Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

Тошкентнинг юбилейи айрим фуқароларга қимматга тушяпти


Тошкент шаҳри ҳокимлиги қарори билан Ҳамза туманининг Чўлпон маҳалласидаги тахминан 200 та турар-жой бузилиши режалаштирилмоқда. Бу ишлар Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейи муносабати билан амалга ошириляпти.

Маълум бўлишича, уйлари бузилган фуқароларга шаҳар чеккасидан квартиралар таклиф қилинмоқда. Лекин одамлар бу таклифга норозилик билдиряпти.

“4 сотих ерим, 6 хонали уйим бор. Икки хонали уй берамиз, дейишяпти. Кадишев, Сирғали тарафдан жой берамиз, дейишаяпти. Бизнинг жойимиз марказда бўлса, 4 сотих ери бўлса, икки хонали уйдан фарқи бор-ку. Ҳамма норози, марказдан берсин, дейишяпти. Улар марказда уй йўқ, дейишяпти”,- дейди Чўлпон маҳалласида яшовчи Шокир исмли суҳбатдош.

“Улар бори шу чекка жойлардаги уйлар экани, шуни ҳам олмасак, жойсиз қолишимизни айтишяпти,- сўзларида давом этди Шокир. – Бир сотих еримиз нархи 25000 доллардан 60000 долларгача, деб ўзлари айтяпти. Энди 7 сотих ери бор одамга икки хонали квартира берамиз, дейишяпти. Бу тўғри келмайди”.

Маҳалла қўмитаси раиси Саъдулла Аҳмедов уйлар айнан Тошкент шаҳри юбилейи муносабати билан бузилаётганини тасдиқлади.

“Жуда катта ишлар бўляпти. Бу ерларни бузиб, фуқароларни бошқа жойга кўчириш, обод қилиш ишлари бўляпти. Биз ҳозир нечта уй бузилаëтганини ҳисобини оляпмиз ва 1-2 кунда тугатамиз. 200 та атрофида бордир”,- деди С.Аҳмедов.

Маълум бўлишича, Тошкентнинг 2200 йиллик юбилейи муносабати билан шаҳардаги бошқа бир қанча объектларнинг ҳам бузилиши режалаштирилган. Жумладан, Амир Темур хиёбони яқинидаги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА биноси, қисман “Амир Темур” автошоҳбекати, унинг ёнидаги квартира ва газета бозори.

Uznews.net сайти эълон қилган “Тошкент ҳукуматининг навбатдаги ёввойи ҳаракатлари” номли мақолада ёзилишича, Тошкент марказидаги шаҳарнинг меъморий дурдоналари сирасига кирувчи Сталин даврида қурилган уйлардан айримлари ҳам бузилади. Бу каби уйлар Тошкентда 20 тача бўлиб, улар 1966 йилги зилзилага ҳам бардош берган ноёб иморатлардан ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG