Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:39

Битирувчи кўп, талаба кам


Жорий йилда Ўзбекистонда умумтаълим мактабларининг 9-синфини 610 мингга яқин, 11-синфни эса 174 минг ўқувчи битиради. Ўтган йили олий ўқув юртларига қабул қилинган талабалар сони атиги 52 минг нафарни ташкил этганди.

Ҳар йили Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманидаги 1-мактабни битирган ўқувчилардан атиги уч-тўрт нафари олий ўқув юртларига киради.

Шу мактаб ўқитувчиси Шокиржон Мўминовнинг айтишича, йилдан-йилга ўқувчилар орасида олий таълим олишга қизиқувчилар камайиб кетяпти.

“Ўтган йили 11-синфни 26 ўқувчи битирган. Шулардан 3-4 таси институтга кирди. Илмга ва олий ўқув юртларига кириш умумтаълим мактабларининг ўқувчиларида анча сусайган”,- деди Ш.Мўминов.

Олий таълим олишга қизиқиш сустлиги нафақат андижонлик ўқувчилар орасида, балки мамлакатнинг барча ҳудудларидаги мактабларда ҳам кузатилади.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги Кўксарой қишлоғидаги 30-мактаб ўқитувчиси Улуғбек Усмонов ҳам ўқувчиларнинг билим олишга қизиқмасликларини гапиради.

“Охирги 10-15 йил ичида болалар орасида ўқишга иштиëқ кескин равишда пасайиб кетди. Оммавий тарзда институтларга киришлар камайди. Болалар билими ҳам олдингига нисбатан анча пасайиб кетди”,- дейди У.Усмонов.

Самарқанд халқ таълими бошқармаси ходими Саидаҳмад Аҳмедов ўтган йилда вилоят мактаблари битирувчиларининг 12 фоизи олий ўқув юртларига кирганини билдирди. У талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган ёшларнинг аксарияти алоҳида қатламга мансуб эканини айтди.

“Моддий жиҳатдан бой-бадавлат одамлар қатлами бор. Улар репетитор ëллаб, бошқа йўлларини қилиб болаларини олий ўқув юртларига тайëрлаяпти, чет элларда ўқитяпти. Бу ниҳоятда кичкина қатлам”,- деди С.Аҳмедов.

Маълум бўлишича, олий ўқув юртларига кириш кўпроқ шаҳар, асосан, пойтахт мактаблари битирувчиларига насиб этади. Қишлоқ мактаблари ўқувчилари билимсизлигининг асосий сабабларидан бири уларнинг эрта баҳордан кеч кузгача дала ишларига жалб қилиниши экани таъкидланади.

У.Усмонов билим олишга қизиқмасликнинг яна бир сабаби иқтисодий муаммолар эканини қайд этди.

“Болаларда ўқишга олдингидай иштиëқ йўқ. Чунки институтни битириб чиққан дипломли одамлар нима билан шуғулланаëтганини улар кўряпти. Олий маълумотли одамлар иш топа олмасдан юрибди. Дипломи бўла туриб мардикорлик қилиб юрганлар кўп. Шуларни кўрган болаларда интилиш йўқ. Ҳозир билими бўлсин-бўлмасин, олийгоҳга кирсин-кирмасин, асосан, пул топса бўлди. Ота-оналарга ҳам, болаларга ҳам шу бўлиб қолди”,- деди У.Усмонов.

Иқтисодий муаммолар ўқувчиларни мактабни ташлаб пул топишга ҳам мажбур қилаётганини кузатиш мумкин. Шокиржон Мўминов айрим юқори синф ўқувчилари ҳозир мактабга бориш ўрнига Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилиб пул ишлаётганини айтади.

“Ҳатто 8-9 синфдан ўқишни ташлаб ёки 11-синфни битирмасдан Россия ва Қозоғистонга кетиб қолиш ҳолатлари ҳам бўлган бизда”,- деди муаллим.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда олий таълимнинг 60 фоизи пуллик ҳисобланади. Аксарият оила фарзандлари айнан шу боис олий таълим олишдан маҳрум эканини таъкидлайди таҳлилчилар.

Андижонлик 19 ёшли Муродил Машарипов олий таълим олиш ниятида. Айни пайтда у Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида мардикорлик қилиб ўқишга кириш учун пул йиғаётир.

“Институтга кира олмадим. Ҳозир пул топишга тиришяпман. Ҳозир ўқишлар пуллик-ку, ўшанга пул йиғяпман. Олдин пул йиғай, кейин шартнома бўлса ҳам кираман”,- деди Миродил.

Муродил ўқишга кириш орзусида бўлса, айрим ўзбек болалари умуман мактаб нималигини билмай ўсаётгани ҳақида хабарлар бор. Қароргоҳи АҚШда жойлашган “Save the Children” (“Болаларни асранг”) ташкилоти 2006 йилда Ўзбекистонда қарийб ярим миллион бола мактабга бормаслиги ҳақида ёзганди.
XS
SM
MD
LG