Линклар

logo-print

Владимир Путин Францияга сафар қилди

  • Сарвар Усмон

Баъзи таҳлилчилар Россия бош вазири сифатидаги биринчи хорижий сафари учун В.Путиннинг Францияни танлагани бу мамлакат Европа Иттифоқининг келгуси йилдаги раиси бўлиши билан изоҳламоқда.

Россия президенти матбуот хизмати Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, В.Путиннинг илк хорижий сафар учун Францияни танлагани бу давлатнинг жорий йил охирида ЕИ раислигини қабул қилиб олиши билан изоҳланади.

Шу ўринда Ғарб йўналишини нима учун президент Дмитрий Медведев эмас, бош вазир танлади, умуман Россиянинг ташқи сиёсатини бундан буён ким белгилайди, деган савол туғилади.

Франциянинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи Сильвиан Гиог фикрича, масалани бундай қўйиш ўринсиз, зеро В.Путиннинг Франция сафари ўтган йили режалаштириб қўйилган эди.

“2007 йилнинг октябрида Москвага қилган сафари чоғида президент Николя Саркози Владимир Путинга президентлик ваколатлари муддати тугагач¸ Францияга сафар қилишни таклиф этган эди. Демак, бу ташриф Саркозининг ўтган йилги таклифига жавобдир”,- деди С.Гиог.

Лекин россиялик таҳлилчилар фикрича, В.Путиннинг айнан Францияга сафари унинг илкида фавқулодда ваколатлар сақланиб қолгани белгисидир.

“Ички сиёсатни ҳам, ташқи сиёсатни ҳам собиқ президент белгиламоқда. Путин ўзини мамлакатнинг реал лидери сифатида тутмоқда. Сайловгачаёқ Медведевнинг стажёр президент бўлажаги, ҳар ҳолда бир неча ой, ҳатто бир неча йил шундоқ бўлажагини кўпчилик тушуниб етганди”,- дейди сиёсатшунос Дмитрий Орешкин,

Таҳлилчилар сафар режасида президент Н.Саркозининг В.Путинга Елисей саройида чой бериши назарда тутилганига эътибор қаратмоқдаки, бу ҳолат ҳам Путинни чет элда бош вазирдан кўра мартабалироқ билиб муомала қилаётганлари белгисидир.

“Йўқ, бу ошиғич илтифот эмас,- дейди Франция элчихонаси вакили Сильвиан Гиог. - Саркози билан Путин бир-бирини яхши билади. Улар ўтган йили икки президент сифатида учрашган. Ораларида муҳокама қилиб оладиганлари муҳим муаммолар бор”.

Сафар кун тартибида, хабарларга қараганда, энергия масалалари ҳамда Россия – Европа Иттифоқи ҳамкорлиги тўғрисидаги туя гўшти еб қолган шартнома масаласи бор.
XS
SM
MD
LG