Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:40

Европа манфаати ҲРУ мурожаатини ҳам четга суриб қўйди


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакилига аккредитация берилмаганини қоралаш ва инсон ҳуқуқлари малаласида қаттиқроқ бўлиш қарори тўғрисидаги мурожаати ЕИ томонидан жавобсиз қолдирилди.

ҲРУ ЕИдан ушбу масалаларни тузилма ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда 26 май куни ўтадиган йиғилиши кун тартибига киритишни сўраганди. Аммо “Озодлик”нинг мазкур йиғин ишини кузатган мухбири Аҳто Лобякас унда Марказий Осиёнинг Афғонистондан бошқа бирорта мамлакати номи тилга олинмаганини билдирди.

“Вазирлар муҳокамасига қўйилган мавзулардан бирортаси Ўзбекистон билан боғлиқ эмас. Бир ойдан кейин ташқи ишлар вазирлари кенгашида ЕИнинг МО стратегияси яна муҳокама этилади. Балки ҲРУ сўрови келаси йиғинда инобатга олинар”,- деди Аҳто Лобякас.

ЕИнинг МО бўйича махсус вакили Пъер Морел иттифоқнинг Ўзбекистон расмийлари билан сиëсий мулоқот орқали мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг юмшаши, хусусан, халқаро ва маҳаллий фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан босимнинг секин-аста камайишига умид билдириб келаëтган расмийларидан бири. “Озодлик” билан ўтган суҳбатларда у ҲРУ вакилининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини тиклашига расман рухсат бериш талаби Тошкент билан музокаралар кун тартибида эканини таъкидлаган эди. Бироқ Пьер Морел ЕИ Тошкентга босимни юмшатиб, санкцияларни қарийб бекор қилганидан сўнг ҲРУ вакилининг аккредитация ҳақидаги сўрови рад этилганига муносабат билдиришни истамади.


“Мен ҳозир сиз билан бу масалада гаплаша олмайман. Мен мажлисдаман, жуда бандман”,- дея гапни қисқа қилди Пьер Морел саволни эшитиши билан.

ҲРУнинг Европа ва МО дастурлари директори ўринбосари Рейчел Денбер Тошкент ҳукумати ташкилот вакилининг Ўзбекистонда расмий ишлашига рухсат бермаслик билан ҳеч кимни ҳайратга солмаганини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукуматининг ҲРУ вакилини аккредитациядан ўтказмаслик қарори, очиғи биз учун бироз кутилмаган бўлди, аммо айни пайтда бизни ҳайрон қолдиргани ҳам йўқ. Аккредитация ҳақидаги сўровимизнинг ойлар давомида пайсалга солингани бу ҳақдаги қарорнинг ЕИнинг Ўзбекистонга қарши санкциялар тақдирини қандай ҳал этиши билан боғланганидан даракчи эди”,- деди Р.Денбер.

Халқаро майдондаги нуфузли ташкилотнинг Ўзбекистонда ўз фаолиятини қайта тиклашига рад жавоби берилганини ҲРУ расмийси ЕИнинг бу мамлакатга нисбатан тутаëтган сиëсати маҳсули сифатида баҳолади.

“ЕИнинг инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги ўз мезонларига амал қилмаслиги ва расмий Тошкент билан муносабатда аниқ-тиниқ сиëсат юрғизмаëтгани Ўзбекистон ҳукуматини бундай раддия беришга рағбатлантирди. Ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқда қолаëтган, расмий Тошкент Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабига бўйсунмаëтган бир пайтда ЕИ Ўзбекистонга қарши санкцияларни кучда қолдириш ëки кучайтириш ўрнига уларни деярли бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бундай ëндашув ЕИнинг ўз мезонларидан чекингани ифодасидир”,- деди Денбер хоним.

Иттифоқ ташқи ишлар вазирлари кенгашига мурожаат қилган ҲРУ инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонда сал бўлса-да, яхшиланишга эришиш учун бир қўлда кучли қамчи, иккинчисида ширинкулча ушлаш сиëсатигина натижа беришини таъкидлайди. Шу боис, ташкилот ЕИни Ўзбекистон билан келгуси мулоқотларда босимни юмшатиш эмас, балки кучайтиришга даъват қилади.
XS
SM
MD
LG