Линклар

logo-print

Носнинг зарари сигаретникидан қолишмайди


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов нос ишлаб чиқаришни, сотиш ва чекишни ҳамда мамлакатга олиб киришни тақиқловчи фармонга имзо чекди.

Бир одамни кўрсанг гизли қочарсан,
Бурнингдан дам келмас, оғзинг очарсан.
Кайфинг келса ўғил-қиздан кечарсан.
Ҳайрон бўлар ова – қўшни, эй носкаш.

Бир пайтлари Маҳтумқули носкашларга қарата шу каби шеърий сатрлар битганди.

Бугунги кунда носкашларни кўриб ҳеч ким ҳайрон ҳам бўлмайди. Ўзбекистонда нос чекувчилар кўпчиликни ташкил қилади. 45 ёшли Ўктам ака 8-синфда ўқиётган пайти нос чекишни бошлаган. Бугун у ўзини ҳақиқий носкашлардан бири санайди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида турли хил нос тайёрланади ва ҳар бир носкашнинг чекканда ҳузурланадиган ўзига хос нос турлари мавжуд.

«Нос уч хил бўлади. Фарғона водийси ва Тошкент тумалоқ нос чекади. Қолган ҳамма вилоятлар тупроқ нос чекади. Нос таркибига ким оҳакни кўп қўшса, ўша нос ўткир бўлади. Одамлар бизда ўткир носни яхши дейишади. Қашқадарёда нос кул ва тамакининг қандайдир туридан тайёрланади. Бу тамаки айнан нос тайёрлашга мўлжалланган. Кейин уларга озгина оҳак ва ёғ ҳам қўшишади»,- дейди тажрибали носкашлардан бири.

Носни асосан эркаклар чекади. Лекин Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларда ёши улуғ нуроний онахонлар ҳам нос чекиши кузатилади.

Айримлар нос чекишини ошкор айтишдан уялади. Ҳақиқий носкашлар эса нос чекишнинг ҳея қандай уяли жойи йўқ, деб ҳисоблайди. Улардан фарқли ўлароқ, Абдуғаффор ака нос чекишни қоралайди.

«Мен 18 йил бокс билан шуғулланганман. Умримда сигарет ҳам чекмаганман. Спиртли ичимликларни умуман ичмайман. Носни кўрганман-ку, лекин чекмаганман. Нос организмга турган-битгани зарар-ку»,- дейди Абдуғаффор ака.

Ўзбекистонлик онкологларнинг билдиришича, оғиз бўшлиғи ва томоқ ракининг саксон фоизи узоқ вақт давомида нос чекишдан келиб чиқади. Бундан ташқари, нос чекиш оқибатида тишлар емирилади, оғиз бўшлиғи сўлак қопламаси ва ошқозон-ичак тизими бузилади, ошқозон яраси пайдо бўлади, гепатитга йўлиқади. Носнинг зарари ҳам сигаретникидан қолишмайди.

Туркманистонда нос чекиш тақиқланганини эшитган суҳбатдошлар бу қарор билан нос чекишни йўқотиш мумкин эмаслигини билдирди.

Маҳтумқули ёзади

Кўзунгни ëшлатиб меҳринг қондирар,
Келса хумор имонингни ëндирар.
Таом есанг товоғингни тўлдирар
Мурдор бўлар ичган ошинг, эй носкаш.
XS
SM
MD
LG