Линклар

Ўзбекнинг космонавти билан суҳбат

  • Сарвар Усмон

http://epizodsspace.testpilot.ru/bibl/nk/1998/3/21.jpg “Ўзбек дунёси” эшиттиришининг бу галги меҳмонлари ўзбек-қирғиз-рус космонавти Солижон Шарипов ва унинг отаси Шокиржон ота.

Солижон Шарипов, космонавт учувчи, Россия қаҳрамони. 1964 йилнинг 24 августида Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Ўзган шаҳрида ўзбек оиласида туғилган. 1987 йили авиация билим юртини тугатганидан сўнг мураббий учувчи бўлиб ишлаган. Турли русумдаги самолётларда ҳаммаси бўлиб 950 соат парвоз қилган. 1990 йили совет космонавтлари отрядига қабул қилинган. “Союз ТМ” космик кемаси ва “Мир” орбитал станциясида парвоз учун экипаж командири сифатида тайёргарликдан ўтган. 1994 йили Москва давлат университети картография мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1998 йилнинг 23 январидан 31 январигача “Эндевор” кемасида космосга парвоз қилган. Парвоз 8 сутка 19 соат 46 минут 54 секунд давом этган. Кўрсатган жасорати учун Россия ва Қирғизистоннинг олий мукофотлари билан тақдирланган.
Сўнгги йилларда “Союз ТМ-29” ва “Союз ТМ-30” космик кемаларининг захирадаги экипажлари командири бўлди. Уйланган, бир ўғли ва бир қизи бор.

Тўғриси, “Ўзбек дунёси” эшиттиришини бошлаганимиздан космонавт Солижонни меҳмонга таклиф қилиш, у кишининг суҳбатини олишни орзу қилиб юрардик.

Бас, эшиттиришимиздан мурод ўзбекнинг дунёсини ўрганиш экан, умуман Еримизга ва хусусан, миллатимизга космосдан туриб назар солган ягона ўзбекнинг фикрларини эшитиш ва уқишга нима етсин.

Ниҳоят ниятимизга етдик. “Озодлик” мухбири кўп уринишлардан сўнг Солижоннинг бўш вақтини топди. Ўзбек дунёсини қизиқтирган саволларни космонавтга берди.

Солижон ака, ўзбекдан чиққан ягона космонавтсиз, ўзингизнинг беназир эканингиздан фахрлансангиз керак, деб сўради қитмир мухбиримиз.

Солижон космос кўрган одам эмасми, мухбирнинг одобдан холироқлигига парво қилмади ва деди:

“Мен ўзимни бошқаларга нисбатан яхшироқ ëки ëмонроқ, деб ўйламайман. Ëшликдан фазога учишга ният қилган эканман. Оғир меҳнат билан етишдим, Худога шукур. Ҳозир яна ишлаяпман ва учишга тайëргарлик кўряпмиз. Мен ҳозир космонавтлар отряди командири ўринбосари бўлиб ишлаяпман”.

Оддий йигитман, оғир меҳнат билан етишдим муваффақиятларимга, деган асосий икки фикрни уқдик.

Шу ўринда космонавтнинг отасига ҳам қулоқ тутамиз. Чунки у киши ҳам ўғли билан “Ўзбек дунёси”нинг азиз меҳмони.

Ёши 80га кирган ўзганлик бу отахоннинг таржимаи ҳолини тўлалигича камида 5 минут ўқиш мумкин эди. Лекин шартми? Шокиржон ота 80 йил давомида бошқа бирон бир иш қилмаганида ҳам биргина космонавт етиштириб бергани миллат учун қилган хизмати, жасорати бўлмайдими?

Гап космонавт Солижоннинг оддий йигит экани, муваффақиятларига оғир меҳнат билан етишгани тўғрисида эди.

“Энди Солижон кичкиналигидан ҳаракатчан бола эди. 6-7-8 ëшларида бувиси билан бирга кир ювар эди. Юриб-юриб келажакда мен унақа бўламан, мен бунақа бўламан, деб кичкиналигида гапириб юрарди”,- дейди Шокиржон ака.

Ҳар ҳолда ўшанда Космонавтлар шаҳарчаси – Звездний городокда яшайман, деб орзу қилганми-йўқми Солижон – буни Шокиржон ота эслолмайди.

Лекин бугунга келиб Солижон бу гапни орзу сифатида эмас, воқелик эътирофи сифатида айта олади.

Харита чизиш илмини Москва давлат университетида Солижон анча кеч, космонавтлар отрядига қабул қилинганидан кейин ўрганди. Лекин шунга қарамай, у Москвадан минглаб километр узоқдаги қадимий Ўзгандан йўлга чиқиб Звездний городокни харитасиз ҳам топиб бора олди.

Бу йўл Ўзгандаги оддийгина қишлоқ мактабидан бошланди.

“Бу ерда ўқиди. Шунда ҳам аъло баҳо билан ўқиб келган. Ўқитувчилари ҳамиша ҳурмат қилиб совғалар бериб турар эди. Кейин мен уни ўқишга жўнатишга ҳаракат қилиб, Андижонга бухгалтерияга жўнатдим. Бориб қайтиб келди”,- эслайди Шокиржон ака.

Кўп минг кишилик бухгалтерлар армияси сафида битта ўзганлик бухгалтер учун ажратилган жой бўш қолганидан миллат хафа бўлмаётгандир?

