Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:44

Искандарнинг шохи борлигини ким айтади?


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:E7XWMKBNtl3SlM:http://www.dyslexia.ru/content/img/dysl_4_5/example/3_a.gif “Ўзбек дунёси” эшиттиришининг бу галги сони географияси: Ўзбекистон ва Қирғизистон. Унда тилга олинадиган ўзбеклар: Қизиқчилар Шукрулло Исроилов, Обид Асомов, Ҳожибой Тожибоев, ёзувчи Темур Зулфиқоров, Ўшдаги ўзбек театри артистлари.

Латифа.

Каримов Жириновский билан учрашиб қолибди. Аччиғидан юмшоқ сочлариям туриб кетган Каримов Жириновскийдан талаб қилиб турган эмиш:

- Эй, Володя, сен нима учун ўзбекларни қўй дединг?! Узр сўра халқимиздан. Бўлмаса, онангни, айтайлик, Учқўрғондан кўрсатаман...

Жириновский одатига хилоф равишда бироз ўйланибди-да, дебди:

- Чинданам узр сўрашим керак, шекилли. Менимча, ўзбеклар қўй эмас, улар балиқ.

Бу латифа аrbuz.соm сайтидан олинди.

Интернет у ёқда турсин, ТВю радио, газетаю журналлар бўлмаган ўтмишдаям одамлар сиёсатдан гап сотган. Ҳукмдорларнинг қилиқлари тўғрисида гапирган. Латифалар тўқиган. Масхарабозлар халқ сайилларида подшоларнинг кирдикорларини очган. Шундай қилиб хумордан чиққан халқ.

Газетаю журналлар, ТВю радиолар пайдо бўлгач, ҳукмдорлар сиёсати тадқиқот объектига, танқид объектига айланди. Ғарбда шундай бўлди. Шарқда бундай бўлмади. СССРда бундай бўлмади.

Ва халқ яна латифа тўқиди:

Брежнев Кремлда кетаётса, олдидан Суслов чиқиб қолибди. Бош котибнинг оёғига тикилиб туриб, Суслов сўрармиш:

- Лёня, нима учун битта оёғингда қора, иккинчисида сариқ ботинка?

Брежнев елка қисиб:

- Э, Миша нимасини айтасан, ўзимам кўриб қолиб, алмаштириб келиш учун уйга борсам, уйдаям биттаси қора, иккинчиси сариқ ботинка турибди. Нима қилишимни билмай, қайтиб келавердим.

СССР тарқаб кетса ҳам газетаю журналлар, ТВю радиолар ҳукмдор сиёсатини тадқиқот объектига, танқид объектига айлантира олмади.

Ана шундай шароитда шоирнинг овози жаранглади.

Ҳамма шоир ҳам Юсуф Жума бўла олмади.

Зеро, шоир тушунчаси курашчи тушунчасига тенг эмас экан ҳар доим ҳам.

Газетаю журналлар, ТВю радиолар, шоиру адиблар жим.

Лекин Искандарнинг шохи борлигини кимдир айтиши керак-ку?!

Ана шундай шароитда юмуш яна латифага, латифагўй қизиқчига қолади.

“Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим, гулни гул дерму киши гулнинг тикони бўлмаса, ўзбегим. Что такой, что случилось, ўзбегим. Кулиб чиқсанг уйингдан, ўргилайин бўйингдан, вой фашист. Суннат тўйи миллат тўйи биродарлар. Никоҳ тўйи, никоҳ тўйи огоҳ тўй. Огоҳ бўл. Огоҳлик давр талаби. Ўз уйингни ўзинг асра. Оталар сўзи ақлнинг кўзи”.

Шукрулло Исроилов мияси чайқалиб қолган тўйочар ролини ўйнар экан, айтаётгани мафкуравий штамплар тилига тасодифан, саҳнанинг ўзидаёқ келиб қолганми, ё аввалдан тайёрланган матнми, билмаймиз. Лекин душман яратиш сиёсатига хизмат қиладиган “огоҳ бўл, ўз уйингни ўзинг асра” каби штамп шиорлардан халқнинг зада бўлгани бор гап.

Агар Шукрулло Исроиловнинг чиқишларидаги танқидий назарни тасодифий десак, ўзбек қизиқчиларининг энг интеллектуали бўлган Обид Асомовнинг чиқишларидаги танқид элементлари тасодифий кўринмайди.

Бир жойда у бундай дейди:

- Каникул, сизлар ўйлайсизлар, болаларга берилган, ўқитувчиларга берилган. Ичингларда ўқитувчилар борми? Йўқ, бу концертга ўқитувчи кела олмайди. Ойлиги етмайди. Бу ерда фақат олибсотарлар ўтирибди.

Албатта, нормал демократик шароитда маошнинг озлигини айтиш қаҳрамонлик эмас. Францияда шу кунда яна транспортчилар ойликни оширасан, деб иш ташлаб ётибди. Лекин Ўзбекистонда ойлик оз, деб айтиб кўрингчи? Қизиқчи ҳеч йўқ шуни саҳнада айтиб оляпти.

