Линклар

logo-print

Собиқ лидерни озод этиш чақириқлари жавобсиз қолмоқда

  • Гулнора Равшан

Бундан уч йил муқаддам 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганига қарамай, ҳамон вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилган Ёқуб Салимовнинг ўғли Абубакр мамлакат президентига оммавий ахборот воситалари орқали мурожаат этиб, отасининг озод этилишини сўради.

Абубакр Салимовнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, Тожикистонда конституциявий тузум ва барқарорлик ўрнатишда отасининг хизматлари улкан. Буни нафақат оддий халқ, балки рақиблар ҳам яхши билади.

“Шунинг учун президент отамнинг хизматларини назарга олиб, уни озод этишини сўрайман. Сўнгги тўрт йил давомида отам билан икки гал фақат 20 дақиқа учрашиб суҳбатлаша олдим. Чунки изолятордаги вазият, отамнинг аҳволи, унинг саломатлиги чидаб бўлмас даражадалиги у билан узоқ вақт ўтириш имконини бермайди”,- деди яқинда хорижда ўқиб қайтган Абубакр.

Ёқуб Салимовнинг акаси Аминжон Салимов эса 8 ойдан буён укаси билан учраштирилмаётгани, президент ва ҳукуматга ёзилган хатларнинг бирортасига жавоб бўлмаганини билдирди.

“Укам Ёқубнинг Тожикистонда тинчлик барқарорлиги учун қилган хизматлари бугун батамом унутилгани бизни эзади”,- деди Аминжон Салимов.

Тожикистондаги ички низолар чоғида жонбозликлар кўрсатган собиқ ички ишлар вазири Ёқуб Салимовга расмий ҳукуматга қарши бош кўтариш айби қўйилиб, 2005 йилда 15 йиллик қамоқ жазоси берилган эди. Бироқ ҳукм ўқилганига 3 йилдан ошган бўлса-да, қонунларга мувофиқ равишда у қамоқхонага ўтказилмай, ҳамон вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилибди.

Ўтган давр мобайнида Салимовлар оиласи ҳукумат идоралари ва давлат раҳбарига бир неча бор очиқ хат билан мурожаат этиб, Ёқуб Салимовни умумий тартибдаги қамоқхонага ўтказиш ёки соғлиғи ёмонлашганини назарга олган ҳолда озод этишни сўраган эди ва сўрашда давом этмоқда.

Тожик лидерларидан бирининг ўғли ўз отасининг озод этилишини сўраб турган бир пайтда куни-кеча собиқ тожик етакчиларидан яна бири, тинчлик йўлида қурбон бўлган Лангари Лангариевнинг уйи ва яқинлари ҳукумат кучлари томонидан аёвсиз ўққа тутилди.

Орадан 15 йил ўтиб давлат раҳбари ўзига содиқ қўмондонлардан бирининг уйига юзлаб аскарларни сафарбар қилгани тожик жамиятида ва мамлакат ташқарисида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Тожикистонликлар бундан ўн беш йил илгари ҳукуматнинг мухолиф кучлар устидан ғалабасини олқишлаган эса-да, аммо бугунга келиб чучварани хом санаганларини ва улар кутган омон-омон замонлар асло келмаслигини, ўзларини қийнаётган муаммолари амалдаги ҳукуматни қизиқтирмаслигини тушуниб етган кўринади. Шунинг учун бўлса керак, бугунги иқтисодий ва ижтимоий оғир вазиятда оддий тожикистонликларнинг аксарияти кўпроқ қамоқхоналарда сақланаётган ўша собиқ лидерларни ёдга олади.

Аминжон Ёқубовнинг билдиришича, ҳукумат учун хизмат қилган собиқ лидерларнинг оила аъзоларига бугун эътибор йўқ.

“Вақтида Тожикистонда тинчлик ўрнатилиши йўлида жонини фидо қилган собиқ лидерларнинг оила аъзолари бугун қашшоқликда кун кечирмоқда. Ҳукумат тепасига келган гуруҳ эса уларга оддий имтиёз беришни ҳам ўйламайди. Масалан, энг машҳур лидерлар Файзалиев, Мажидов, Сафаров ва Лангариев, қолаверса, укам Ёқубнинг бола-чақаси бугун жуда аянчли ҳаёт кечирмоқда. Улардан айримларининг аёллари бозор ортидан кун кечирмоқда”,- деди Аминжон Ёқубов.

Эслатиш жоизки, 90-йиллар сўнггида Тожикистонда конституциявий тузум барқарорлигида хизмати сингган Ёқуб Салимовни Имомали Раҳмон ўз қаноти остига олиб, ички ишлар вазири лавозимини топширган эди.

1997 йилнинг 30 апрелида Сўғд вилоятида Имомали Раҳмонга суиқасд уюштирилганида ўз танасини қалқон қилган Ёқуб Салимовни президент ўз ўғли сифатида тан олганини ва унинг хизматлари асло унутилмаслигини ваъда қилган эди. Бироқ Имомали Раҳмон одатдагидек ўз ваъдасига вафо қилмади, деймоқда мустақил таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG