишда Москва билан конфронтацияда бўлган. Ҳаттоки Андижон воқеаларидан кейин Москвага борганда ҳам Каримов Кремлда Путин билан учрашувда бир соат кутиб қолган ва Каримов бунга ўхшаган ҳолатларни эсдан чиқармайди. Андижон воқеасидан кейинги вазият ўзгаряпти. Каримов ўз ҳокимиятини сақлаб қолди ва Москвага бўлган эҳтиëж сўниб боряпти. Шунинг учун Каримов табиий хатти-ҳаракатни бошлаяпти”,- дейди ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Камолиддин Раббимов

Н.Назарбоев эса, кузатувчилар фикрича, дўстларни тез-тез алмаштириб турадиган И.Каримовдан кўра ҳам Россия, ҳам Ғарб учун ишончлироқ ҳамкордир.

Минтақадаги етакчилик масаласида эса кузатувчилар икки давлатнинг иқтисодий фаровонлигини муқояса қилиб, ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 20-30 АҚШ доллари, қозоғистонликларники эса ўртача 100 доллар эканини мисол қилиб келтиради. Ёки миллионлаб ўзбекистонликлар тирикчилик илинжида Қозоғистон ва Россияда мардикорлик қилаётгани ҳам икки давлат ўртасидаги етакчилик учун рақобатни кузатиб келаётган таҳлилчила, бу курашда кимнинг қўли устун келаётганининг оддий, лекин аниқ кўрсаткичи, деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG