Линклар

Ўзбек фуқаролари қўйиб юборилди

  • Гулнора Равшан

Бир қанча вақт муқаддам Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланиб қамаб қўйилган ўзбекистонлик 14 фуқаро ўз ватанига депортация қилинди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриевнинг билдиришича, Тожикистон ҳудудида ноқонуний фаолият юритганлик айби билан қўлга олинган бу фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар текширилиб, бирор жиноятга қўли йўқлиги аниқлангач, улар ватанига жўнатиб юборилган.

Бироқ Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихона расмийлари бу фуқаролар ўз юртига депортация қилингани ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, аслида 14 ўзбек фуқаросининг визаси бўлган ва улар Тожикистоннинг чегара олди туманларида мардикорлик қилган. Жорий йил 26 апрелда Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Адрасмон туманилик 31 мактаб ўқувчиси ўзбекистонлик чегарачилар томонидан қамаб қўйилгач, Тожикистон ҳудудидаги ўзбек фуқаролари ов қилина бошланган. Юқорида тилга олинган 14 фуқаро ҳам шу туфайли қамаб қўйилган.

Бу фуқаролар тожикистонлик мактаб ўқувчиларига алмаштирилганига оид тожик жамиятида дайдиётган норасмий маълумотларни элчихона вакиллари ҳам, тожикистонлик дипломат ҳам тасдиқламади.

Тожикистон ТИВ вакили Д.Назриевнинг айтишича, Ўзбекистонда қолаётган адрасмонлик 2 ўсмирни ватанига қайтариш ҳамон кечикмоқда.

“Афсуски, ҳужжатларидаги айрим муаммолар уларнинг ватанига қайтарилишига тўсиқ бўлиб турибди. Албатта, Ўзбекистон томони уларни қайтариб беришга рози, аммо фақат ҳужжатлари тегишли идораларга тақдим этилиши шарти билан”,- деди Давлат Назриев.

Икки ўсмирдан бирининг ҳужжатлари қалбакилаштирилгани сабабли улар ватанига қайтарилмаётганини уларнинг яқинларидан бўлмиш Ўктам Мирзаолимов ҳам тасдиқлади.

Адрасмон туманилик 31 мактаб ўқувчиси 26 апрель куни ўзбекистонлик чегарачилар томонидан чегарани бузиб ўтганлик айби билан қамаб қўйилган эди. Уларнинг 25 нафари ўша кунларнинг ўзидаёқ қўйиб юборилган, 6 ўсмир эса Тошкентга олиб кетилган эди. Ўзбек ва тожик дипломатлари ўртасидаги музокаралар натижаси ўлароқ, 16 май куни ўсмирларнинг 4 нафари ватанига қайтарилганди.

Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари билан суҳбатлардан маълум бўлишича, бу масала юзасидан икки томонлама музокаралар тўхтатилган.
XS
SM
MD
LG