Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:04

Оиладаги зўравонлик ҳамон долзарб муаммо


Сўнгги бир ҳафта давомида Тожикистонда аёлларга нисбатан зўравонлик муаммосини ўрганган БМТ вакиласи тожикистонлик аёлларни зўравонликлардан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялашга доир қонун ҳамон қабул қилинмаганидан ташвиш билдирди.

БМТнинг аёлларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус маърузачиси Яқин Эртурк Тожикистонга келишидан аввал дунёнинг 15 давлатида бўлгани, уларда ҳам шундай муаммолар мавжудлигини айтди.

“Аммо Тожикистондаги вазият бошқа давлатлардагидан шуниси билан фарқ қиладики, бу ерда аксарият оилаларда аёлларнинг қонуний никоҳдан ўтмаслиги, меҳнат муҳожирлиги каби омиллар таъсири муаммони янада оғирлаштиради. Қонуний никоҳга эга бўлмаган ва оиладан қувилган аёл ўз мулкига эга бўла олмайди, ўз ҳуқуқларини ҳимоялай олмайди. Бу эса уни жиноятга бошлайди”,- деди БМТ вакиласи.

Қайд этиш жоизки, Яқин Эртурк Тожикистондаги ягона аёллар қамоқхонасидаги вазият билан ҳам танишган.

“Мен суҳбатда бўлган маҳбусаларнинг кўпчилиги ўзини ранжитганларни, эри ва яна бошқаларни ўлдирганлик айби билан қамоқда ўтирибди. Бу эса оиладаги зўравонлик нима билан тугаши исботи. Аёл шунчаки ўлдирмайди. У зўравонлик қурбони бўлгани учун, ҳуқуқлари поймол бўлгани учун қасд олади ва жиноятчи бўлади”,- деди БМТ вакиласи.

Эртурк хоним оилада зўравонлик қурбони бўлган ва аччиқ устида илк бор жиноятга қўл урган бу бахтсиз аёллар амнистия қилинмаганидан норозилик билдирди.

Аёлларнинг жиноятчи бўлмаслиги учун у, энг аввало, қонун томонидан ҳимояланган бўлиши ва оғир вазиятга тушиб қолганида уни ҳимоялайдиган қонун, давлат, жамият бўлиши зарурлигини таъкидлаган Яқин Эртурк: “Мен бир ҳафта давомида республиканинг бир неча туманларида бўлдим. Афсуски, оиладан қувилган аёлни ҳимоясига оладиган бирорта муассасани учратмадим”,- деди.

Яқин Эртурк аёлларни оиладаги зўравонликлардан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялашга қаратилган қонун лойиҳаси ҳамон Тожикистон парламентига тақдим этилмагани, бу эса зўравонлик муаммосига ҳукуматнинг лоқайдлигидан ўзга нарса эмаслигини билдирди.

Шунингдек, БМТ вакиласи Ўзбекистонда бўлмагани, Тошкент ҳукумати унинг мамлакатдаги вазият билан танишиш тўғрисидаги таклифларини жавобсиз қолдириб келаётганини қўшимча қилди.

Яқин Эртурк Тожикистондан сўнг аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоларини ўрганиш ниятида Қирғизистонга сафар қилади.
XS
SM
MD
LG