Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:02

Хоразм ва Қорақалпоғистонда сув тақчиллиги кучайяпти


Хоразм ва қорақалпоғистонлик фермерлар сув муаммоси сабабли бошларини қаерга уришни билмаса, оддий аҳоли ҳатто томорқа ва боғларни ҳам суғоришга сув йўқлигидан нолимоқда.

Урганч туманидаги “Шарифбой” фермер хўжалиги раҳбари Отаназар Оллаберганов бу йил 9 гектар майдонга пахта эккан. Айни пайтдаги сув етишмовчилиги Отаназар фермерни қаттиқ ташвишга солмоқда.

“Сув масаласи жуда оғир. Заҳкашлардан сув олиб турган эдик, ҳозир у ҳам йўқ. Бу йил ҳосил қанақа бўлишини Худо билади”,- дейди О.Оллаберганов.

Қорақалпоғистоннинг “Боға Раҳмон” фермер хўжалиги раҳбари Қубай Ортиқов ҳам сув тақчиллигидан хавотирда.

“Сув йўқ. Дарëда жуда кам. Бу йил деҳқонларга анча оғир бўлса керак. Нафақат деҳқонларга, балки бутун халққа қийин бўлади. Қиш пайти суғориб қолинган ерларга одамлар эплаб экяпти. Энди пахтани суғориш қанақа бўлади, буниси номаълум. Сувнинг аҳволи чатоқроқ”,- деди фермер.

Бу йил Хоразм ва Қорақалпоғистонда сув тақчиллиги тахмин қилинмоқда. Бор сув ҳам ғўза суғорилишига сарфланиши кутиляпти. Амударё сув ҳавзалари бирлашмаси мутахассиси Олег Лиценко “Озодлик”ка берган интервьюсида сув тақчиллигини тан олди. Лекин у куни-кеча Хоразмдаги ариқ ва каналларга сув берилганини айтди.

“Сув келди. Ҳозир Хоразмга сув очилди, Тошҳовузга сув очилди. Яна 10 кун сув бўлади. Кейин сув оз-моз камаяди. Кейин яна сув келади”,- деди Олег Лученко.

Оролбўйи аҳолиси 2001-2002 йилдаги қурғоқчилик такрорланишидан хавотирда. Лекин Олег Лиценко сув билан боғлиқ бу йилги вазият аср бошидаги қурғоқчилик йилларидан анча яхши эканини билдирди.

Таҳлилчилар Ўзбекистон амалда тартибга солинмаган сув муаммолари важидан боши берк кўчага кириб қолганини айтмоқда.

Сув-энергетика соҳаси бўйича халқаро эксперт Бозорбой Мамбетов фикрича, минтақадаги қурғоқчилик Ўзбекистоннинг сув борасидаги ҳамкорликни узоқ йиллар рад қилиб келгани билан боғлиқ.

“Ўзбекистон ҳар йили Қирғизистондан суғориш мавсумида қўшимча сув берилишини талаб қилиб келди. Бу талаблар бажарилиши оқибатида захирага сув тўплаш имконияти қўлдан бой берилди. Ўзбекистон Қирғизистоннинг бу борадаги таклифларини мунтазам инобатга олмай келган. Ўзбекистон ва Қозоғистон олинадиган сув учун Қирғизистонга ҳақ тўлаши зарур. Ана шундагина икки давлат сувдан унумли фойдаланиш ва захира сақлашдан манфаатдор бўлади. Текинга берилаётган сувнинг эса қадри йўқ”,- деди Бозорбой Мамбетов.

Қирғизистон расмийлари бу йил Ўзбекистон ва Қозоғистонга одатдагидан анча кам сув берилишини билдирган.

“Кеча Бишкекда комиссия йиғилиши бўлди. Йиғилишда лимитни 10 фоиз камайтириш қарори қабул қилинди. Сув лимитини камайтириш зарур, чунки ҳозир сув кам”,- деди Б.Мамбетов.

Ўзбекистонга сув кам берилишидан, асосан, мамлакатнинг энг чекка ҳудудлари ҳисобланган Хоразм ва Қорақалпоғистон аҳолиси азият чекади.

Сув тақчиллиги етмагандек, Амударё сувининг сифати ҳудуддаги сув артерияларини Марказий Осиёнинг чиқинди сувлари оқизиладиган ҳавзасига айлантириб қўйганлиги ҳақида ёзади «Фарғона.ру» ахборот агентлиги.

Агентлик маълумотига кўра, Амударё суви ўғит, пестицид, фенол, нефть маҳсулотлари қолдиқлари билан ўта тўйинган. Оролбўйи деҳқонлари шу сув билан экинларни суғоради, бошқа сув йўқ.

Амударё сув ҳавзалари бирлашмаси мутахассиси Олег Лиценко сув билан боғлиқ вазиятда ваҳимага асос йўқлигини таъкидлади.

«Амударë оддий дарë эмас. 5-6 йилда сув камайиши бўлиб туради. Шунинг учун ваҳима қилиш керак эмас. Келган сувдан яхшилаб фойдаланиш керак. Ортиқча ваҳима, гап-сўз қилишнинг умуман кераги йўқ. Ҳа, сув кам бўлиши кутиляпти. Қирғизлар бермайди, тожиклар бермайди, деган гаплар ортиқча. Тўғрисини айтганда, Хоразм сувсиз қолмайди. Бу йилги сув тақчиллиги Хоразм воҳаси учун у қадар қўрқинчли эмас. Лекин Қорақалпоғистон ва Туркманистонда сув муаммоси кучли бўлиши мумкин»,- деди О.Луценко.

Сув билан боғлиқ муаммо Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилади. Яқинда ўзбек-қирғиз чегарасида Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги бир гуруҳ аҳоли сув етишмаслиги боис Қирғизистонга ноқонуний ўтиб, ўз экин майдонлари учун сув очмоқчи бўлганида қирғиз чегарачилари билан ўртада жанжал келиб чиққанди.
XS
SM
MD
LG