Линклар

logo-print

Халқ сериаллар билан овуняпти


Айни кунларда Ўзбекистоннинг маҳаллий телеканаллари орқали ўнга яқин хориж сериали намойиш қилинмоқда. Кейинги йилларда аҳолининг ва кетма-кет намойиши йўлга қўйилган сериалларга қизиқиши оммавий равишда кучлилиги кузатилади.

Таҳлилчилар фикрича, ҳукумат айни шу йўл орқали одамларни ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини унутишга мажбур қилаётир.

Туркиянинг “Алия” фильми урганчлик 32 ёшли Шоҳсанамнинг энг севимли сериалларидан бири. Шоҳсанам “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканалларида берилаётган барча сериалларнинг бирор қисмини ҳам қолдирмасдан мунтазам томоша қилади.

“Ҳар куни 6 та сериал беради. Биринчи «Ëшлар» каналида соат 19.30да «Алия» сериали бошланади. Кейин «Аччиқ ëлғон», ундан сўнг Кореянинг «Жумонг», Американинг «Ҳаëт-мамот» сериали берилади. Унинг орқасидан эса ҳиндча сериал берилади»,- дейди Шоҳсанам.

Бугунги кунда ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Шоҳсанам сингари сериаллар ишқибози. Тошкент вақти билан кечқурунги соат 7дан тунги соат бирга қадар бўлган вақт давомида сериаллар кетма-кет намойиш қилинади. Сериаллар муҳокамаси эрталабки нонуштадан бошланиб, кўчада қўшнилару ишхонада ҳамкасблар суҳбатида давом эттирилади. Аксарият ҳолларда автобусу метрода учрашган танишларнинг суҳбати ҳам сериаллар муҳокамаси билан тугайди. Ҳатто меҳмондорчиликда ҳам энг қизиқарли ва оммабоп мавзу сериаллар бўлиши мумкин.

Бир танишим севимли сериали намойиш қилинаётган пайтда чироқ ўчиб қолгани учун машинада қўшни қишлоққа бориб, сериални кўриб қайтганини айтса, бошқа бир таниш аёл ишхонада узоқроқ ушланиб қолган пайтлари уйидагилар унинг учун сериалларни видеотасмага ёзиб олиши ҳақида гапиради.

“Сериалларни кўрмасам ҳаëтнинг қизиғи йўқ. Шу билан овунамиз. Соат 19.30 бўлиши билан кўчада ҳеч кимни топа олмайсиз. Ëшу қари сериал бошланиши билан телевизор олдига ўтириб олади. Сериаллар бўлмаслигини тасаввур қилиш қийин. Сериал одамларни ҳаëт қийинчилигидан озгина бўлса ҳам чалғитади. Сериаллар билан одамлар ташвишларини унутади. Масалан, ўзимда ҳам шунақа бўлган. Ҳаëтда қийналиб, ҳаëтдан тўйиб ўзимни ўлдираман, деб турган пайтимда энг яхши кўрган сериалимда эртага нима бўларкин, деб шуни кўриш учун тирик қолганман”,- дейди Шоҳсанам.

Тошкентлик Улуғбек Усмонов аҳолининг сериалларга қизиқиши бўйича ўз кузатишларини гапирар экан, сериалларнинг узлуксиз намойишини салбий баҳолайди.

Унинг фикрича ҳам иқтисодий ва ижтимоий муаммолардан чарчаган одамлар ўзларини овутиш учун сериал томоша қилишни маъқул топмоқда.

“Допингдай бўляпти-да. Одамлар бирпас шунақа фильмларни кўриб ҳаëт ташвишларидан сал четга чиққандай бўлади. Чунки ҳозир Ўзбекистон аҳолиси моддий жиҳатдан оғир аҳволда. Ҳаммаси тирикчилик билан банд. Мана шунақа филмлар ҳозир одамларни чалғитади”,- дейди У.Усмонов.

Кузатувчи Тўрабек Сано эса У.Усмонов фикрини ривожлантириб, бу ҳолат ҳукумат томонидан махсус ташкил қилинаётгани, сериалларга қизиқтириш натижасида одамларни зомби ҳолатига олиб келиш кўзланаётганини таъкидлади.

“Ҳозир тинимсиз равишда бир кунда 6 та сериал берилиши маккорлик билан бошқариб келаëтган режимнинг навбатдаги сиëсатларидан биридир. Халқ барча қайғусини, барча муаммосини унутиб, телевизор олдига михланиб қолади. Халқни бу билан ўз муаммоларини унутишга мажбур қилмоқда. Яъни халқнинг зомбига, манқуртга айланиб қолишига йўл очиб беряпти. Бундан амалдаги ҳукумат катта фойда кўради”,- деди Тўрабек Сано.

Бугун иқтисодий етишмовчилик боис қуруқ нон билан ёвғон шўрва ичишга мажбур бўлаётган аксарият ўзбеклар ўз тақдиридан кўра, сериал қахрамонининг оч қолганига куюнади ёки фарзандлари мактабда ўқиш ўрнига далада ишлашга жалб қилинаётган ўзбек онахонлари ўз боласига эмас, қайсидир сериалдаги қаҳрамоннинг қора меҳнат қилишига қайғуради.
XS
SM
MD
LG