Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас


Замон ўзгариши ва одамлар норозилигига қарамай, Шимолий Кавказда асрлар давомида бўлиб келган қиз ўғирлаш анъанаси ҳозиргача давом этмоқда. Бироқ маҳаллий ҳукумат бундай урф-одатнинг давом этиши олдини олиш бўйича чоралар кўраётгани йўқ.

“Кавказ асираси” фильми 1967 йилда катта экранларда намойиш этилганида уни саксон миллион томошабин завқ-шавқ билан томоша қилган эди. Совет даврида комедия жанрида ишланган энг машҳурлардан бири бўлган бу фильмда халқ оғзаки ижоди билан танишиш мақсадида Шимолий Кавказга саёҳат қилган соддадил талаба Шурикнинг саргузаштлари ҳикоя қилинади. Шурик ўз амакиси томонидан келин сифатида сотиб юборилган Нинани ўғирлашда ёрдам берганини тушуниб ўз хатосини тўғрилашга астойдил урингани ва мақсадига етгани фильм ижодкорлари томонидан катта маҳорат билан томошабинга тақдим этилган.

Шимолий Кавказда бу анъана ҳозиргача давом этмоқда.

Қорачой-Черкес республикаси пойтахти Черкесскда беш йил олдин Лиля исмли қиз ўғирлаб кетилиб, зўравон пияниста кишига турмушга чиқишга мажбур қилинган.

“Ўғирлаб кетишганида мен 18 ёшда эдим. Мени ўғирлаб унинг уйига олиб боришган. Эрим доим ичарди ва ҳеч қаерда ишламасди. Мен уйимга қайтиб кета олмадим. Бизда агар қиз бола уйига қайтиб кетса, одамлар орасида ҳар хил ёмон гап-сўзлар тарқалади”, – дейди Лиля.

Зўравон эрдан бир фарзандли бўлган Лиля уч йил турмуш қилганидан кейин охири онасининг уйига қайтиб кетишга мажбур бўлган.

Черкесскда яшовчи Зарета исмли қиз ҳам кундузи ўғирлаб кетилган.

“Воқеа Черкесск шаҳри марказида тушлик пайтида бўлди. Мен озиқ-овқат сотиб олиш учун дўконга кирган эдим. Харид қилишга улгурмасимдан икки йигит тирсагимдан маҳкам ушлаб олди. Мен ҳатто қимирлашга улгурмадим. Улар мени ташқарига олиб чиқди. Мени қўйиб юборинглар, дедим. Ўтиб кетаётган одамлардан менга ёрдам беришларини сўрадим. Аммо ҳеч ким ёрдам бермади”, – дейди Зарета.

Ўғирлаб кетган йигитлар машинада кетаётиб Заретадан Рамазон исмли у танимаган йигитга турмушга чиқишни илтимос қилган. Рад жавобини олгандан кейин қўрқитишга ўтган. Улар қизни шаҳар ташқарисига ўрмонга олиб бориб, агар қаршиликни бас қилмаса, уни ўша ерга ташлаб кетиш билан таҳдид қилган. Ёки у зўрланиши ва барибир турмушга чиқишга мажбур бўлишини айтишган. Кейин қиз қўрққанидан Рамазон билан турмуш қуришга рози бўлган.

Ўғирланган қизларнинг баъзилари бахтли ҳаёт кечиради. Аммо аксарининг турмуши бир неча йилдан кейин бузилади.

“Қиз ўғирлаш қадимдан қолган анъана. Бу одат икки оиланинг бир-бирига душман бўлиб қолиши билан якунланади. Баъзан қишлоқ аҳолиси иккига бўлиниб бир-бирига душман бўлиб қолади. Ниҳоят бу иш тортишув ва жанжал билан тугайди”, – дейди Черкесскда яшовчи ёзувчи Али Черкесов.

Шимолий Кавказ аҳолисининг аксари қиз ўғирланишига қарши бўлишига қарамай, ҳукумат расмийлари томонидан бундай урф-одат давом этишининг олдини олиш учун чоралар кўрилмаяпти. Масалан, икки ой олдин Россия Давлат думасига тақдим этилган қиз ўғирлаган шахсларни жавобгарликка тортишни кўзда тутган қонун лойиҳаси қабул қилингани йўқ.
XS
SM
MD
LG