Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:43

Қонун ҳам қочқин хавфсизлигига кафолат бермаслиги мумкин


Қозоғистон парламенти депутати, президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Сағинбек Турсунов БМТ қочқинлар идорасининг Осиё ва Тинч океани минтақаси бюроси раҳбари ўринбосари Терри Морел билан учрашуви чоғида Қозоғистонда қочқинлар тўғрисидаги қонун қабул қилиниши зарурлиги таъкидлади.

Ҳозир қочқинлар тўғрисида қонун ишлаб чиқилаётганини билдирган Сағинбек Турсунов мазкур лойиҳанинг яқин кунларда парламентга кўриб чиқиш учун юборилишини маълум қилди.

Терри Морел Қозоғистоннинг иқтисодий ютуқлари ва мамлакатда мавжуд сиёсий барқарорликка алоҳида тўхталар экан, бундай муҳит Марказий Осиё давлатларидан келаётган меҳнат муҳожирлари ва қочқинларни ўзига жалб қилишини, шу боис ҳам Қозоғистон парламенти томонидан кўриб чиқиладиган қочқинлар тўғрисидаги қонуннинг бутун Марказий Осиё минтақаси учун аҳамиятли бўлишини қайд этди.

Қозоғистонлик таҳлилчилар ҳам мамлакатда қочқинларга оид қонунчилик базасининг ҳали мукаммалликдан йироқлигини таъкидлайди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонасининг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живаго маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистон ҳудудида юрган қочқинлар ҳақ-ҳуқуқларини Аҳоли миграцияси қўмитаси томонидан тасдиқланган “Муҳожирлик тўғрисида”ги қонуннинг икки моддасига асосланиб ҳимоя қилишини айтади. Бироқ ушбу ҳужжатда фақат конвенцион, яъни Афғонистон, Ироқ, Эфиопия каби давлатлардан келган ва давлат томонидан тан олинган қочқинлар ҳуқуқлари келтириб ўтилган. Бироқ БМТ томонидан қочқин сифатида тан олинган мандатли шахслар, хусусан, ўзбекистонликлар ҳақ-ҳуқуқлари Қозоғистон ҳукумати томонидан кафолатланмагани учун ҳам қочқинлар ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши бугунги кунда долзарбдир.

“Бизда Ўзбекистон, Чеченистон ва хитойлик уйғурлар ҳақида ҳеч вақт гап кетмайди. Улар мандатли қочқинлар ҳисобланиб, уларни БМТнинг қочқинлар иши бўйича ваколатхонаси ҳимоя қилади. Расмийлар ҳам бундай қочқинлар ҳақида сукут сақлашни афзал билади ва улар Қозоғистон ҳукумати томонидан ҳимоя қилинмайди”,- деди Д.Живаго.

Қозоғистонда яшаётган аксар ўзбек қочқинлари ҳам “Озодлик” билан суҳбатда ўзларини бу мамлакатда ҳар жиҳатдан ҳимояланган сезмасликларини билдирди.

Ўзбек қочқинларидан бири эса Қозоғистонда қочқинлар тўғрисида қонун қабул қилинган тақдирда ҳам бу ҳужжат улар хавфсизлигини тўлиқ таъминламаслигини таъкидлади.

“Чунки алоҳида шахслар, мансабдорлар бор, уларнинг қўлидан кўп нарса келади. Давлат бизга хавфсизлик жиҳатдан хотиржамлик ваъда қиляпти-ку, лекин алоҳида шахслар бор, уларнинг яширин ишларининг олдини олиш қийин. Шунинг учун хавотирли жойлари жуда кўп”,- деди қочқин.
XS
SM
MD
LG