Линклар

Халқаро қўмитанинг сирларга тўла ишлари

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:oBDEbd6bKoGRZM:http://eh.lenin.ru/flags/7or/org/rcrc-f.gif Халқаро қизил хоч қўмитаси бир неча йил давом этган музокаралардан сўнг яна Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳвол билан бевосита таниша бошлаганига ҳам икки ой бўлди.

Ўтган давр мобайнида қилинган ишлар ва мавжуд вазият ҳақида “Озодлик” мухбири қўмитанинг Ўзбекистондаги миссияси вакили Раул Форстер билан суҳбатлашди.

Озодлик: Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятнинг ўта ëмонлиги халқаро ҳисоботларда акс этган. Назарингизда ўзбек қамоқхоналаридаги бугунги аҳвол қандай, илгаригидан яхшими ëки ëмон?

Раул Форстер: Бу жуда яхши савол. Агар сиз биз тарқатган маълумотларни ўқиган бўлсангиз, ўзбек қамоқхонаси қандай маскан экани ҳақида етарлича хабар топа оласиз.

Озодлик: Сизнинг ташкилотингиз охирги маротаба ўзбек қамоқхоналарига қачон ташриф буюрди?

Раул Форстер: Биз ҳар ҳафта қамоқхоналарга бориб, маҳкумлар аҳволи билан яқиндан танишмоқдамиз. Бу бизнинг ишимиз. Биз доимо қамоқхоналардаги маҳкумлар аҳволи билан қизиқамиз.

Озодлик: Масалан, бугун бирор ўзбек маҳкумининг ҳолидан хабар олдингизми?

Раул Форстер: Бугун ҳам бир ўзбек маҳкуми билан қамоқхонада учрашувимиз режалаштирилган эди, аммо баъзи сабабларга кўра, бу ташриф кейинги ҳафтага кўчирилди.

Озодлик: Ўзбекистондаги айнан қайси қамоқхоналарга бормоқдасиз? Масалан, Қўйлиқдаги аëллар қамоқхонасини ҳам бориб кўрдингизми?

Раул Форстер: Ҳа, бордик. Умуман биз Ўзбекистондаги барча жазони ўташ масканларини кўздан кечирмоқдамиз.

Озодлик: Қўйлиқдаги аëллар қамоқхонасида сиëсий маҳбус Мўътабар Тожибоева сақланмоқда. Унинг ҳолидан хабар олдингизми?

Раул Форстер: Ҳа, биз у кишининг журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли эканини биламиз. Унинг ҳолидан хабардормиз. Аммо бизнинг маҳкумлар билан учрашувимиз тафсилотлари конфедициал ҳисобланади. Биз учрашувдан кейин ўзбек расмийларига тавсиялар берамиз.

Озодлик: Қандай тавсиялар?

Раул Форстер: Яхши ва тўғри савол. Аммо бизнинг тавсияларимиз ҳам конфедициалдир.

Озодлик: Жаслиқ қамоқхонасига ҳам бордингизми?

Раул Форстер: Жаслиқдаги қамоқхонани бориб кўриш режаларимиз бор. Бу борада жиддий иш олиб бормоқдамиз.

Озодлик: Ўзбек қамоқхоналари ҳақида гапирилганда уни Иккинчи жаҳон уруши давридаги немис концлагерлари билан қиëслашади. Сизнингча, бу параллелда жон борми?

Раул Форстер: Биз бошқа қамоқхоналар билан ўзбек қамоқхоналарини қиëслаш билан шуғулланмаймиз. Биз параллеллар ҳам ўтказмаймиз. Биз алоҳида олинган маҳкумлар шароитини ўрганамиз.

ХҚХҚ миссияси томонидан қамоқхоналардаги вазият билан танишиш 2005 йил августда, Андижон воқеаларидан сўнг бутунлай тўхтатилганди. Энди эса расмийлар ХҚХҚ ходимларига олти ой синов муддати давомида турмаларга кириб маҳбусларни кўришга ижозат берган.

2005 йилдан олдин халқаро ташкилот вакилининг қамоқхонага қай тарзда ташриф буюргани ҳақида собиқ маҳбуслардан бири “Озодлик”ка ҳикоя қилиб берди:

“Ташриф бўлишидан олдин бу ҳақдаги хабар маҳбусларга етиб борган ва у ерда ҳамманинг оғзини ёпиш, ортиқча гапирсанг изоляция қиламиз, деган маънодаги қўрқитувлар бўлган. Кейин ташриф буюрувчилар келди. Улар меҳмонларга шунақа шароит қилиб беришганки, кичкина битта жойга ҳалиги лаганбардорлар бўлади-ю ўз манфаатини кўзлайдиган, ўшаларни киргиза бошлаган. Улардан “ҳамма нарса яхши ва ҳаммаси жойида” каби ҳамда сафсатабозликдан бошқа қандай жавоб олинади. Мен кейин буларнинг ëнига отилиб чиқдим. Олдимни тўсишган бўлса ҳам мен чиқдим ва уларга бор нарсаларни гапирдим. Гапимнинг ўртасида: “Сизлар кетганингиздан кейин мен бу ерда тазйиқ ва босимларга учрайман”, деб айтдим. Мен 3 ой изоляторда ëтдим. Барзанги йигитлар мени роса тепкилашди. Мени қалдирғоч, яъни ўнг ва чап қўл тепадан ëки ўнг қўл ва чап қўл пастдан қилиб кишанлашди. Мен шу тариқа 5 соат турдим. Мен у ерда ўлиб кетишим керак эди. Мен буларнинг олдидан қандай тирик чиққанимга ўзим ҳайронман. Ўзи буларнинг мени ўлдириб юбориш нияти бор эди”.
XS
SM
MD
LG