Линклар

Депутатлар кўпхотинлилик масаласини муҳокама қилади


Қозоғистон парламенти яқин кунларда “Никоҳ ва оила тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиши керак. Кўпхотинлилик тўғрисида гап бўлиши мумкинлиги айтилаётган бу қонун лойиҳаси ҳозирданоқ қизғин баҳсу мунозаларга сабаб бўляпти.

Қозоғистон парламенти депутати Тангриберган Бердиўнғаровнинг айтишича, кўпхотинлиликни қонунийлаштириш борасида ҳар бир депутатнинг ўз фикри бор. Бироқ уларнинг позицияси қандай бўлишини қонун лойиҳаси юзасидан овоз бериш жараёни кўрсатади.

Оддий қозоғистонликлар орасида эса кўпхотинлиликни оқлайдиганлар ҳам, унга қарши бўлганлар ҳам бор.

“Кўп аёллар иккинчи ва учинчи хотин бўлиб, ўзи ва болалари бутунлай ҳуқуқсиздир. Мен буни тўғридан-тўғри кўпхотинлилик, деб айтишни истамасдим. Аммо мен эркакларга никоҳдан ташқари алоқалар ва болалар учун жавоб бериш мажбурияти юкланишини хоҳлардим”,- дейди суҳбатдошлардан бири.

Бошқа бир суҳбатдош эса кўпхотинлилик тўғрисидаги қонун қабул қилинишини ўзи учун исташини маълум қилди.

Гарчи Ўзбекистонда кўпхотинлилик бўйича ҳеч қандай қонун қабул қилинмаган бўлса-да, бу масала уларни ҳам қизиқтиради.

Қозоғистонда тирикчилик қилиб юрган ўзбекистонлик аёллардан бири бундай қонун лойиҳаси Ўзбекистонда ҳам қабул қилинса, жамиятдаги айрим муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлишини айтади.

“Мен бунга жиддий қарайман. Бунинг ҳеч ёмон тарафи йўқ, деб ўйлайман. Эрсиз юрган аёлларимиз ёмон йўлга тушиб кетмасди-да. Табиатга қарши чиқиб бўлмайди-ку”,- дейди аёл.

Шунга қарамай, у Ўзбекистонда кўпхотинлиликка эҳтиёж катта эмаслигини таъкидлади.

“Бойлар орасида бунга эҳтиёж бор. Аммо Ўзбекистонда аксарият одамлар ўзининг бир оиласини ҳам боқа олмаяпти ҳозир. Қозоғистон ва Россияда миллионлаб ўзбеклар юрибди. Шунинг учун Ўзбекистонда бу масала у қадар долзарб, деб айта олмайман”,- деди муҳожир аёл.

Қайд этиш жоизки, Қозоғистон парламенти депутатлари янги қонун лойиҳасининг овозга қўйилиш муддатини ҳозирча аниқ айтмаяпти.
XS
SM
MD
LG