Обид Асомов ўша концертнинг ўзидаёқ мана бу гапни ҳам айтди:

- 4-5 ойлаб битта сериални кўрасизлар. Битта эркакнинг икки кило гўшт кўтариб келганини кўрдингларми?

Халқнинг бугунги кундаги ижтимоий иқтисодий аҳволи тўғрисида, тўғриси, қизиқчиларнинг чиқишларидан тасаввур ҳосил қилиб бўлмайди.

Обид Асомовдан эшитганимиз иккита парчанинг ёнига яхши изласангиз, яна иккита парча қўшилса қўшилар, қўшилмаса йўқ.

Баъзи-баъзида Ҳожибой Тожибоев ҳам бир чети сиёсатга тегиб кетадиган гапларни қилиб қўяди:

- Мана, Ўзбекистонда нима етишмайди. Олимлар етишмайди, масалан, ҳозир буюк инсонлар етишмаяпти. Яна бир нарса. Мана, стадионларимиз бор, теннис кортларимиз бор, лекин шунга яраша спортчиларимиз йўқ ҳозир. Мана, боксчиларимиз бор, лекин зўр футболчиларимиз йўқ. Мана, Ўзбекистон терма жамоаси бу йил жаҳон чемпионатида қатнаша олмади. Қатнаша олмайдиямда.

Лекин қизиқчининг бу гаплари танқиддан кўра, мақтовга ўхшаб эшитилади. Қолаверса, Ҳожибой Тожибоевнинг чойхона гурунг шаклидаги чиқишларидан томошабин жиддий ишоралар кутмайди ҳам.

Хўш, асосан, нималар устидан кулади бугуннинг Насриддин Афандилари?

Концертга кеч келган томошабиннинг устидан:

- Мана, бу кеч келганлар ўша пайтда ҳам бор эди, ҳозир ҳам юрибди. Булар айланиб юраверади. Ярми у ëққа кетди, ярми бу ëққа кетди. Тепада ҳам юришибди. Узр, энди сизлар кеч қолдик, деб хижолат бўлманглар, биз олдинроқ бошлаб қўйдик.

Ёш авлод устидан:

- Саволни қаранг энди. Ëзишдан олдин: “Юмшоқ “х”ми, қаттиқ “х”ми”, деб қўяди. Бу билимнинг ошиб кетганиданми ë етмаганиданми? Олдин бунақа савол йўқ эди. Битта “х” бўларди, битта “ҳ” бўларди. “Фалонча қачон туғилган”, десангиз, “Вариантлар борми”, дейди.

Яна болалар устидан:

- Болаларни ҳимоя қилиш куни. Менга қўйиб берганда шу байрам номини ўзгартирардим “Катталарни болалардан ҳимоя қилиш куни” деб. Ҳозир болаларни ҳеч ҳимоя қилиш керак эмас. Ўзимизни болалардан ҳимоя қилишимиз керак.

Ўткурий эркаклар устидан:

- Чунки айтиб қўйиш биздан лозим. Битта-яримта эркакларимиз бирор-бир таниши билан тушган бўлса, телевизорда кўрсатган пайтда келинойимнинг кўзлари тушиб: “Ие, сиз концертда нима қилиб ўтирибсиз? Ишда эдингиз-ку!” деб қолмасликлари учун тезда жойингларни алмаштиришингларни маслаҳат бераман.

Бугунги кун Насриддин Афандиларининг назарига тушган иллатлар шулару шуларга ўхшаган майда чуйда гаплар.

Йўқ, йўқ, таъна қилаётганимиз йўқ. Асло.

Бугунги кун ўзбеги дунёсининг бир кўринишини ўзбекнинг ўзига кўрсатиб қўймоқчимиз, холос.

Хуллас, ўзбекнинг қизиқчиси ўзбекни сабр-тоқатга чақиряпти.

Қизиқчилик санъати тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса.

“Ҳар субҳидам товусдай рангор қадрдон азалий абадий қуюқ қовоғи уюқ туманда сомон из қолдириб Қудрат Ошиқ қишлоғи бўйлаб менинг харобам самонли кулбам йўлидан ўтади учади катта фарғонача ароба.

Уйқум бузилади, уйга қайтаётган юлдузлар ортидан бомдодни ўқийман ва тикиламан тикиламан аробага сузаётган пушти шафтоли туманида туманида туманида у кетар силкиниб кўтарилиб юксалиб! Вовайлооо!”

Машҳур ёзувчи Темур Зулфиқоровнинг ижоди билан таниш тингловчи матнни танимасаям, оҳангни таниди.

Адибнинг таржимасини Бишкекдаги мухбиримиз Элмурод амалга оширган “Муҳаббат қиссаси” асаридан парча.

“Муҳаббат қиссаси”ни Ўш ўзбек академик театрида муаллифнинг ўзи саҳналаштирган, спектакль премьераси бўлиб ўтганига ҳам бир неча ой бўлиб қолди.

