Линклар

logo-print

Россия БМТ мутахассислари хулосасига қўшилмади

  • Ҳасанжон

Россия расмийлари Абхазия ҳаво ҳудудларида Грузиянинг разведкачи самолёти уриб туширилиши юзасидан БМТ мутахассислари эълон қилган хулосасига қўшилмаслигини маълум қилди.

Учувчисиз бошқариладиган самолётнинг ўтган ойда уриб туширилиши юзасидан мустақил текширув ўтказган БМТ мутахассислари бу воқеа учун Россиянинг жанговар самолёти масъул, деган хулосага келди.

Россияни Грузияга қарши тўғридан-тўғри агрессияда айблаган Грузия президенти Михаил Саакашвили БМТ хулосасини олқишлади.

Бироқ Грузия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган Россия элчиси Вячеслав Коваленко БМТ иддаосини кескин рад қилди.

“Мен Грузиядаги БМТ миссияси номидан текширув ўтказган мутахассислар юқори малакали эканига шубҳа қилмайман. Аммо бу мутахассислар фойдаланган маълумотлар жиддий шубҳа уйғотади”,– деди элчи.

Радар ёзувига асосланган БМТ хулосасида разведка самолёти уриб туширилгандан кейин жанговор самолёт Россия ҳаво кенглигига қайтгани билдирилган. Бироқ Россия томони хулоса Россия ихтиёрида бўлган маълумотларга мос келмаслигини билдирди.

БМТ хулосасидан сўнг Европа Иттифоқи Москва расмийларидан бунга изоҳ беришни талаб қилди. 26 май куни Брюсселдаги йиғинга тўпланган ЕИ ташқи ишлар вазирлари номидан бу талабни Словения ташқи ишлар вазири Дмитрий Рупел эълон қилди.

“Бу ҳисоботда, айниқса, Россия Федерацияси танқид қилинган. Ҳужжатда Грузия ҳам танқид қилинган. Мен бу ҳисобот бир томонлама эмас, демоқчиман. Менимча, воқеа учун масъул бўлганлар тушунтириш бериши керак”,– деди Словения ташқи ишлар вазири.

Грузия томони Россиядан 20 апрель куни Абхазияда содир бўлган воқеа учун расман узр сўрашни ва етказилган зарарни қоплаш учун товон пули тўланишини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG