Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:10

“Тожикэйр” “Домодедово”ни ўғирликда айблади


“Тожикэйр” авиакомпанияси раҳбарияти Москвадан келаётган самолётлардан йўловчиларнинг юклари ўғирланиши ҳолатлари тобора кўпайиб бораётганида “Домодедово” аэропорти ходимларини айблади.

Россияда ишлаб қайтаётган ва бир азоблар билан ишлаб топган пули эвазига олган қимматбаҳо юки йўқолаётганидан шикоят қилувчи тожикистонликлар сўнгги вақтларда кўпайиб бормоқда. Жумладан, ўзини Малика деб таништирган суҳбатдош ҳам яқинларидан бирига совғага олган мобиль телефонини аэропортда ўғирлаб қўйишганини билдирди.

“Тожикэйр” вакиллари бундан бир йил аввал йўлга қўйилган “Домодедово” рейси билан учувчи йўловчилар орасида Маликага ўхшаганлар сони кўпайиб бораётганини айтмоқда.

Авиакомпания вакилларининг билдиришича, Тожикистонга парвоз қилган сўнгги биргина рейсда 65 йўловчининг юки ўғирлангани қайд этилган. 18 май куни эса юзга яқин йўловчидан юки ўғирлангани борасида шикоят тушган.

“Биз “Домодедово”дан келган ҳар бир рейс учун аэропортимиз масъуллари, ҳуқуқ-тартибот, божхона, чегара ва “Домодедово”нинг Душанбедаги ваколатхонаси ходимларидан иборат махсус комиссия тузиб, сўнгра самолёт эшигини очишга мажбурмиз. Асосий гуноҳкорларни тутиш ва қонуний жазолаш учун бундан бошқа чора йўқ”,- деди авиакомпания вакили Алишер Рустамов.

“Домодедово”нинг Тожикистондаги вакили Парвиз Шодмонов ҳам “Домодедово” аэропортида йўловчилар юкларининг ўғирланиши ҳолатлари кўпайиб бораётганини тан олди.

“Бу муаммога, аввало, ўз ҳуқуқларини яхши билмаган тожикистонлик йўловчилар дуч келмоқда. Аксарият ҳолларда улар декларация тўлдириш чоғида жомадонидаги юкларнинг ҳаммасини кўрсатмайди ва юк ўғирланганда биз исботлай олмаймиз”,- деди Парвиз Шодмонов.

Маълум бўлишича, “Домодедово” масъуллари Тожикистон томонининг бир неча марта қилган талабу таклифларини жавобсиз қолдирган. Шунинг учун муаммони бартараф этиш талаби билан Тожикистон ва Россия ҳукуматларига ёзма расмий мурожаат қилинган.

“Тожикэйр” ширкати вакиллари сўзларига кўра, йўловчилар юкларининг ўғирланиши ҳолатлари фақат “Домодедово” аэропортида кузатилади. Аммо Россиядан Тожикистонга қатновчи бошқа рейсларда ҳозирча бу каби ҳолатлар қайд этилмаган.
XS
SM
MD
LG