Линклар

logo-print

Гуруч нега қимматлади?

  • Замира Шукур

Осиëнинг бепоëн сарҳадларида гуруч нон каби азиздир.

Осиëнинг бепоëн сарҳадларида гуруч нон каби азиздир.

“Танганинг орқаси” дастурининг бу галги сони бугун кўпчилик ўзбекистонликлар оғзининг учида турган кундалик гап – бозорлардаги қимматчилик, аниқроғи гуруч нархи ошиб кетгани мавзуига бағишладик.

“Гуручнинг энг яхшисини 1200-1300 сўмга олар эдик. Май ойига келиб гуручлар нархи бирдан кўтарилиб кетди. Ҳозир “Аланга” гуручи 3000 сўмдан, тушириб 2600га олса бўлади”.

Бу Тошкент бозорларидаги шу кунлардаги нарх.

Дастурнинг бу галги сонида ошсевар ўзбекнинг тўй мавсуми арафасида гуруч нархи нега кутилмаганда икки баравардан кўпроққа ошди, бунинг ортидаги сабаблар нима, бу маҳаллий жараëнми ëки глобал кўламдаги озиқ-овқат бўҳронига боғлиқми,Ўзбекистонда гуруч нархининг келажакда пасайишини кутиш мумкинми, деган саволларга биргаликда жавоб излаймиз.

2008 йил бошидан жаҳон бўйлаб асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, гуруч ва буғдой нархи кескин кўтарилиб бормоқда. Бундан эса йўғон чўзилиб, ингичка узилмоқда. БМТ, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги каби халқаро ташкилотлар жараëн шу тарзда давом этаверса, дунëда 100 млн одамнинг очлик гирдобига тортилишидан бонг урмоқда.

Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Осиë бўйича мутасаддиси Дидерик де Влишаувер гуруч ва буғдой нархининг қимматлаши ортида бир неча сабаб ëтганини айтади.




“Биринчи сабаб, Австралиядаги даҳшатли қурғоқчилик каби табиий офатлардир. Ўзбекистонда ҳам бу йил қуруқ келмоқда ва бу сув муаммоси билан қўшилиб, вазиятни оғирлаштиради. Табиий офатлар бозордаги маҳсулот, хусусан, гуруч нархига дарҳол таъсир кўрсатадиган биринчи омилдир. Иккинчи сабаб, жаҳон бозорида нефть нархининг тинимсиз кўтарилиб бораëтганидир. Бугун бир баррел нефть нархи 135 долларга етди. Қишлоқ хўжалигида ерни ағдаришдан то ҳосилни манзилига етказишга қадар ëнилғига муҳтож бўлгани боис, нефть нархининг мислсиз ошиб бораëтгани қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳам қимматлаштирмоқда. Асосий
озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошаëтгани ортидаги яна бир сабаб, масалан, гуруч ва унга эҳтиëж ошган сайин улар захираларининг бўшаб бораëтганидир. Оладиган кўпайиб, сотадиган камайса, талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат маълум муддатга бузилади”,- дейди Дидерик де Влишаувер.

Яна асосий мавзуимиз - Ўзбекистон бозорларида кейинги бир-икки ҳафта ичида гуруч нархининг икки баравардан кўпроққа ошиши мавзуига қайтамиз.

Тошкент бозорларида гуруч сотаëтганлардан бундай қимматлаш сабабини суриштирдингизми, деб сўраймиз Тошкентда яшовчи суҳбатдошимиз Ҳилола опадан.

“Сотадиганларнинг айтишича, Туркманистон чегарасига гуруч кўп ўтаëтган эмиш. Улар гуруч эвазига бензин бераëтган эмиш. Шуни ҳисобига қиммат дейишяпти. Энди бизлар ҳам аниқ маълумотларни билмаймиз. Кейин қурғоқчилик бўлиб бу йилги ҳосил ҳам яхши эмас экан, деган хабарлар бор. Олдин Тошкентга беш камазда гуруч туширилар экан. Ҳозир бор-йўғи бир камаз гуруч келаëтган экан. Шунинг учун гуруч устида жанжал-тўполон экан. Ўшанининг ҳисобига ҳам бозорларда гуруч нархи ошиб кетган экан”,- дейди Ҳилола опа.

