Линклар

logo-print

Ўзбек қочқини юртига экстрадиция қилинмайди


Россия Федерацияси Олий суди Тула вилояти судининг ўзбекистонлик Дилшод Қурбоновни экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш ва уни ҳибсдан озод этиш ҳақида қарор қабул қилди.

37 ёшли Дилшод Қурбонов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан террорчилик, диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланган.

Дилшод Қурбонов бир йилдан буён Тула вилояти ҳуқуқ-тартибот идораси ҳибсхонасида экстрадиция хавфи остида сақланаётганди.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябининанинг “Озодлик”ка билдиришича, Олий суд қарорига қарамай, ҳозирча Д.Қурбонов ҳибсдан озод этилгани йўқ. Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўғирланиши хавфи бўлгани учун уни адвокат иштирокида озодликка чиқариш режалаштирилган.

Д.Қурбонов 2003 йилда Ўзбекистонни тарк этган ва Россиядаги бозорлардан бирида савдогарлик билан шуғулланаётган эди. У ўтган йилнинг 30 май куни Тула вилоятининг Узловая шаҳрида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган.

Тула вилояти суди уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқаргач, “Фуқаровий кўмак” ташкилоти бу қарорни халқаро конвенцияларга зид ҳисоблаб, Страсбургдаги Европа судига шикоят қилганди.

Елена Рябининанинг айтишича, улар зудлик билан Европа судига мурожаат қилиб, Д.Қурбоновни Ўзбекистонда қийноқлар кутаётгани боис, экстрадицияни тўхтатишни сўраган. 22 апрель куни Европа судидан бу борада ижобий жавоб олинган. Бу Россия Олий судининг ижобий қарорига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Яқинда Европа инсон ҳуқуқлари суди Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб, Россиянинг Иваново шаҳрида 2005 йил 18 июнда қўлга олинган 13 кишига оқлов ҳукми чиқарган.

Европа суди ҳукмига кўра, Россия “Иваново ўзбеклари”, яъни ўзбекистонлик 12 ва қирғизистонлик бир фуқарони экстрадиция қилиши мумкин эмас. Боз устига, Россия ҳукумати етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун уларнинг ҳар бирига 28 минг 228 доллардан, жами 366 минг 964 доллар товон тўлаши керак.

Айрим кузатувчилар айни ҳолатлар Россия Олий судининг Дилшод Қурбоновга нисбатан ижобий қарор қабул қилишига сабабчи бўлиши мумкинлигини таъкидласа, баъзи таҳлилчилар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашаётгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG