Линклар

logo-print

Мен нега ташладим Ўзбекистонни?

  • Сарвар Усмон

Шоирнинг сатри шу тарзда ўзгартирилса, “Озодлик” радиосига 29 май куни ўзи телефон қилиб, ҳасратларини тўкиб солган андижонлик аёлнинг айтганларига сарлавҳа бўлади.

Исмини айтмаслигимизни сўраган бу аёл Ғарб давлатларидан бири берган сиёсий бошпанада яшаётганини, бу мамлакатга у қочқинларни оила аъзолари билан бирлаштириш дастури доирасида етиб келганини айтди.

Келганига бир неча ой бўлган аёлнинг айтишича, турмуш ўртоғи Андижон воқеалари оқибатида қочқинга айланган, аввал Қирғизистон, сўнгра Руминия ва охир-оқибат ҳозир яшаб тургани мамлакатга келиб қолган.

Эри қочқинга айланганидан сўнг ўзига нисбатан маъмурлар ўтказган тазйиқлар ҳақида гапириб берди аёл.

“Эрим Қирғизистонга қочиб ўтган дастлабки кунларда бизга участка нозирини боғлаб қўйди. Оила аъзоларимизнинг паспортидан нусхалар олиб, дело очишди. Биз мунтазам равишда тушунтириш хати ëзиб бериб турардик. Қочқин яқинларимиз уйга телефон қилаётган-қилмаётганини сўрашарди. Мен телефон қилгани йўқ, деб айтардим. “Бизнинг ҳеч қандай алоқамиз бўлмаса, нимага буëққа чақиряпсизлар”, деб сўрардим мен. Улар қочқинлар қачон қайтиб келса, бизни тинч қўйишларини айтарди”,- дейди аёл.

Кузда лой, қишда қор кечиб...

“Терговга чақирарди. Бир марта қишда терговга чақирганда, буни ҳеч ҳам унута олмайман, ўзимнинг соғлиғим ҳам яхши эмас, жуда ҳам кеч бўлиб қолган эди. Бу томонга юрсам ҳам қор, бу томонга юрсам ҳам қор. Ўшанда менга жуда қийин бўлган. Терговдан қайтишда қорда юра олмадим. Ëнимда пулим йўқ эди. Кўчада битта одам кўриб мени уйимга олиб келиб қўйган эди. Йиғлаб уйимдан пул олиб бердим. Шундай қийин кунлар бошимиздан ўтди”.

Қора кўйлак.

“Менинг онам вафот этган эди. Шунинг учун мен қора кўйлак кийган эдим. Бир куни милициялар йўлимни тўсишди. Менга: “Бир минутга идорага киринг”, дейишди. Ичкарида нега қора кийим кийиб олганимни сўрашди. Мен онам вафот этганини айтдим”.

Озодлик: “Мен аëл кишиман. Қора кияманми, оқ кияманми, нима ишинглар бор. Сизларга берибир эмасми? Бу ҳақда сўрашга нима ҳаққинглар бор”, демадингизми?

Аёл: Мен азадорман, деб айтдим уларга. Нега мени бунақа тергов қиляпсиз, десам: “Сизнинг қанақа инсон эканингиз юзингизда акс этиб турибди”, деди менга.

Озодлик: Қанақа инсон экансиз?

Аёл: Уларнинг назарида мен қора кўйлак кийганим учун ëмон одам эканман. Аслида айб кўйлагимда эмас, айб эримнинг қочқин эканида эди. Ўша воқеадан сўнг Андижондан чиқиб кетмасам, эримнинг олдига кетмасам бўлмас экан, деган фикрга келдим.

Озодлик: Мана, сиз чиқмоқчи бўлдингиз. Сизни назорат қилиб турган милициялар бехабар қолдими ë билдими?

Аёл: Агар улар билишганда аллақачон мени қайтарган бўлар эди. Мен халқаро ташкилотга ўзим чиқиб ëрдам сўрадим. Улар менга ëрдам берди.

Озодлик: Сиз яшаëтган мамлакатда қочқинларнинг кейин бориб қолган қариндошлари кўпми?

Аёл: Жуда кўп. Ҳамма жойда бор.

Аёлнинг айтганларини шарҳлаб беришини сўраб қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари уюшмаси вакиласи, асли ўзбекистонлик Надежда Отаевага мурожаат қилдик.

Унинг айтишича, андижонлик қочқинлар ортидан ватанни ташлаб чиқаётган яқинлари тобора кўпайиб бормоқда.

“Мендаги маълумотларга қараганда, камида 6 оила Швецияга, бир неча оила АҚШга, бир оила Чехияга кўчириб олиб келинган, Лекин бу тўлиқ маълумотлар эмас”,- деди Надежда Отаева.

У қочқинларни ватанда қолиб кетган оила аъзолари билан бирлаштириш халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан БМТ 1951 йилда қабул қилган “Қочқинлар мақоми тўғрисида”ги конвенция асосида амалга оширилишини эслатиб ўтди.
XS
SM
MD
LG