Линклар

logo-print

Нефть ва газ ЕИнинг сиёсатини юмшатяпти

  • Садриддин Ашур

Бельгия пойтахти Брюсселда Болгария ва Руминиянинг Европа Еттифоқига қўшилгани муносабати билан Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик келишувига оид протокол имзоланди.

Ўзбекистон ЕИ билан 1996 йилда шериклик ва ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди. Энди ЕИга Болгария ва Руминия ҳам қўшилгани боис, протокол имзолашга эҳтиёж пайдо бўлди.

Бу протоколга кўра, Ўзбекистон ЕИ доирасида кенгайтилган ҳамкорлик олиб бориши мумкин. Протокол имзоланиши маросимида ЕИнинг амалдаги раҳбари Словения элчиси жаноб Сенчар ЕИ билан Ўзбекистоннинг икки томонлама муносабатлари анча ривожланганини таъкидлади.

Лекин кузатувчилар фикрича, ЕИ Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондаги иқтисодий манфаатларини ўйлаб, демократия ва инсон ҳуқуқлари талабларидан анча кўз юмаётганга ўхшайди.

Бу хусусда гапирган “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов: “ЕИ Ўзбекистон билан мулоқотни кучайтириши керак ва бунинг натижасида Ўзбекистон ҳукумати сиëсий маҳбусларни озод қилиши, сиëсий мухолифат эркин фаолият юритиши учун тўсиқларни олиб ташлаши керак. Шундай ўзгаришлар бўлса, Ўзбекистонда демократлаштириш жараëнлари ҳам пайдо бўлади ва ривожланиш бўлади. Лекин ҳозир ЕИнинг қоғоздаги гаплари билан Ўзбекистон ичида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти. Аксинча биз ЕИ билан мулоқот бўлди, деб жар солаëтганимиз билан Ўзбекистон ҳукуматида орқага кетиш ҳолатлари ҳам бўлиб қоляпти. Бу, албатта, ЕИнинг позициясига боғлиқ, деб ўйлайман. ЕИ ўз талабларини кескинроқ қўйиши керакмикин, деган фикрдаман”,- деди.

Агар ЕИнинг шартномадаги бош талабларидан бири инсон ҳуқуқлари ва жамиятни демократиялаштириш бўлса, нега унда ЕИ бу талабларни иккинчи ўринга суриб қўймоқда?

“Фикримча, ЕИ сиëсий манфаатларидан эмас, иқтисодий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бу қадамларни қиляпти. Чунки уларнинг ҳозир Ўзбекистонга нисбатан олиб бораëтган сиëсатида, асосан, иқтисодий манфаатлари ëтибди ва иқтисодий манфаатлар орқали сиëсий таъсир кўрсатиш имкониятига эришамиз, деб ўйлашяпти. Албатта, бу нотўғри позиция, деб ўйлайман. Чунки агарда Ўзбекистонда сиëсий ўзгаришлар ва демократиялашиш бўлмаса, ЕИнинг иқтисодий манфаатлари ҳам ҳеч қандай ҳимояланмайди ва улар бу йўналишда мағлубиятга учрайди”,- деди П.Охунов.

Кўпгина кузатувчилар ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан тутган сиёсати юмшаганининг асосий сабаби унинг МОдаги энергетика захираларга бўлган қизиқиши, деб айтмоқда.

“Мен ҳам бу фикрларга қўшиламан, аммо гап фақат энергия ресурсларида, деб ўйламайман. Чунки ҳозир ЕИ Ўзбекистондан катта энергетик ресурс олиш имкониятига эга эмас. Барча транзит йўллар Россия орқали ўтгани учун уларнинг муддатли манфаатлари бор. Энергетика ресурслари маъносида. Иккинчи мақсад, Ўзбекистон нима бўлганда ҳам МОнинг калити ва геосиёсатда жуда катта роль ўйнайди. Шунинг учун уларнинг геосиёсий манфаатлардан келиб чиқиб Ўзбекистон билан алоқаларни яхшилаб, шу ерга жойлашиб олиб, Роосия ва Хитой билан биргаликда келажакда бўладиган дунë сиëсатига таъсир қиладиган жараëнларда қатнашиш мақсади бор. Шу билан бирга, улар МОга жойлашиб олса, энергетик ресурсларни Россияни айланиб ўтиб олиш мақсадларига ҳам эришади”,- деди П.Охунов.
XS
SM
MD
LG