Линклар

logo-print

Қарорлар чиқаверади, аҳвол эса ўша-ўша


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Тиббий хизматни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Янги ҳужжатга кўра, энди тиббий хизмат сифати ошиб, малакасиз мутахассислар фаолиятига чек қўйилади.

Лекин кузатувчилар фикрича, ҳукумат қарори тиббий хизматдаги мавжуд салбий ҳолатни ўзгартира олмайди ва аҳолининг камбағал қатлами сифатли тиббий хизматдан маҳрумлигича қолаверади.

Яқинда тошкентлик Дилфуза Давронова соғлиғи ёмонлашгани боис шифохонада даволанишига тўғри келди. У шифохонада кўплаб муаммоларга дуч келган.

“Биринчи шаҳар шифохонасида оғир аҳволда бордим. Қон босимим юқори эди. Бюджет жой йўқлиги, пуллик жой борлигини айтишди. Иккинчи гуруҳ ногирони эканим, бюджет жойга ётишни исташимни айтсам-да, улар ўз сўзида туриб олди. Кроватнинг ўзи ва овқатни қўшганда кунига 17 минг сўм тўлашим кераклигини айтишди. Аросат деган келин юзларида тошма аллергия бўлиб ëтди. 3 кун ëтгандан кейин кунига кроватга 17300 сўм пул тўлаш оғирлик қилиб, келинни онаси уйига олиб кетди”,- деди Д.Давронова.

Дилфуза Давронова тиббий хизматнинг сифатсизлигидан ҳам нолиди.
Ўзбекистон ҳукуматининг тиббиёт бўйича янги қарори натижасида тиббий хизматнинг сифати яхшиланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими Анвар ака ҳукумат қарори борасида гапириб: “Асосий ўзгариш - хусусий фирмалар ва юридик шахслар лицензия олади. Уларнинг лицензия олиши тартибга солинди. 5 йил давомида малака оширган, малака тоифасига ва иш стажига эга бўлган одамлар ўша тор мутахассислик доирасида лицензия олади. Тиббиëт муассасаси раҳбари, албатта, олий маълумотли тиббиëт ходими бўлиши шарти қўйилди”,- деди.

12 йилдан буён Андижонда хусусий шифохона очиб фаолият кўрсатаётган шифокор Абдуқодир Сатторов тиббий хизматни лицензиялаш такомиллаштирилишини қўллашини билдирди.

“Якка тартибда очганларнинг ҳаммаси олий маълумотли бўлиши керак. Масалан, лицензияли қилаëтган бўлса, анча тартибга тушади. Булар одам даволайди-ку. Олий маълумотли бўлмаса, одам даволаш қўлидан келмайди-ку. Олий маълумоти бўлса, одам бемалол даволанади”,- деди А.Сатторов.

Ўзбекистонда пуллик тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида айрим муаммолар мавжудлиги таъкидлаб келинади. Бу соҳада малакасиз ва билимсиз ходимлар ҳам кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Тиббий хизматни лицензиялашни такомиллаштириш орқали айни шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш режалаштирилмоқда.

Лекин тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдулла ҳукуматнинг янги қарори бу каби муаммоларни ечишга кўмаклаша олмаслигини айтади.

“Лицензиянинг ичидаги, яъни қоғоздаги гапни ўзгартирган билан тиббиëт яхши бўлиб қолмайди. Ўзбекистонда суғурта тиббиëти жорий қилинмас экан, ҳеч қачон камбағаллар учун жарлик бўлиб қолаëтган даволанишнинг оғир аҳволини ўнглай олмайди. Лицензия олишни минг марта такомиллаштирган билан у ҳеч қандай натижа бермайди. Камбағал ҳеч қачон даволана олмайди. Ҳозир ҳам чўнтагингни пулга тўлдириб борсанг даволанасан. Акс ҳолда битта одам ҳам сенга қайрилиб қарамайди. Ўлиб кетавериш ҳам ҳеч нарса эмас”,- деди С.Абдулла.

“Ўзметроном” сайти ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг тиббиёт бўйича янги қарори соҳадаги мавжуд вазиятни ўзгартира олмаслигини, келгусида ҳам соҳада коррупция гуллаб-яшнаши ва оддий аҳоли сифатли тиббий хизматдан маҳрумлигича қолавериши ҳақида ёзади.

Маълумотларга кўра, кейинги пайтда Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими, аҳоли орасида хавфли ва асоратли касалликлар сони ошиб боряпти.

Ўзбекистон расмийлари эса мамлакатда тиббиёт соҳаси аъло даражада экани, соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги кундаги аҳволи ривожланган мамлакатларникидан асло қолишмаслигини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG