Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:20

Ўзбек ва қозоқ милицияси янада тиғизроқ ҳамкорлик қилади


“UzReport” сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Заутбек Турисбеков билан учрашиб, икки давлат ички ишлар муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Қозоғистон ИИВ матбуот котиби Боғдат Хўжаҳмедов “Озодлик” билан суҳбатда бу учрашув тафсилотларига тўхталиб: “Қозоғистон ИИВ вакили Москва ва Бишкек шаҳарларида бор. Бу бизга уюшган жиноятчилик, чегараларимиздаги жиноятчилик, наркотрафик, ноқонуний миграция, террорчилик ва экстремизм кабиларга қарши кураш ва жиноятчиларни экстрадиция қилишда ёрдам беради. Энди Қозоғистон ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳам шундай битимга келиши кўзда тутилган. Мазкур келишувга биноан икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўзаро вакил алмашади”,- деди Боғдат Хўжаҳмедов.

Бироқ Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов сўнгги 5 йил давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уюшган жиноятчилик, террорчилик ва экстремизмга қарши кураш бўйича шундоқ ҳам кенг кўламда ҳамкорлик қилиб келгани, бунинг оқибатида Ўзбекистонда сиёсий ва диний мотивлар билан айбланган ва юртидаги таъқиблар туфайли қўшни давлатга қочишга муваффақ бўлган кўплаб шахслар ватанига кўпинча ноқонуний равишда қайтарилганини билдирди.

Унинг айтишича, икки мамлакат Ички ишлар вазирликлари ўртасида тиғиз ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида битим тузиш ортида ҳам ўша ўзаро ёрдамни янада мустаҳкамлаш нияти яширингандир.

“Ўзбекистонни тарк этган, диний оқимларга алоқадорликда айбланган одамларни қўлга олиб, ватанига қайтариш янада кўпаяди энди”,- деди С.Икромов.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина эса икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги бундай битим уларнинг шу пайтгача амалга оширган ноқонуний ҳаракатлари қонуний тус олишига ёрдам беришини таъкидлади.

“Масалан, бизникилар Ўзбекистон фуқароларини ватанига ички қонунларимиз ва халқаро меъёрларга зид равишда қайтарган бўлса, энди улар икки томонлама битимни рўкач қилади”,- деди Нинель Фокина.

Икки давлат Ички ишлар вазирликлари бундан буён ҳамкорликни янада кенгроқ йўлга қўйишга интилаётгани ҳақидаги хабарлар Қозоғистонда юрган ўзбек қочқинларини хавотирга солгани кузатилмоқда.

“Ўзбекистондан миллий хавфсизлик ёки милиция одами келиб ушлаб кетиш ҳолатлари кўп бўлган. Энди булар шуни қонунийлаштиряпти. Энди Ўзбекистон милицияси янада эркин юради, одамларни ушлаш кетиши янада осон бўлади, қочқинларга бўлган таҳдид, хавф-хатар ўн баробар кучаяди”,- деди ўзбек қочқинларидан бири.
XS
SM
MD
LG