Линклар

Чехиядан ризқ излаган ўзбек муҳожирлари

  • Ҳурмат Бобожон

Чехиядаги ўзбек мардикорлари саҳардан шомга қадар қурилишларда оғир меҳнат билан шуғулланишади.

Чехиядаги ўзбек мардикорлари саҳардан шомга қадар қурилишларда оғир меҳнат билан шуғулланишади.

“Озодлик” радиосидаги “Муҳожир овози” эшиттириши қаҳрамонлари Чехиядаги ўзбек муҳожирлари. Ўзбек муҳожирларини Чехияда бугунги кунда деярли ҳар қадамда учратиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги Европанинг бу ўлкасига ризқ излаб келган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Праганинг қоқ марказидаги Вацлав майдонида жойлашган арзон телефон пункти ёнида учратиш мумкин. Улар ҳар куни уйга телефон қилиш учун мана шу жойга келади.

Андижонлик Илҳомнинг айтишича, бу ерда деярли ҳамма ўзбеклар қурилишда ишлайди. Улар орасида бир йил ишлагани ҳам, 4-5 йил ишлаганлари ҳам бор.

“Бу ер ким учундир маъқул, кимлардир алданиб қоляпти, кимдир қизиқиб келяпти”,- дейди Илҳом.

Вацлав майдонидаги арзон телефон пунктида Ўзбекистонга телефон қилиш учун махсус хона ҳам ажратилган. Деворга эса эълонлар ёзилган. “Иш керак бўлса, мана шу номерга телефон қил”, “Нос туфлаш мумкин эмас, жарима 1000 крон”, деган ёзувлар бор (16 чех крони бир доллар). Бир хонада эса кимдир ўзбекча киноларни сотиш билан кун кўради. Кимдир эса бу ерга сотгани саватда сомса ҳам олиб келибди.

Шу ерга келган ўзбекларнинг айтишича, улар, асосан, Чехиядаги қурилишларда ишлайди. Украинлар қурилиш фирмалари ва ўзбек ишчилари ўртасида даллоллик қилиб, уларни ишга жойлар экан.

“Ўртада улар шартнома қилади. Пул унинг ҳисоб рақамига тушади ва шундан олиб, ишчиларга ойлик беради. Фоизидан ўзи фойдаланади. Ўзбеклар учун эълон осганлар ҳам украинлар. Телефон қилсангиз, улар ҳаммасини тушунтириб беради. Уларга қўлингиздан нима иш келишини айтасиз. Шунга қараб фалон ишга неча пул тўланишини айтади”,- дейди суҳбатдошлардан бири.

Самарқандлик Аҳмаджоннинг Чехияга келганига беш йил бўлибди. Ҳар ҳолда у топиш-тутишдан нолимайди. Улар соатбай ишлайди ва соатига ўзбек пулида 5-6 минг сўм олади.

“Соатига ҳар ким ҳар хил беради. Бир-иккиталари ишлатиб пул бермай қўяди. Агар яхши, виждони бор чехга тушсангиз ва у сизга соатига 100 крондан берса, 10 соат ишласангиз яхши”,- дейди Аҳмаджон.

Ўзбекистонлик ишчилар билан суҳбатлашиб турганимизда улар кимнидир табриклай кетди. Андижонлик Одилбек исмли йигит яқинда фарзандли бўлган экан.

“Одилбекнинг келганига 4-5 ой бўлди. Масалан, мен уйланганман. Хотиним бор. Шу ерда хотиним билан яшаяпман. Ҳали чехига (чех хотинга демоқчи) етганимиз йўқ. Худо хоҳласа, ният бор”,- дейди Аҳмаджон.

Хоразмлик Улуғбек Чехиядаги танишлари орқали бу ерга келган.

“Танишларимиз бу ерда ишлайди. Улар ишлайдиган фирмасидан ишчи визаси жўнатди ва шу билан келдик”,- дейди Улуғбек.

Қачонгача бу ерда ишламоқчисизлар?

“Билмаганимизни ўрганиб Ўзбекистонда қиламизда энди. Ҳамма жойга “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат”, деб ëзиб қўйган-ку. Вақти келиб буюк бўлиб қолар. Секин-секин ривожланаëтган мамлакатмиз-ку. Балки 1 йил юрармиз, балки ярим йил”,- дейди суҳбатдошлар.

Чехияда қанча ўзбек муҳожири ишлаши ҳақида аниқ рақам йўқ. Норасмий манбаларга кўра, уларнинг сони 50 мингдан ортади. Халқаро миграция ташкилоти ҳам бу ҳақда аниқ рақамни келтира олмади.

“Ўзбек мигрантлари бу ерда кўп, дейишга иккиланган бўлар эдим. Андижон воқеаларидан кейин бу ерга қочқин бўлиб келган ўнлаб ўзбек қочқини ҳақида маълумотга эгаман, лекин ишлагани келганларнинг аниқ рақами менда йўқ”,- деди Халқаро миграция ташкилотининг Чехиядаги вакили.
XS
SM
MD
LG