“Келиб: “Мен у ерда ўқимайман. Мен Россияда ўқийман”, деб туриб олди. Айнан армия вақти эди. Уни армияга олишди”,- деди Шокиржон ака.

Ҳарбий хизмат ҳам тугади. Ўқиш бошланди.

“Узоқ Шарқда ҳарбий билим юрти бор экан. Ўша ерга ариза берибди. Шу ерда ўқиб юриб анча келиб юрди. Кейин: “Мен Москвага ўқишга кетяпман. Харьковга бораман”, деб кетди. Шу билан ўқишни давом эттириб юрди”,- дейди Шокиржон ака.

Хуллас, Космонавтлар шаҳарчаси – Звездний городокка олиб борадиган йўл Ўзгандан бошланади. Андижонга бирров кириб, қайтиб чиқилади. Чунки Андижонда қуруқ бухгалтерия, қуруқ ҳисоб-китоб. Андижонда оний манфаатлар, оний фойда-зарарлар ҳисоб китоби.

Шунинг учун Андижондан қайтилади, армияга кетилади, ундан Узоқ Шарққа, сўнгра Харьковга, кейин Бишкекка ва ана ундан кейин Звездний городокка.

Албатта, бу Солижоннинг йўнатилиши.

“Космонавт бўламан, деган ўзбекнинг бошқа боласи бошқа йўналиш танласин”,- деди Шокиржон ака.

Солижон Шарипов бу йил 44га киради. Ўзгандан, миллий муҳитдан чиқиб кетганига 26 йил бўлди. Лекин вужудига болалигидан сингдирилгани учун миллий руҳ на уни, на оиласини тарк этган.

“Бизнинг уйимизда ўзбек овқати ҳар доим бор. Биз кўпинча ўзимиз ëқтирган шўрва, палов, мастава, манти, лағмонни ҳеч қачон эсдан чиқармаймиз. Уйда ҳар доим пишириб еймиз”,– дейди Шокиржон ака.

Солижоннинг туғилиб ўсган юрти – Қирғизистонда қадри баланд. Республика миқёсидаги барча катта-кичик тадбирларга мамлакат раҳбарияти чақириб туради. Имкони борича Солижон ҳам етиб боради. Қирғизистоннинг ҳам қадри Солижон учун баланд. Космосга у мамлакат рамзларини олиб чиққан. Лекин айни пайтда у ўзбек ҳамдир.

“Ўзбек бўлганимдан кейин ўзбеклигимга тортади, ўзбек маданияти тортади. Қонимизда борда. Шунинг учун Россияда яшасам ҳам қалбим ҳар доим она юртимда. Мусиқа ҳақида гапирсак, уйда катта коллекциям бор. Оғайниларим ҳар доим келганда 4-5 та диск кўтариб келади. Фазога учганда ўзимизнинг кўп миллий қўшиқларни олиб чиқдим. У ëқда мазза қилиб эшитдим. Уйда ҳам бўш вақт бўлганда эшитиб тураман. Шерали Жўраев ва бошқа миллий мусиқаларимизни ҳар доим эшитиб тураман”,- деди космонавт.

Таниқли рус актёри Иннокентий Смоктуновский қариб қолганида берган интервьюларидан бирида туғилиб ўсган юртига 50 йилдан бери бормагани тўғрисида ҳеч уялмай айтган, бу гапни эшитиб каминанинг дили оғриб қолган эди.

Космонавт Солижон учун коинотдаги энг катта сайёра ўзи туғилиб ўсган Ўзгани.

“Ҳар йили бир марта таътил олиб, Ўзганга бориб, ота-онамни, ошна-оғайниларни кўриб келаман”- дейди Солижон.

Шокижон ота эса ўғли уйга келса ҳам ҳамма ишларга киришиб кетишини айтади.

Космонавт Солижон билан ўзбекнинг дунёси тўғрисида ҳам гаплашдик. Ўзбек тирикчилик ташвиши билан бўлиб, тараққиётнинг умумий оқимидан бироз четга чиқиб қолаётганга ўхшамайдими, деб сўрадик.

“Бу жуда катта масала фақат ўзбеклар эмас, ҳозир орқада қолаëтган. миллатлар чеккада турибди. Биз биринчи ўринда ëшларга эътибор қаратишимиз керак. Мактабда ëшларга яхшироқ маълумотлар, билимлар бериб ўқитсак, кейин юқорига чиқишимиз мумкинда. Янги илмлар биздан узоқда эмас. Дейлик, радио, телефон ëки телевизорни кундалик ҳаëтда ишлатамиз. Менимча, биз ҳозир ëшларни қаттиқроқ тарбия қилмаяпмиз. Ëшларга алоҳида эътибор ҳамма ëқ ўзгаради”,- деди Солижон.

Илғор миллатлар сафидан жой олиш учун ўзбек фарзанди тарбияси устида кўпроқ ўйлаши лозимлигини айтади меҳмон.

“Алоҳида битта одамни айтиш қийин. Биринчи, Улуғбек. У ўзбек бўлган. Юлдузларга қараб, обсерватория қуриб ўша пайтда бизнинг миллатни кўтарган. Мен уни ўзимга энг азиз одам деб, ўйлайман”,- деди Солижон.
XS
SM
MD
LG