Линклар

Ўзбекистон газ экспортини кўпайтиради

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон 2008 йилда қазиб олинадиган газнинг 23 фоизини экспортга жўнатиш ниятини маълум қилди. Жорий йилда қазиб олинган ўзбек газининг умумий ҳажми қарийб 67 миллиард куб метрни ташкил этиши инобатга олинса, четга сотиладиган газ миқдори 15 миллиард куб метрдан ошиб кетади.

Ўзбекистон 2007 йилда 65 миллиард куб метр газ қазиб олган ва унинг 14 миллиардини ташқарига сотганди. Қазиб олинаётган ва экспорт қилинаëтган газ миқдори эса йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2003 йилда қазиб олинган газ 57,5 миллиард куб метр бўлиб, шундан 10 миллиарди экспорт қилинган. Яъни ташқарига сотилган газ умумий миқдордан 20 фоизни ҳам ташкил қилмаган.

Бу йил эса режалардаги қазиб олиниши кутилаётган газ қарийб икки ярим фоизга ошади ва қарийб 67 миллиард куб метрдан кўпроқ бўлади.

Ўзбекистон газининг асосий харидори Россиянинг “Газпром” ширкатидир ва бу йилги экспорт умумий миқдорининг 85 фоизи Россияга тўғри келади. Демак, бу йил “Газпром” 12 миллиард куб метр ўзбек газини сотиб олади.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот вакили Собир Салимов 2009 йилдан бошлаб “Газпром” ўзбек гази учун Европа нархларида ҳақ тўлай бошлашини эслатди.

Ўзбекистон ҳозирча “Газпром”га арзон нархда, ҳар бир минг куб метр газни 140 доллардан сотиб келмоқда. ”Газпром” ўзбек газини Европага икки-уч баробар қимматига сотади.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг газ ишлаб чиқарувчи бошқа давлатлари нархларни ўзлари белгилай олишига бу давлатларнинг янги харидорларни қидира бошлагани имкон очиб берди.

“Марказий Осиё давлатлари билан “Газпром” ўртасидаги сўнгги келишув, яъни келаси йилдан “Газпром” улардан сотиб олинаётган газга Европа нархларида ҳақ тўлашга рози бўлгани жуда муҳим ҳодисадир. Бунинг сабаби, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари муқобил харидорлар ва газни транспорт қилиш йўллари ҳақида ўйлай бошлади. Бу ерда “Набукко” ва транскаспий газ қувурлари лойиҳаси ва бошқаларни мисол қилиш мумкин. Бу лойиҳалар ҳозирча амалга оширилгани йўқ ва уларнинг муваффақиятли бўлиши ҳам шубҳа остида, албатта, лекин Марказий Осиё давлатларининг бу ҳақда ўйлай бошлагани минтақа гази устидан назоратни қўлдан бой беришни истамаётган Россияни ҳам ўйлантириб қўйган кўринади”,- дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси профессор Филипп Ҳэнсон.

Бундан ташқари, дейди лондонлик таҳлилчи, ўзбек ва туркман газини шарққа томон оқиза бошлайдиган газ қувури бўйича келишувлар имзолангани ва лойиҳага оид ишлар бошлаб юборилгани минтақа гази учун рақобатнинг ошишига ҳисса қўшади, албатта.

Қазиб олинаётган газ ва экспорт ҳажми ошиши бугун энергия воситаларига эҳтиёж ва нархлар ошиб бораётгани шароитида Ўзбекистон хазинасини газ ҳисобидан янада бойитиши аниқ. Газдан тушган даромад ким томонидан ва қандай мақсадларда сарфланиши бошқа масала.

Шу кунларда Россиянинг нефть ва газ соҳасидаги яна бир йирик ширкати - “Лукойл” Ўзбекистондаги газ конларидан биринчи миллиард куб метр газни қазиб олди. “Лукойл” билан “Ўзбекнефтгаз” ўртасидаги маҳсулот тақсимлаш бўйича келишувга кўра, қазиб олинган газ ўртада бўлишиб олинади. “Лукойл” ўз улушини “Газпром”га, яъни давлатга сотади. “Лукойл”нинг улуши ҳам экспорт қилинадиган 15,5 миллиард куб метрнинг ичида бўлади. Ўзбекистон қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга сотадиган газнинг умумий миқдори 3 миллиард куб метрни ташкил қилади.

“Ўзбекнефтгаз” ширкати вакили Собир Салимовнинг таъкидлашича, газнинг қолган қисми давлат ва аҳоли эҳтиёжларига сарфланади.

“Газнинг 70 фоизи ички бозор учун ишлатиляпти. Ҳозир водийда газ таъминотини яхшилаш учун Қамчиқ довони орқали газ қувури тортиляпти. Бошқа вилоятларда ҳам кўп ишлар қилиняпти. Кўп жойларда нефть ва газ идоралари тузилди. Шулар газ таъминотини яхшилаши керак. Ўзимизнинг бозорда газ етарли. Фақат шу газни етказиб беришни ташкил қилиш керак”,- деди Собир Салимов.
XS
SM
MD
LG