Хўш, тошкентлик уй бекаси тилидан эшитганимиз изоҳда қанчалар асос бор? Тошкент, қолаверса, Ўзбекистон бозорларининг аксариятида Хоразм ва Қорақалпоғистонда етиштириладиган гуруч сотилади. Сиз тарафда етиштириладиган гуруч нархи нега бундай кутилмаганда ошиб кетди, деб сўраймиз хўжайлилик фермер Қубай Ортиқовдан.

“Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши “шоли экилмасин”, деган қарор чиқарган. Апрель ойи бошида умуман шолига ихтисослаштирилган туманларда ҳам шоли экилмасин, деб қарор чиқарган. Бу қарор газеталарда чиқмади ва бизга ҳам кўрсатилмади. Лекин қарор туман ҳокимларига жўнатилган. Бу қарор гуруч нархини сунъий тарзда осмонга кўтариб юборди”,- деди Қ.Ортиқов.

Хоразмлик фермер Отаназар ака воҳада етиштирилаëтган гуруч нархининг кескин кўтарилишини сув танқислиги ва захирадаги эски ҳосилнинг таги кўриниб қолгани билан изоҳлайди.

“Ҳамма жойимиз тақир ва қуруқ. Йиғилиш бўлса ҳам, гап гапирса ҳам ҳаммаси ëлғон гап. Шоли бўлади, бу бўлади, деган гапларга ишониб юрманглар. Мана, пахта экдик. Пахтамизга ҳам сув йўқ, бошқа жойимизга ҳам сув йўқ. Қовун-тарвузларимизнинг ҳаммаси қуриб ëтибди. Эски ҳосил аста-секин тугаб бораëтгани маълум. Бундан 10-15 кун олдин бозорда авангард гуруч 800 сўм эди. Аланга гуруч 1000 сўм эди. Ҳозир авангард 1800-2000 сўм, аланга эса 2000-2500 сўм”,- деди Отаназар ака.

Хоразм фермерлар уюшмаси вакили Воис Қурбонов ҳам сув муаммоси сабаб гуруч экишнинг камайиш эҳтимоли бозордаги нархга таъсир қилаëтганини тан олади.

“Сув муаммоси бўлиб турганда экишни бошлашди. Энди шолининг кейинги тақдирини бир ойдан кейин биламиз. Балки сув танқислиги нарх ошишига сабаб бўлгандир. Балки камроқ шоли экилар. Сув бўлмаса шоли экиш қийин-ку”,- деди Воис Қурбонов.

Қорақалпоғистонлик фермер Қубай оға Ўзбекистон бозорларида гуруч нархи кескин ошиши ортида иқтисодий диверсия ҳам турган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларни ҳам тилга олади.

“Тўғри, Туркманистонга бир ҳафтача бўлди, ҳозир тўхтади. Бундан аввал Туркманистонга ҳар куни шоли ўткаришган. Шовот билан Хўжайлидан ҳар куни 500-600 тонна шолини ўтказиб юборганлар. Буни кимлар қилаëтганини тушуниб бўлмайди. Ахир чегараларимизга бошчилик қиладиган одамлар бор, МХХ ходимлари бор. Демак, бу кимларгадир керак бўлиб қолган. Туркманистон ҳозир гуручли бўлиб қолди. Халқнинг айтишича, тахминан 10.000 тоннадан ортиқ шоли ўтиб кетган. Бу 15 кун ичида ўтиб кетган. Буни энди иқтисодий диверсия деймизми, бошқа деймизми, билмадим”,- дейди Қубай оға.

Эшитганимиз каби тўю маъракасини ҳам, ҳафталик ошини ҳам, асосан, Хоразм гуручига дамлайдиган ўзбекистонликлар бозоридаги нархнинг ошиши ортидаги сабаблар талайгина. Бунда маҳаллий ҳукуматларнинг шоли экишни тақиқлашию сув танқислиги ва катта миқдордаги контрабанда жараëнлари қоришиб кетган.

Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Осиë бўйича мутахассиси Дидерик де Влишаувер сўзларига кўра, гуруч нархининг жаҳон миқëсида ошиб бориши яқин келажакда тўхташи мумкин. Зотан, бу йил гуруч экспорт қилувчи Таиланд ва Вьетнам каби давлатларда ҳосилнинг жуда мўл келиши кутилмоқда.

Айни пайтда, мутахассис фикрича, ҳозирги қимматчилик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кучли туртки бериши мумкин.

“Биз асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилгани йиллардан бери эътиборсиз қолиб келаëтган қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам маҳаллий ҳукуматлар, ҳам халқаро ташкилотлар томонидан катта сармоялар ëтқизилишига олиб келади, деган умиддамиз. Қолаверса, хусусий фермерлар ҳам нархи кўтарилиб кетган гуруч ва буғдой каби маҳсулотларни кўпроқ экиб, кўпроқ ҳосил олишдан манфаатдорлигини сезмоқда ва бу ҳам яқин келажакда бозорда бу маҳсулотлар кўпайиб, нархлар барқарорлашувига олиб келиши мумкин”,- дейди Дидерик де Влишаувер.

Аммо хоразмлик фермер Отаназар ака Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти мутасаддисининг бундай оптимизмига бошқа мамлакатларда ўрин бордиру, фақат Ўзбекистонда эмас, деган фикрда.

“Бу чет эл фермерларида бўлиши мумкин, лекин Ўзбекистон фермерларида эркинлик йўқ. Ўзбекистонда фермерлар эркинлиги бор, дегани ëлғон гап. Ким менга имкон берса, мен ўзимни хоҳишим бўйича маккажўхори экардим, халққа манфаатли бўладиган шоли экардим, буғдой экардим. Лекин бунга имкон йўқ. Бунга имкон беришмайди. Устимиздан назорат катта. Режаларни мажбурий сингдириш ҳолатлари бор. Бизда ўз қўлингизни ҳеч қачон бўш қўймайди”,- дейди Отаназар ака.

Хўжайлилик фермер Қубай оға ҳам Ўзбекистонда ҳамма фермерга ҳам шоли етиштиришга рухсат берилмаслиги, бу сердаромад тармоқ ҳукуматдорлар монополиясига айланганини айтади.

“Бизда ҳозир: “Крутой фермер шоли экади, шоли экиб пахтани ўхшатиб бажаради, ахмоқ фермер пахта экади, жонини қийнаб ишлаб юраверади”, деган мақол пайдо бўлган. “Крутой фермер” манфаатдор шахсларнинг ака-укалари, оға-инилари, тоға-жиянлари деган гап. Шолидан қўлга нақд пул тушади-да”,- деди Қубай оға.

Ўзбекистон бозорларидаги бўшаб бораëтган эски шоли ҳосилининг нархи ошиб, сув танқис келган жорий йилда янги ҳосилнинг қандай бўлиши қоронғу бўлиб турган бир пайтда оддий ўзбекистонлик ошсеварлар имкон қадар гуруч ғамлаш пайида экани айтади дастуримизни бошлаб берган тошкентлик Ҳилола опа.

“Энди иложи борича 5-10 килограмм қилиб олиб қўяяпмиз. Буëғига об-ҳаво ҳам иссиқ. Сақлаш ҳам муаммо. Ортиқча олиб қўядиган даражада жамғармамиз ҳам йўқ”,- деди Ҳилола опа.
XS
SM
MD
LG