Линклар

Юрий Чайка терговчиларини тартибга солмоқчига ўхшайди

  • Сарвар Усмон

Россия бош прокурори Юрий Чайка ўз идораси коллегиясида чиқиш қилиб, фуқароларни ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортган терговчилар уларга товон пулини ўз чўнтагидан тўлашини таклиф қилди.

Терговчиларнинг жавобгарликка тортилганларга нисбатан муомаласи, юмшоқроқ айтганда, холис бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас.

Таҳлилчилар фикрича, Россия бош прокурорининг айтганлари мамлакатда фуқароларни ғаразли мақсадларда жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари кенг тарқалганини билвосита тан олганидир.

Терговчининг босимию қийноғига чидамай қилмагани жиноятни бўйнига олиб, пешонам шу экан, деб қамоқда ётганлар қанча эканини Худо билади.

Бироқ ҳақини талаб қилиб ҳақиқат топганлар ҳам кўп эканки, Россия молия вазири Алексей Кудрин вазирлик биргина 2007 йилда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан зарар кўрганларга 120 миллион рубль товон пули тўлаб берганини маълум қилди.

Бош прокурор ўша пулни бундан буён давлат эмас, балки нопок ва нопрофессионал терговчилар ўз чўнтагидан тўласин, демоқда.

Пора ундириш ёки бошлиқларга билағон ходим бўлиб кўриниш ёки яна бошқа бир қатор ғаразли мақсадлар билан қонунни бузаётган терговчилар қурбонлари орасида Россияга тирикчилик учун келганлар, хусусан, ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил қилади.

Москвада истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев ҳуқуқлари ҳимояланмаган, терговчилар томонидан поймол қилиниши мумкин бўлганлар меҳнат мигрантлари эканини билдирди

Шу кунда Тверь шаҳрида тергови якунига етган бир жиноят иши Баҳром Ҳамроевнинг айтаётганларига далил бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубов уч ҳамюрти ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шу кунда Тверда юрибди.

2007 йилнинг 16 октябрь куни Россиянинг Тверь шаҳрида 3 та хоразмлик йигит жиноят содир этишда гумонланиб ушланган. Ўшандан бери уч йигитдан икки нафари қўйиб юборилган, бироқ учинчиси – Иброҳим Машарипов ҳамон ҳибсда, у зўравонликда айбланмоқда.

“Мана, орадан 8 ой ўтди. Унинг олдига қариндошларидан ҳеч кимни қўйишмаган”,- дейди Ҳ.Ёқубов.

Унинг айтишича, у Иброҳим Машариповнинг иши билан танишиб чиққан адвокат билан гаплашган. Адвокат айбланувчининг айбини исботлайдиган далиллар ишда йўқ эканини билдирган. Шунга қарамай, иш судга оширилган.

Ҳ.Ёқубов айбланаётган ҳамюртининг феъл-атвори, касб-кори, дўст-ёри, турмуш тарзини пухта ўрганиб, унинг жиноятчи эмаслигига тўла ишонганини айтар экан: “Бу ерга келиб мен Хоразм вилоятидан 11 киши турли туҳматлар, қинғир йўллар билан қамоқда ўтирганини билиб олдим”,- деди.

Россия бош прокурорининг 27 май кунги чиқишини шу кўринишларга қарши курашнинг бошланиши, деб тушунса бўладими?

Бу саволга россиялик таҳлилчилар ҳам ҳозирча дадил “Ҳа”, деб жавоб бера олмаяпти.

Россия молия вазири Алексей Кудриннинг журналистларга билдиришича, биргина 2007 йилда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари устидан арз қилган фуқаролардан 1200дан зиёдининг талаби судлар томонидан қондирилган ва уларга 120 миллион рубль товон пули тўлаб берилган.

Хўш, Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиб турадими?

“Йўқ, мен бу ҳақда яқин 10 йил ичида эшитмаганман ҳам, кўрмаганман ҳам. Агар шунақа бўлиб қолса, бизда ҳам адолат барқарор бўлар эди. Мен кимдир терговчи устидан арз қилиб пул ундирганини кўрмаганман. Лекин бу Ўзбекистон қонунчилигида қайд қилинган. Қонунда бор, лекин амалга ошганини кўрган ҳам эмасман, билмайман ҳам”,- дейди Ҳ.Ёқубов.
XS
SM
MD
LG