Линклар

logo-print

Фарзандфуруш ўзбек устидан суд бошланди

  • Ҳасанжон

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида жорий йил февралида тўрт ойлик чақалоғини сотаётган пайтда қўлга олинган ўзбекистонлик Хадича Парпиева ва унинг синглиси устидан суд бошланди.

44 ёшли Хадича Парпиева фарзандини 20 минг рублга сотаётган пайтда Россия Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан қўлга олинганди. Х.Парпиева одам савдоси билан шуғулланганлик учун, синглиси Абдуллаева эса чақалоқни сотиб оладиган аёлни топгани учун жиноятга шерик сифатида ҳибсга олинган.

Асл касби ўқитувчи бўлган Хадича Парпиева ва синглиси Абдуллаева Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 127-моддаси биринчи бандининг иккинчи қисми бўйича айбланмоқда. Бу модда одам савдоси билан шуғулланганлик ҳамда вояга етмаган боладан эксплуатация мақсадида фойдаланганлик каби жиноятларни назарда тутади.

Екатеринбург шаҳрининг Железнодорожний тумани суди раиси ёрдамчиси Анастасия Беликова “Озодлик” билан суҳбатда туман судида бундай жиноят иши биринчи марта кўрилаётганини билдирди.

Қўлга олинганидан кейин телевидение мухбири билан суҳбатда Х.Парпиева қарзи борлигини, унинг синглиси эса қизчани текинга бермоқчи бўлганини йиғлаб айтган эди.

27 май куни бошланган суд мажлисига гувоҳлар келмагани сабабли суднинг навбатдаги йиғилиши 4 июнга белгиланди.

Агар суд Хадича Парпиевани тўрт ойлик қизчасини сотганликда айбдор топса, у 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG