Линклар

Кўлобдаги отишма

  • Гулнора Равшан

Тожикистоннинг жанубидаги Кўлоб шаҳрида ички ишлар ходимлари ва йирик наркосавдогар Суҳроб Лангариев гуруҳи ўртасида бўлган отишмада, дастлабки маълумотларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлди.

Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлиги ходимлари мамлакатдаги ички низолар вақтида ҳукумат томонида турган “Халқ фронти” собиқ қўмондонларидан бири Лангари Лангариевнинг катта миқдордаги наркотик моддалар савдоси билан шуғулланишда айбланаётган укаси Суҳроб Лангариевни қўлга олишга уринган. Аммо таслим бўлишни истамаган С.Лангариев ва унинг уйида яширинган тахминан юзга яқин тарафдори вазирлик ходимларини ўққа тутган.

“ИИВнинг махсус гуруҳи С.Лангариевнинг Кўлобдаги уйини 27 майга ўтар кечаси қуршаб олди,- дейди воқеа гувоҳларидан бири бўлган аёл. – Бироқ С.Лангариев ва унинг афғонистонлик фуқаролардан иборат каттагина гуруҳи таслим бўлишни истамагач, эрталаб тахминан 7:30ларда икки ўртада отишма бошланди. Мен мактабга, аниқроғи имтиҳонга кетаётган эдим. Лангариевлар яқинлари ва қўшниларининг йиғи овози эшитилиб турар эди. Лангариевники ва унинг атрофдаги бир неча уй вайрон ҳам бўлган эди. Отишма шиддатли тус олгани сабабли унинг уйига ёндош жойлашган шаҳардаги 5–мактабда бугун имтиҳонлар тўхтатилди”.

Бошқа бир суҳбатдош Кўлобда аҳолининг уйларидан чиқиши тақиқланганини билдирди.

“Кўчадан келган овозаларга кўра, тасодифий ўққа учган бир аёл боласи билан ва яна бир неча талаба яраланган эмиш”,- деди суҳбатдош.

“Озоди” радиосининг Кўлоб шаҳридаги мухбири берган хабарларга кўра, эрталаб соат тахминан 10ларда икки ўртадаги отишма бир неча дақиқа тўхтатилиб, томонлар музокарага киришган, аммо натижасиз якунланган музокаралардан сўнг отишма давом этган. Икки ўртада кундуз соат 12 гача давом этган шиддатли отишмада тинч аҳолидан икки нафари қурбон бўлган.
Айни пайтда Душанбе-Кўлоб автомобиль йўлида қатновлар тўхтатилиб, Кўлоб шаҳрига кириш тақиқланган.

Норасмий маълумотларга кўра, С.Лангариев ва тарафдорлари билан отишма куннинг иккинчи ярмида ҳукумат кучлари ғалабаси билан якунланган.

Бироқ “Халқ фронти” собиқ аъзоларидан бирининг айтишича, кечга томон ҳам давом этган отишмада ҳукумат кучлари танкларни ишга солган.
XS
SM
MD
LG