Кейинги гаплар Темур Зулфиқоров ҳақида ҳам, унинг “Муҳаббат қиссаси” ҳақида ҳам эмас. Гап ўша асарни саҳнага олиб чиққан ўшлик ўзбек артистлари, уларнинг дунёси тўғрисида.

Артистлар хафа бўлмасин-у, гап асарнинг дунёси артистлар дунёсидан катталик қилгани тўғрисида.

Темур Зулфиқоровнинг бу асари муҳаббат ҳақида эди. Худодан қўрқиб эмас, Худога муҳаббат билан яшаш, деган ғоя эди унинг ғояси. Асарни саҳналаштирган таниқли режиссëр Борзо Абдураззоқовнинг премьерадан сўнг тан олиб айтишича, артистлар уч ой мобайнида бу асарни ўзлари тушунмай репетиция қилган, тушунмай ўйнаган. Асарнинг оддийгина ғоясини режиссëр 3 ой мобайнида ўзбек санъаткорларига тушунтира олмаган. Артистлардан бири эса режиссëрнинг бу эътирофини рад этиб асар ғоясини тушунмаса-да, сўзларини тушунганига иқрор бўлди.

“Биз бошида ўқиганимизда ғалати бўлавердида. Ҳеч тушуниб бўлмайдиган, ғалати. Бу сўзларнинг маржон-маржон терилганини кейин фаҳмладик”,- деди асарда роль ўйнаган артист.

Энди мана шу асарни тушуниб томоша қилишга ҳаракат қилган ëш шоир Даврон Ҳотамни тинглаймиз:

- Мен бу асарнинг таржима вариантини ўқиб чиққанман. Ўзимни жуда ҳам ўзга оламга тушиб қолгандай ҳис қилганман ва спектакль премьерасида қатнашар эканман нимадир кам. Мана шу залдаги маънавий атмосфера, зако камлик қилди бу ерда. Ижро этаëтган актëрларнинг ҳам жуда кўпи нима деяëтганини тушунмаслигини ҳис қилгандай бўлдим. Улар ўзи ҳис қилмагандан кейин томошабинларга ҳам ана шу нарса юқмади.

Мана шу эътирофлар: “Нега энди ўзбек санъаткорининг савияси ва маънавий дунëси ўзгариб қолди. Бу ҳолат умумўзбек савияси ва маънавий дунëсига қандай таъсир кўрсатяпти”, деган саволларга жавоб излашга мажбур қилади. Ҳолбуки, бундан бор-йўғи 15-16 йил аввал ўзбек санъаткори ҳақида мутлақо ўзгача тасаввур бор эди.

“Талаб қилинарди. Сиз омма одамимисиз, сизни ҳамма танийдими, демак ўшанга яраша жавоб беришингиз керак. Ҳар битта рол ўйнайдиган актëр, албатта, ўша мамлакатдаги энг илғор интеллегенция вакиллари биладиган маълумотларни билишга мажбур эди. Билмаса, у яхши санъаткор ҳисобланмасди. Ҳозир бу нарса жўн бўлиб қолди”,- деб эслайди ўша йилларни таниқли бастакор Маъмуржон Шокиров.

Жўнлик. Шоир, режиссëр ва актëр Ғанижон Холматов фикрича, ўзбек санъаткори маънавий дунëси жўнлашувига замон айбдор.

“Санъаткор имкон қадар ўзини томоша қилаëтган одамнинг кўнглини олишга ва тўғрироғи, унинг пулини олишга мажбур бўлиб қоляпти. Ўз қиëфасини ҳам, савиясини ҳам ўша томошабин талаб қилган даражага мослаштириш, қуйилаштиришга мажбур бўляпти. Иқтисод учун, яшаб қолиш учун”,- дейди Ғ.Холматов.

Суҳбатдошимиз сўзларини хулосаласак, бугун бутун бошли ўзбек жамияти жўнлашиб қолди, деган фикр келиб чиқмаяптими?

Хўш, ўша фикр келиб чиқяптими, чиқмаяптими?

Сиз балки тайёр жавоб кутаётгандирсиз?

Жавобнинг тайёри бизда йўқ.

Билсак ҳам айтмасдик.

Ахир ўзбекнинг дунёси жўнлашиб кетаётгани сабабларидан бири унинг жавобларни мустақил изламай қўйгани, мустақил излашга имкон берилмаётганида эмасми?!

Асар премьерасига ўзбек миллий маркази раҳбарлари ҳам таклиф этилган экан. Даврон Ҳотам уларнинг залдаги ҳолатини ҳам кузатган.

“Миллий марказимиз раҳбарларидан иккитаси ëнма-ëн ўтирди ва қулоқларига научник тақиб нимадир эшитиб, уйқусираб ўтиргани гувоҳи бўлдим. Улар бизнинг миллий марказимизни пешқадамларидан эди. Демак, бошқалар ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ”,- деди Даврон Ҳотам.
XS
SM
MD
LG