Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Баптист марҳум ўз қишлоқдошларини можаролашишга мажбурлади


Қирғизистоннинг Норин туманида мусулмонлар, қирғиз миллатига мансуб насронийлар ва ҳукумат вакиллари ўртасида баптист оқимига мансуб қирғиз ўсмири жасадини дафн этиш масаласида 4 кун давом этган можаро якун топди.

Нориннинг Куланақ қишлоғида юрак хуружидан вафот этган 14 ёшдаги марҳумни дафн қилиш 4 кунлик можарога айланиб кетди.

Маълум бўлишича, марҳумнинг оила аъзолари насронийликни қабул қилиб, баптистлар оқимига қўшилган. Қишлоқ аҳли ўз ерига насронийнинг дафн этилишига қарши чиқиб, барча баптистларнинг қишлоқдан ҳайдалишини талаб қилди.

Қирғизистон ҳукумати вакиллари воқеа жойига етиб келиб, тарафларни муросага келтирмоқчи бўлди. Тўрт кун мобайнида мусулмонлар, насронийлар ва ҳукумат вакиллари музокаралар олиб борди. Ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли баптистларга бир қатор талаблар қўйди.

“Биз иккита талаб қўйдик. Қишлоғимизга четдан келиб яшаётган баптистлар бу ердан кетсин. Иккинчи талаб, марҳум мусулмонлар қабристонига эмас, қишлоқдан ўттиз километр узоқликдаги насронийлар қабристонига дафн этилсин. Агар марҳумнинг оиласи бунга кўнмаса, четдан келган насронийлар билан бу ердан кўчиб кетсин. Кўчмаса ўзимиз ҳайдаб чиқарамиз”,- деди музокараларда иштирок этган мусулмонлар вакили Асқарбек Ибраимов.

Аввалига баптистлар бундай талабларга рози бўлмади. Улар маҳаллий ҳокимият қишлоқ ҳудудидан насронийлар қабристони учун ер ажратиб берганини иддао қилиб, шунинг учун ҳам марҳум айни шу қишлоқда кўмилиши шартлигини талаб қилди ва бу борада кўмак кўрсатилишини сўраб Қирғизистон президентига ёзма мурожаат жўнатди.

“Бу ерда барчамиз юрак-юрагимиздан қон йиғлаб турибмиз. Мана тўрт кундирки, бизга уч шарт қўйиб, муроса қилишни истамаётирлар. Бу қишлоқда насронийлар қабристони ташкил этилиши шарт. Ахир ҳар бир мурдани кўмиш учун биз ўттиз километр наридаги қабристонга боравермаймиз-ку”,- деди ўзини Ақилбек деб таништирган баптист.

Музокараларнинг тўртинчи куни вазият ўта қалтислашди.

“Баптистлар ур-тўполон бўлишидан манфаатдорга ўхшайди. Тўрт кундан бери жаҳлимизни босиб турибмиз. Насронийни мусулмонлар қабристонига кўмиш мумкин эмаслиги кундай аён-ку. Нега энди улар бу оддий ҳақиқатни тушунишни истамаяпти? Демак, бу воқеани динлараро тўқнашувга айлантириш мақсади бор”,- деди қишлоқликлардан бири.

Вазият мана шу тарзда таранглашгач, баптистлар марҳумни ўз уйи ҳовлисига дафн этди.

Олинган сўнгги хабарга кўра, Норин вилояти расмийлари марҳумнинг отасини жасадни насронийлар қабристонига барча диний тадбирларни ўтказган ҳолда қайта дафн қилишга кўндирган. Майит насронийлар қабристонига қайта дафн этилган.

Айтиб ўтиш керакки, бундай вазият Қирғизистонда тез-тез такрорланиб туради. Норин ва Ўш вилоятларида ҳамда пойтахт Бишкекда насронийликни қабул қилган қирғиз, уйғур, ўзбек ёшлари сони, насроний черковлари маълумотларига қараганда, 50 мингга яқинлаб қолган. Катта шаҳарларда бу каби зиддиятлар келиб чиқмаётган бўлса-да, кичик шаҳар ва қишлоқларда мусулмонлар ва насронийликни қабул қилганлар ўртасидаги можаролар одатий ҳолга айланмоқда.
XS
SM
MD
LG