Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:36

Қозоғистон ун экспортини тақиқлаши мумкин


Қозоғистон бош вазири Карим Масимов ҳукумат мажлисида мамлакатдан ун экспорт қилиш тақиқланиши мумкинлигини билдирди. Аммо Қозоғистон расмийлари ҳозирча бунга катта эҳтиёж йўқлигини таъкидламоқда.

Шундай бўлса-да, қозоқ уни экспорти тақиқланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар минтақадаги қўшни давлатларда ун ва нон нархларининг ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Қозоғистонлик иқтисодчи Қанат Беринтоев ҳукуматнинг дон ва ун экспортини тақиқлаш сиёсати нотўғри эканини таъкидлар экан, бу йўл ички бозордаги нархларни бир меъёрда ушлаб қолишда фақат зиён келтириши мумкинлигини айтади. У ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмолчига зиён келтирмасликнинг бошқа бир қанча самарали усуллари мавжудлигини билдирди.

“Биринчидан, яқиндагина нефтга бож тўлови жорий қилингани каби йўл тутиш мумкин, ўшанда ички баҳолар экспорт нархлари билан баравар бўлиб қолади. Бож тўлови унни мамлакат ичида сотишга қизиқиш уйғотадиган тарзда белгиланиши керак. Ёки стратегик моллар савдосига давлат монополияси жорий қилиш лозим, яъни халқаро бозорда бунақа маҳсулотни давлатнинг ўзи сотиши керак. Шунда ички ва ташқи нарх-наво муаммоси ҳал бўлиб, экспортга тўғридан-тўғри тақиқ қўйилмаган бўларди”,- деди Қанат Беринтоев.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев эса Қозоғистон ун экспортини тақиқлаши мумкинлигига ишонмайди.

“Ун экспортини тақиқлаш тўғрисидаги гапларни жиддий қабул қилиш керак эмас. Чунки Қозоғистоннинг ўзида чиқарилаётган буғдой ва ун маҳаллий эҳтиёждан ортиқча. Қозоғистон дунёда буғдой ва ун экспорти бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Демак, хулоса шуки, барибир Қозоғистон атрофдаги давлатларга ва дунё бозорига буғдой чиқаради, унни ҳам сотади. Бундан қишлоқ хўжалиги ва ғалла етиштирувчи корхоналарнинг катта фойда олиш имкониятлари мавжуд. Албатта, Қозоғистон бундай фойдадан ўзини четга олмайди”,- деди Комрон Алиев.

Бироқ, унинг айтишича, Қозоғистон ун экспортига тақиқ қўйса, бу ҳолат, аввало, қўшни давлатлар, хусусан, Ўзбекистон иқтисодига ҳам маълум даражада салбий таъсир этиши мумкин. Шунга қарамай, Ўзбекистонда қозоқ унига эҳтиёж катталиги сабабли бу эҳтиёж ноқонуний йўллар билан бўлса-да қопланади.

Кузатувчилар Қозоғистон ун экспортини тақиқлаб қўйса, бу Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган уннинг ҳам қимматлаб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Ўзбекистонлик суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, ҳали Қозоғистон ун экспортига тақиқ жорий қилмай туриб, Ўзбекистонда ун ва нон маҳсулотлари нархлари ошиб кетган.

Ўзбекистоннинг айрим оммавий ахборот воситалари ҳам шу кунларда Қозоғистондан ун келиши сезиларли даражада камайиб кетгани учун хусусий нонвойхоналар дўконларга чекланган миқдорда нон чиқараётгани ҳақида ёзмоқда.
XS
SM
MD
LG