Линклар

logo-print

Тожикистонлик жиноятчиларга энди БАА ҳам торлик қилади

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ҳуқуқий ҳамкорлик, жумладан, жиноятчиларни тутиш ва экстрадиция қилишга оид шартнома тожик парламенти томонидан ратификация қилинди.

Тожикистон Бош прокуратураси вакиллари бу ҳужжатнинг ратификация қилиниши ўта оғир жиноятларда қўли бор ва мамлакат ташқарисида яшириниб юрган тожик фуқароларини ватанга қайтаришга ҳуқуқий асос яратишини айтмоқда.

Сўғд вилоятидаги Исфара спиртли ичимликлар корхонаси собиқ директори Низомхон Жўраев ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Тожикистон бош прокурори ўринбосари Толиб Бобоевни ўлдирганлик ва катта миқдордаги давлат мулкини талон-тарож қилишда айбланмоқда. Аммо у айни пайда БААда яшириниб юрибди.

Тожикистон бош прокурори ўринбосари Абдусами Дадабоев Н.Жўраев мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирилаётган ягона жиноятчи эмаслигини билдирди.

Унинг айтишича, мамлакатдаги барқарорликни издан чиқаришга уринган ва ўта хавфли жиноятчилар рўйхатидан ўрин олган, халқаро қидирувга берилган Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажонов, Мудофаа вазирлиги масъули Маҳмуд Худойбердиев, “Халқ фронти” собиқ раҳбари Хўжа Каримов кабилар ҳам БААда яшириниб юрган бўлиши мумкин. БАА ва Тожикистон ўртасида кучга кирган шартнома эса уларни қўлга олиш ва жавобгарликка тортишни осонлаштиришга имкон берувчи муҳим ҳужжатдир.

А.Дадабоев бу шартнома араб давлатларида тожикистонлик жувонларни жинсий қулликка сотган шахсларни экстрадиция қилиш имконини ҳам беришини билдирди.

“Маълумотларга кўра, бундай жиноятчиларнинг аксарияти БААдан бошпана топган. Энди шартномани асос қилиб, биз бу жиноятчиларни ватанга қайтаришга киришамиз”,- деди А.Дадабоев.

Айрим жамоат ташкилотлари ҳам Тожикистон ва БАА ўртасидаги шартномани ижобий баҳоламоқда.

“Модар” нодавлат ташкилоти раиси Гулчеҳра Мирзоева ўз ташкилоти жинсий қулликка сотилган қизлар тақдири билан шуғулланишини ва кўп ҳолларда бу жиноятда қўли бор шахслар жазосиз қолаётганидан ташвишда эканини билдирди.

“Жиноятчиларни тутиш ва экстрадиция қилишга доир ҳужжат тасдиқлангани ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ва биз каби жамоат ташкилотлари иши учун қулайликлар яратиб беради. Жиноятчиларнинг қонун доирасида жазоланиши эса яхши натижаларга олиб келади”,- деди Г.Мирзоева.
XS
SM
MD
LG