Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:35

Ричард Баучер Тошкентга келади


http://www.press-service.uz/repository/images/23412/23413 АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Ричард Баучер минтақа давлатлари бўйлаб сафари доирасида яқин кунларда Тошкентга ҳам ташриф буюради.

Ричард Баучер Тошкентда президент Ислом Каримов қабулида бўлади ва мамлакат юқори мартабали расмийлари билан учрашади. АҚШ вакили инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фуқаролик жамиятининг оз сонли вакиллари билан сўзлашувларни ҳам четлаб ўтиш ниятида эмас.

Америкалик юқори мартабали дипломатнинг Тошкентга сафари президент Ислом Каримов Москва билан алоқаларни сусайтириб, Ғарб томон яна юзланган бир вазиятда амалга оширилмоқда. Шунинг учун Р.Баучернинг 2006 йил август ойида қилган аввалги ташрифидан фарқли ўлароқ, бу гал АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишига умид билдирилмоқда.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси вакили Кэрол Фахардо “Озодлик” билан суҳбати давомида бунинг учун асос йўқ эмаслигини таъкидлади.

“Умид қиламан, бу гапларда мутлақо жон бор. Бу сўзлашувлар кўплаб соҳаларда бир-биримизни яхшироқ тушунишимиз учун конкрет натижаларни олиб келишига умид қиламан. Ушбу ташриф қулай фурсатда амалга оширилаётгани рост бўлса, ажаб эмас. Агар бу ташриф АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқса, ҳаммамиз хурсанд бўламиз”, – деди элчихона вакили.

Россияда президент алмашинуви жараёни бошлангандан буён расмий Тошкент Россия билан маълум масофани ушлаб туриш ниятини намойиш эта бошлади.

Айрим маълумотларга кўра, ушбу масофа собиқ президент Владимир Путиннинг И.Каримовга ворис танлаш мавриди келгани ҳақида айтганидан сўнг пайдо бўлган. Шундан сўнг И.Каримов Андижон воқеалари борасида танқидни сусайтирган Европа давлатлари ва АҚШга қайта юзлангандай бўлиб: “Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида АҚШ ва Европа билан ҳам ўзаро манфаатли, ўзаро ҳурмат асосида ҳамкорлик алоқаларини олиб боришнинг доимий тарафдори ва бу йўлдан биз ҳеч қачон қайтмаймиз”,– деганди.

Кейинчалик И.Каримов ўз баёнотини аниқ қадамлар билан мустаҳкамлади. Аввалига Ўзбекистон НАТО кучларига ўз ҳарбий иншоотларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди. Альянснинг Бухарестдаги саммити давомида И.Каримов НАТО юкларини Афғонистонга олиб ўтиш учун ўз темир йўл тизимидан фойдаланишни таклиф қилди. Бу қадамлар альянсга аъзо давлатлар томонидан олқишлади.

Бу борада НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер Бухарест саммитида: “Биз Евроатлантика ҳамкорлиги доирасидаги алоқаларни қайта тикладик. Президент Каримов Евроатлантика ҳамкорлиги кенгаши зиёфати давомида сўзга чиқди. Каримовнинг таклифлари иттифоқчи давлатлар томонидан тўлиқ маъқулланди”,– деганди.

Ғарб билан яқинлашиш йўлида сиёсий соҳада қилинган қадамлар - айрим сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ва Халқаро қизил хоч қўмитасига қамоқхоналарни бориб кўришга рухсат берилгани, рамзий бўлишига қарамай, Ғарбда мамнуният билан қабул қилинди.

Давлат департаментининг бу борадаги баёнотини АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот вакили Молли Стивенсон эълон қилганди.

“АҚШ Давлат департаменти шу ҳафтада Халқаро қизил хоч қўмитаси Ўзбекистондаги маҳбусларни зиёрат қилишни қайта йўлга қўйганини олқишлайди. Биз яқинда Ўзбекистонда айрим сиёсий маҳбусларнинг озод этилганидан ҳам мамнун бўлдик. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига оид хавотирларни камайтириш учун қўшимча чора кўришга чақирамиз”,– дейилганди баёнотда.

Бошқа томондан Европа Иттифоқи ҳам Андижон воқеалари ортидан жорий этилган санкцияларни юмшатиб бормоқда. Бу эврилишларни кузатаётган расмий Тошкент эса Россия билан алоқаларни қайта кўриб чиқишга тушгандек. Россияликларга ваъда қилинган нефть ва газ конларини ўзлаштириш бўйича салмоқли шартномалар бошқа давлатларга берилди. Тошкентдаги буюк рус шоири Пушкин кўчасига эса “Истиқлол” номи берилди. Президент Дмитрий Медведев ва Ислом Каримов ўртасидаги муносабатлар ҳам муаллақ қолмоқда. Қозоғистон ва Хитойга сафар қилган Д.Медведевнинг йўл-йўлакай Тошкентда тўхтаб ўтмагани бу муносабатларда муаммолар борлигига ишора қилиши мумкин.

Ричард Баучер эса аксинча ўз сафари давомида Тошкентга кўпроқ эътибор бериши кутилмоқда. Тошкентда Каримов билан сўзлашувлари давомида Баучер бот-бот такрорлаётган гапларини яна айтса, ажаб эмас.

“Биз бу ерга ўйин қилиш учун келганимиз йўқ. Бу ерда бошқа кучлар билан рақобат қилишга ҳаракат қилаётганимиз ҳам йўқ. Ўзбекистон Россия, Хитой, Европа давлатлари билан алоқаларни давом эттиради, деб ўйлаймиз. Аммо биз Ўзбекистонга бу борада бошқа имкониятларни топишга ёрдам бера олишимиз мумкин. Ташқи сиёсатда давлат қанчалик кўп имкониятларга эга бўлса, шунчалик кўп мустақилликка ҳам эга бўлади”, – деганди Тошкентга аввалги ташрифида Вашингтон расмийси.

Президент Каримовнинг Ғарб билан янги муносабатлари қанчалик давомий бўлиши яна кўпчилик таҳлилчиларни шубҳалантирмоқда. Бироқ бу гал барча томонлар муносабатларни сақлаб қолиш учун етарли тажрибага эга бўлган кўринади.
XS
SM
MD
LG